Президент Сирдарё ва Тошкент вилоятлари мутасаддиларидан изоҳ талаб қилди
Жамият
−
14 Ноябрь 2019
8273Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва ипакчилик тармоқларини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.
Шавкат Мирзиёев йиғилишда бўш ерларда такрорий экин экишдан келадиган фойдани ва қанча бўш ерлар борлигини аниқ мисоллар билан келтирди. Шунингдек, бўш турган ерлари бўйича мамлакатда етакчилик қилаётган вилоятлар ҳокимларига савол билан мурожаат қилди.
“Ҳудудларимиз салоҳиятидан тўғри фойдаланиб, қаерга нима экиш, қайси чорва турини етиштириш, қўшилган қиймат занжирини яратиш орқали бозорларимизда гўшт, сут ва тухум маҳсулотларини кўпайтириш, нархлар барқарорлигини таъминлаш ва даромадни ошириш бўйича, афсуски, самарали тизим мавжуд, деб айта олмаймиз”, дейди йиғилиш аввалида Шавкат Мирзиёев.
Мамлакатда чорва озуқасига бўлган талаб 120 миллион тоннани ташкил этади, аммо ўтган йилда атиги 47 миллион тонна озуқа ишлаб чиқарилиб, эҳтиёж 40 фоизга қондирилган.
Бутун дунёда чорвани озиқлантиришда асосан силос ва омухта ем ишлатилади. Янгийўл туманида такрорий экин сифатида маккажўхорининг интенсив навидан гектарига 50-60 тонна силос олинганда унинг 1 килограмми таннархи бор-йўғи 150 сўмни ташкил этган. Ваҳоланки, 1 кг шелуханинг бозордаги нархи 2 минг сўмдан ошади. Яъни, шрот-шелухага нисбатан 10 баравар арзон озуқани бемалол чорвадорларнинг ўзи етиштирса бўлади.
Чорва учун озуқа навли буғдойдан гектарига 100 центнергача ҳосил олиш мумкин. Бироқ, жойларда озуқа-емга бўлган дефицитни қоплаш чораларини кўриш ўрнига озуқабоп экин ерларидан самарасиз ва мақсадсиз фойдаланиш ҳоллари танқид қилинди.
“Сирдарёда 16 минг гектар, Тошкент вилоятида 8,5 минг гектар экин майдони ғалладан кейин бўш турганини қандай изоҳлаш мумкин?”, дея савол билан мурожаат қилди Президент.
LiveБарчаси