Президент Усмон Қуръонини безавол сақлаш масаласига эътибор қаратди

Жамият

image

Бугун, 25 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази қурилиши билан танишди. 

Шавкат Мирзиёев ўтган йили июнда Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази қурилишига рамзий тамал тоши қўйган эди. Ўтган вақт давомида бу ерда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Иншоот ертўласи ва деворлари қурилди, айни пайтда том қисми конструкциялари монтаж қилинмоқда.

Қарийб 10 гектарни эгаллаган муассаса илмий-маърифий марказ бўлади. Бино ертўласида музей омбори, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни реставрация қилиш хоналари бўлади. Биринчи қаватда кутубхона, анжуманлар зали, аждодларнинг илм-фан ривожига қўшган улкан ҳиссаси ва меъморлик анъаналарига бағишланган кўргазма заллари жойлашади. Марказий фойега Усмон Қуръони қўйилади. Иккинчи қаватдан ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар ва бошқа хоналар ўрин олади.

Давлат раҳбари қурилиш жараёнини кўздан кечирди, бинонинг ички ва ташқи кўриниши, гумбаз ранглари юзасидан ўз тавсияларини берди.

“Бу марказ орқали илм, маърифат, маданият ривожига миллатимиз қўшган ҳиссани муҳрлаб қўймоқчимиз, бу улуғ меросни халқимизга, ёшларимизга етказмоқчимиз. Ислом цивилизацияси маркази шу йўналишдаги илмий муассасалар учун фундаментал база бўлиши лозим. Ўзбекистон халқаро ислом академиясидаги ўқув ишлари бу марказ билан ҳамоҳанг бўлиши, талабалар юқори курсларни шу ерда ўқиб, ўқитувчилар малака ошириши керак”, деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Усмон Қуръонини безавол сақлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Давлат раҳбари уни талабга мос ҳарорат ва ёруғлик даражасини таъминлаган ҳолда сақлаш, зиёратчилар учун қулай шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

33

Рейтинг

3.5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made