Президент Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки делегациясини қабул қилди
Жамият
−
17 Январь 2020
3869Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 январь куни Жаҳон банки вице-президенти Сирил Мюллер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Жаҳон банки гуруҳи дунё миқёсидаги етакчи молиявий институт бўлиб, Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг янги дастурини амалга оширишда стратегик шерикдир.
Бугунги кунда Жаҳон банки томонидан Ўзбекистонда амалга оширилган ва давом эттирилаётган лойиҳаларнинг қиймати 5,5 миллиард долларни ташкил этади.
Ўтган йили ушбу глобал молиявий институт умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган янги истиқболли лойиҳаларни маъқуллади. Навоий вилоятида қуёш электр станциясини қуриш бўйича кимошди савдоси, шунингдек, Вашингтон шаҳрида “Мамлакат платформаси” тақдимоти муваффақиятли ўтказилди.
Президент Шавкат Мирзиёев буларнинг барчаси Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги яқин ҳамкорлик, очиқ ва конструктив мулоқот натижасида эришилганини алоҳида таъкидлади.
Ўз навбатида, Сирил Мюллер Жаҳон банки гуруҳи президенти Девид Мелпасснинг самимий саломини етказиб, ташкилот Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини тўлиқ қўллаб-қувватлашини яна бир бор қайд этди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Муҳим тармоқларда, жумладан, қишлоқ хўжалиги, энергетика, нефть-газ тармоғи, транспорт ва бошқа соҳаларда ислоҳотларни давом эттиришга кўмакни кенгайтириш ҳамда қашшоқликка қарши курашиш борасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги шериклик бўйича янги узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Сарвар Анвар ўғли
LiveБарчаси