Президентлик сайловларидаги илк теледебат тизимли ташкил этилган – Анваржон Миркомилов

Бизнес

image

Куни кеча қатор телерадиоканалларда Президент сайлов кампанияси доирасидаги илк телевизион дебат намойиш этилди. Мазкур дебатни сайловчи сифатида “Ўзбекистон” телеканали орқали томоша қилдим.

Албатта, Президент сайловларида илк маротаба ташкил этилган теледебатда турли техник ёки бошқа камчиликлар бўлиши мумкин. Бугунги кунда қатор давлатларда теледебатлар сайлов жараёнларининг ажралмас қисми бўлиб улгурган. АҚШда илк теледебатлар 1960 йилда, Россия Федерациясида 1995 йилда ташкил қилинганлиги маълум.

Теледебатда мени жалб қилган жиҳатлардан бири унинг тузилиши жиҳатидан тизимли ташкил этилганлигидир. Дебат 3 қисмдан иборат ҳолда ташкил этилди.

Биринчидан, спикерлар номзодларининг сайловолди дастурлари билан таништириб, унда илгари сурилган ташаббус, ғоя, таклифлар ёритиб берилди.

Иккинчидан, халқимиз, кенг жамоатчилик томонидан шакллантирилган саволларга спикерлар томонидан жавоб берилди.

Учинчидан, спикерлар сайловчиларга ўзларининг мурожаатларини йўллади.

Умуман, теледебат тизимли ҳолда белгиланган регламентга асосланиб тартибли ташкил этилганлини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

Теледебат жараёнида Ўзбекистон Экологик партияси номзодининг вакили Шерзод Эгамбердиевич Мустафоқулов Ўзбекистон Экологик партияси ва унинг лидери Президент сайловларида илк маротаба иштирок этаётганига тўхталди. 

“Партия лидери ушбу сиёсий майдонда катта қадамлар, шаҳдам одимлар ва ўзига ишонч билан кириб келмоқда. Экологик партия “яшил иқтисодиёт” ва “яшил тараққиётни” жадаллаштириш тарафдори. Мамлакатимиз ва минтақадаги экологик вазиятнинг бузилиши нафақат мамлакатимиз балки глобал миқёсда ҳам салбий оқибатларга олиб келади. Буни Орол фожиаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Маълумки, минтақамизда бир йилда ўртача 2 млн 200 минг тонна заҳарли газлар атмосферага тарқалади. “Яшил молиялаштириш”, тармоқ ва ҳудудларни яшил иқтисодиётга ўтиш индекси тарғиб қилинаётганлиги”, дея қайд этди Мустафоқулов.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси номзодининг вакили Шарбат Зулфиқоровна Абдуллаева “партия мустақиллигимизнинг илк йилларида ташкил топган партия бўлсада, Президент сайловларида илк маротаба аёл номзод билан иштирок этаётганини таъкидлади.

“2030 йилга бориб аҳолининг энг камбағал қатламларини камбағалликдан чиқариш, иқтисодиётда давлатнинг бошқарувчанлик ролини ошириш, шунингдек, ривожланган молиявий механизмларни қўллаган ҳолда аҳолини табақаланиш жараёнларини қўлга олиш лозим деган фикрдамиз. Шунингдек, ёлланма ишчилар ва тадбиркорлар билан бўладиган иқтисодий муносабатларда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш лозим. Давлатнинг халқ олдида кафолатли бўлишини таъминлаши зарур”, эканлигини таъкидлади ХДП номзодининг вакили.

Мунозара жараёнида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзодининг вакили Адҳам Илҳомович Икромов шундай деди:

“Шавкат Миромонович билан 11 йил ҳамкорликда ишлаган пайтларда уларнинг юқори даражада раҳбарлик, талабчанлик, шу билан бирга юксак ғамхўрлик ва инсонийлик фазилатларидан лол қолар эдим. Президентимиз биринчи кундан бошлаб халқ билан тадбиркорлар билан очиқ диалогни йўлга қўйди. Эркин фикрлаш ва эркин муҳит пайдо бўлди”, дея тўхталиб ўтди.

Шунингдек, у “Келгуси 5 йилда яна 30 млрд. киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётганлиги, келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6 баробар ошириш вазифаси жой олганлигини ҳам маълум қилди. 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад 4 минг доллардан оширилади ва “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киришимизга шубҳа йўқлигини қайд этди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси номзодининг вакили Аъзамжон Қурбонович Тўлабоев сўзга чиқар экан “Миллий қадриятлар, анъаналар ва тарихимиздан келиб чиқиб ўзимизга хос ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўлини таклиф этаётганини урғулади. 

“Сайловолди дастурида тўртта муҳим иқтисодий ислоҳотлар илгари сурилмоқда. Биринчидан, иқтисодиётда давлат улуши ва аралашувини қисқартириш мақсадида 5 йиллик дастур қабул қилинади. Иккинчидан, 2026 йилгача солиқ ва капитал амнистияси жорий этиш таклиф қилинади. Учинчидан, коммунал соҳани давлат тасарруфидан чиқариш. Тўртинчидан, барча имтиёз ва преферциялар қонун билан қабул қилиниши тарафдоримиз”, дея фикр билдирди.

Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси номзодининг вакили  Фазлиддин Темирович Зиёев коррупцияга қарши курашиш бўйича ягона орган тузилишини таъкидлади. 

“Ички ишлар, прокуратура органлари ва давлат хавфсизлик хизмати идораларида мавжуд бўлган коррупцияга қарши курашувчи, бир-бирини такрорловчи тизимларни тугатамиз. “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш ташаббускори бўламиз”, дея тўхталиб ўтди.

Сайлов жараёнининг ажралмас қисми бўлган теледебатлар сиёсий фанлар, тарих, социология, журналистика каби ихтисосликларнинг тадқиқот объекти ҳам саналади. Хориж давлатларида мазкур мавзуга оид тезислар, илмий мақолалар, адабиётлар ёзилган ҳамда диссертациялар ҳимоя қилинган. Куни кеча тамал тоши қўйилган Президентлик сайловларидаги илк теледебат келажакда мамлакатимиздаги қатор фанларнинг айниқса, сиёсий фанларнинг тадқиқот объекти бўлишига ишончим комил.

“Тараққиёт стратегияси” маркази бош мутахассиси 
Анваржон Миркомилов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

15

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг