Президент сейсмик хавфсизлик тўғрисидаги қонунни имзолади
Жамият
−
14 Сентябрь 2021
3875Ўзбекистон Президенти “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Ҳужжатга кўра, Вазирлар Маҳкамаси масъул давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиради, сейсмик хавф даражасини камайтириш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни назорат қилади.
Сейсмик хавфсизликни таъминлаш объектлари аҳамиятига кўра 4 та тоифага бўлинмоқда:
• хавфлилик омили паст (I тоифа, вақтинча павильонлар, киоскалар, омборлар в.б.);
• ўрта (II, якка тартибдаги уй-жойлар (3 қаватгача), оромгоҳлар, умумий овқатланиш в.б.);
• юқори (III, кўприклар, тоннеллар, йўл ўтказгичлар, ўрта ва кўп қаватли (3 ва ундан юқори) уйлар ҳамда меҳмонхоналар, таълим муассасалари в.б.);
• ўта юқори (IV, сув омборлари тўғонлари, ГЭСлар, мудофаа объектлари, радиактив моддаларни сақлаш, тозалаш ва кўмиш объектлари в.б.);
Бино ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги бўйича текширув ва мониторингни ўтказишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилмоқда:
• II–IV тоифа объектлари ҳар беш йилда сейсмик мустаҳкамлик бўйича визуал текширувдан ўтказилади;
• III–IV тоифа объектлари ҳар ўн йилда сейсмик мустаҳкамлик бўйича инструментал техник текширувдан ўтказилади;
• сув омборлари тўғонлари ва гидроэлектр станцияларида инструментал техник текширувлар йилига икки марта ўтказилади;
• ҳар бир кучли зилзиладан сўнг (5,0 магнитудали) сув омборлари тўғонларида зудлик билан инструментал техник текширувлар ўтказилади.
Кучли зилзилалар натижасида зарар кўрган объектларни тиклаш Давлат бюджети, халқаро молия институтлари маблағлари ва бошқа тақиқланмаган манбалар ҳисобидан амалга оширилиши белгиланмоқда.
Фуқароларнинг сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгиланмоқда.
LiveБарчаси