Президентга тақдимоти ўтказилган бинонинг пойдевори қийшиқлиги 6 ой ўтиб маълум бўлдими?
Жамият
−
10 Апрель 2021
15525Хабарингиз бор, жорий йилнинг 8 апрель куни пойтахт Тошкент марказидаги кўп йиллик тарихга эга бўлган “Наврўз” қабуллар уйи бузиб ташланди. Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ушбу бинонинг бузилишига бино пойдеворининг йиллар давомида 27 см қийшайганини сабаб қилиб кўрсатмоқда.
“Мамлакатимиз ҳудуди сейсмик фаол зоналарда жойлашганлиги сабабли сейсмик хавфнинг олдини олиш, аҳоли ва ҳудудларни сейсмик хавфсизлигини ҳамда бино, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини таъминлаш катта аҳамият касб этади.
Бино ва иншоотларнинг мавжудлик даври мобайнида инновацион технологияларни қўллаш орқали:
• Хавфсизлигини, конструктив мустаҳкамлиги, барқарорлиги ва ишончлилиги;
• сейсмик хавфсизлиги ва мустаҳкамлиги;
• фойдаланиш даврида ёнғин хавфсизлиги;
• саломатлик ва атроф-муҳит муҳофазасини;
• имкониятлари чекланган шахсларнинг фойдаланиши мумкинлигини;
• энергия тежамкорлигини оширишни таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Тошкент шаҳрининг қиёфасини замонавий, илғор шаҳарсозлик ва архитектура талабларига ҳамда дунёнинг ривожланган давлатлари стандартларига мос бўлган янги инновацион технология ва ечимлар, шунингдек, шаҳарсозлик ютуқларини қўллаш орқали кўп турдаги бинолар қурилмоқда ва реконструкция қилинмоқда. Жумладан, "Наврўз" комплексини ҳам замонавий шаҳарсозлик ва архитектура талаблари асосида реконструкция қилиш мақсадида батафсил техник кўрикдан ўтказилган.
"Наврўз" комплекси 1980 йилларда ўша даврнинг техник регламентлари, шаҳарсозлик талаблари ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ қурилган.
Техник кўрик натижаларига кўра:
• бино пойдевори остига узоқ йиллар давомида намлик ўтганлиги сабабли 27 смга қийшайган;
• асосий юк кўтарувчи конструкцияларнинг мавжуд ҳолати уларда катта ҳажмдаги кучайтириш ишларини амалга оширишни тақазо қилади;
• ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва энергия тежамкорлигини ошириш чораларини кўриш талаб қилинади.
Қайд этилган тадбирларни амалга ошириш ҳисоб-китобларга кўра катта маблағларни талаб қилмоқда ва иқтисодий нуқтаи назардан мақсадга мувофиқ эмаслиги кўринди.
Шу сабабли:
• аҳоли хавфсизлиги;
• конструктив мустаҳкамлиги ва барқарорлиги;
• сейсмик хавфсизлиги ва мустаҳкамлиги;
• ёнғин хавфсизлиги;
• саломатлик ва атроф-муҳит муҳофазасини;
• имкониятлари чекланган шахсларнинг фойдаланиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда "Наврўз" комплекси ўрнида барча техник ва замонавий қурилиш талабларига жавоб берадиган янги иншоот, яъни кутубхона барпо этилиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилинди. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки охирги йилларда "Наврўз" мажмуаси техник жиҳатдан талабга жавоб бермаганлиги инобатга олиниб, фаолияти тўхтатилган эди”, дейилади хабарда.
Шу ўринда бир савол туғилади: агар ҳақиқатан ҳам ушбу бинонинг пойдевори 27 см қийшайган бўлса, нега буни 6 ой олдин пайқашмади. Ахир 2020 йилнинг 19 ноябрь куни “Наврўз” қабуллар уйи реконструкция қилиниб, бу ерда Давлат иштирокидаги корхоналарни соғломлаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштириш марказига айлантирилиши айтилганди. Яна кимга? Президентга!
Президентга тақдимотда, ушбу мажмуа капитал таъмирланиб, Давлат иштирокидаги корхоналарни соғломлаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштириш маркази ташкил этиш режалаштирилгани, бу ерда тадбиркорларга маълумотлар очиқ ва шаффоф тарзда тақдим этилиши айтилганди. Аммо бино бузилиши ҳақида миқ этилмаганди.
Яна бир савол: бино бузиб ташланар экан, нега унда унинг ташқи қиёфасида фақат таъмирланган ҳолатда тақдимотдан ўтказилганди? Нега ўрнида янги бино қурилиши айтилмаганди? Саволлар кўп, аммо жавоб беришга келганда...
Маълумот ўрнида, бугунгача “Наврўз” қабуллар уйидан давлат миқёсидаги йирик тантанали маросимларни ўтказишда фойдаланиб келинган. Қабуллар уйи, шунингдек, тўй маросимлари учун ҳам хизмат кўрсатган.
LiveБарчаси