Президент Жаҳон банки делегацияси билан учрашди

Жамият 1795
image

Бугун, 18 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган Жаҳон банки президентининг ўринбосари Анна Бьерде бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Жаҳон банки гуруҳи ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш, мамлакатда ва умуман минтақада барқарор тараққиётни таъминлаш мақсадида амалий ҳамкорлик даражасини оширишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда Шавкат Мирзиёев Анна Бьердени Жаҳон банки президентининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича ўринбосари лавозимига тайинлангани билан самимий табриклаб, унга катта муваффақиятлар тилади.

Кейинги йилларда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги юксак даражаси катта мамнуният билан қайд этилди.

Банкнинг ҳар томонлама кўмаги билан мамлакатда бозор ислоҳотлари ва ижтимоий янгиланишлар дастурини амалга ошириш давом этаётгани таъкидланди.

Жаҳон банки гуруҳининг тузилмалари иштирокидаги лойиҳаларни илгари суриш бўйича аниқ чора-тадбирлар мажмуи белгиланган "йўл харитаси" амалга оширилмоқда. "Мамлакат платформаси" тизими жорий этилган.

Лойиҳаларнинг умумий портфели 7 миллиард долларга етмоқда. Ҳозирги дастур таълим, соғлиқни сақлаш, энергетика, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, транспорт каби устувор соҳалар ва бошқа кўплаб йўналишларни қамраб олган умумий қиймати 4,1 миллиард долларлик 23 та лойиҳани ўз ичига олган.

Жаҳон банки пандемия оқибатларини енгиб ўтиш мақсадида биринчилардан бўлиб ёрдам кўрсатди. Биргина ўтган йилда 1,6 миллиард долларлик янги лойиҳалар маъқулланди.

Бундан ташқари, Банк экспертлари маслаҳат-техник кўмак кўрсатмоқда, давлат корхоналарини трансформация қилиш, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини модернизация қилиш, электр энергетикасининг барча бўғинларини ислоҳ қилишда иштирок этмоқда. Муқобил энергия манбаларини жорий қилиш борасида сезиларли муваффақиятларга эришилди.

Делегация ташрифи давомида сув таъминоти тизимини яхшилаш ва инновациялар соҳасидаги миллий сиёсатни қўллаб-қувватлаш бўйича қиймати қарийб 300 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида битимлар имзоланди.

Учрашувда Ўзбекистоннинг Жаҳон банки билан янги беш йиллик Шериклик дастурини пухта тайёрлаш ва қабул қилиш тўғрисида келишиб олинди.

Жаҳон банки президенти ўринбосари Анна Бьерде банк мамлакатимиздаги иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни юксак баҳолаши ва уларни амалга оширишда зарур кўмак кўрсатишда давом этишини таъкидлади.

"Ўзбекистон тарихан қисқа даврда жуда катта ишларни амалга оширди. Ислоҳотлар мамлакатнинг ҳам ички, ҳам ташқи қиёфасини фундаментал равишда ўзгартириб юборди. Шу туфайли мамлакатингиз хорижий инвестрлар учун жозибадор", деди етакчи халқаро молиявий институт раҳбари.

Ўзбекистон Президенти томонидан Жаҳон банки билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича таклиф этилган янги кун тартиби тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Хусусан, кун тартибидан қуйидаги шериклик йўналишлари ўрин олган:

  • мамлакатда камбағалликни, энг аввало қишлоқ жойларда тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларнинг ишбилармонлик ташаббусларини илгари суриш орқали қисқартиришга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш;
  • сезиларли натижаларга эришиш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини тубдан ошириш мақсадида олий таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги янгиланишлар самарадорлигини ошириш;
  • республика ҳудудларини жадал индустриаллаштириш дастурини амалга ошириш ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш лойиҳасини давом эттириш;
  • тараққиётнинг инновацион моделига ўтиш, "яшил иқтисодиёт"ни жорий қилиш;
  • ер муносабатлари соҳасидаги ислоҳотларни давом эттириш;
  • коррупцияга қарши курашиш ва давлатнинг ривожланиш институтлари салоҳиятини ошириш;
  • йирик минтақавий инфратузилма лойиҳаларини биргаликда илгари суриш.

Учрашув якунида ҳамкорликнинг юксак суръатларини давом эттириш, Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги стратегик шерикликка доир устувор дастур ва лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида доимий мулоқотлар ва самарали алмашинувларни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 12
Рейтинг: 2.9
t
×