Президентни ҳақоратлаганлар жазоланиши сўз эркинлигини чеклашми? Бекмуродов муносабат билдирди

Жамият 7923
image

Ўзбекистон Республикаси Президентини интернетда ҳақорат қилган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланиши ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда муҳокамалар марказида бўлиб келмоқда.

Кимдур буни сўз эркинлигининг чекланиши деб талқин қилса, яна кимдур ушбу қарорни маъқуллаяпти. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов ушбу ҳолат юзасидан муносабатини билдирди.

“Шу кунларда, Президентни телекоммуникация ва интернет тармоқларида ҳақоратлаш учун жиноий жавобгарлик белгиланганлиги фаол муҳокама қилинмоқда. Ҳаттоки, қонунга ушбу ўзгартишнинг киритилиши сўз эркинлигига таҳдид сифатида талқин қилиш каби манипулятив ҳаракатлар ҳам бўлаётганлигини кўряпмиз.

Биринчидан, Конституциямизга кўра, нафақат Президент ёки бирор давлат хизматчиси, балки ҳар бир инсоннинг ҳаёти, шаъни ва қадр қиммати олий қадрият ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, мансабидан қатъий назар, ҳар бир инсонни ҳақорат қилганлик ва унга туҳмат қилганлик учун маъмурий жавобгарлик ўрнатилган, оғирлаштирувчи ҳолатларда ушбу ҳаракатларни содир этганлик учун эса жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

Иккинчидан, Президентни ҳақоратлаш ва унга туҳмат қилганлик учун жиноий жавобгарлик аввал ҳам бор эди. Янги қонун билан, замон талабига кўра, фақат “телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда” деган ибора қўшимча қилинган холос.

Учинчидан, биз президентлик республикасимиз ва Президент институтининг нуфузи давлат ва халқнинг нуфузи билан бевосита боғлиқ. Конституцияга кўра, Президент — Ўзбекистон халқи номидан иш олиб борадиган институт ҳисобланишини, Президентнинг шахси дахлсиз эканлигини ҳам унутмаслик лозим. Яъни Президент конституциявий мақомга эга”, дейди “Юксалиш” етакчиси давлат раҳбарини ҳақоратлаганлик учун жавобгарлик белгиланиши янгилик эмаслигини таъкидлаб.

Бекмуродов сўзида давом этиб, халқаро амалиёт ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб, Президентни ҳақорат қилган шахсларга Европанинг бир қатор давлатларида қандай чоралар кўрилиши ҳақида маълумот берган.

Унга кўра, қуйидаги мамлакатларда давлат раҳбарини ҳақорат қилганлик учун жавобгарлик белгиланган:

•  Польшада Президентни омма олдида ҳақорат қилиш 4 йилгача қамоқ жазоси;

•  Германияда Президентни омма олдида ҳақорат қилганлик учун 3 ойдан 5 йилгача қамоқ жазоси ва штрафлар;

•  Канадада давлат раҳбарига туҳмат қилиш ёки шундай мазмундаги постлар учун 14 йилгача қамоқ жазоси;

•  Нидерландияда монарх, унинг рафиқаси ва ворисини ҳақорат қилиш 5 йилгача қамоқ жазоси;

•  Туркияда Президентни ҳақорат қилиш 1 йилдан 4 йилгача қамоқ жазоси белгиланган ва жаҳон мамлакатлари тажрибасида бу нормал амалиёт ҳисобланади.

Аввалроқ, Жиноят кодексига ўзгартириш киритилгани, унга кўра, Ўзбекистон Президентини телекоммуникация тармоқлари ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда  ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши ҳақида хабар берган эдик.

Рўзимурод Бердиев

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 144
Рейтинг: 2.9
t
×