Президент Сергелидаги бадбўй ҳид муаммосини ҳал қилишни буюрди

Жамият

image

Сергели ва Янгиҳаёт туманларидаги канализация билан боғлиқ бадбўй ҳид муаммоси жорий йил 1 сентябргача ҳал этилади. Бу ҳақда бугун, 4 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев ўз раислигида Тошкент шаҳри, хусусан, Сергели туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш масалалари юзасидан ўтказилаётган видеоселектор йиғилиши мутасаддиларга топшириқ берди.

Қайд этилишича, Сергели ва Янгиҳаёт туманларининг аҳолисини қийнаб келаётган яна бир масала – сув тозалаш иншооти атрофидаги бадбўй ҳид. Мутасаддиларга 1 сентябргача оқова сув қабул қилиш иншоотига замонавий филтрлаш ускуналарини ўрнатиб, бу муаммони бартараф этиш топширилган.

Келаси йилдан Бирлашган Араб Амирликларидаги ҳамкорлар билан Қуйи Чирчиқ туманида қуввати 300 минг куб метр бўлган замонавий сув тозалаш иншооти қурилиши бошланади. Бунинг ҳисобидан Сергелидаги сув тозалаш иншоотига юклама кескин камаяди.

Жорий йил аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Сергелининг асосий 23 километр йўлида ҳаракат хавфсизлиги қайта кўриб чиқилмоқда. Чорраҳаларга 455 та “ақлли” светофор ўрнатилади, 150 та автобус бекати янгиланади, 10 минг ўринли автотураргоҳ ташкил этилади.

Келаси йил Янги Сергели кўчасида автобус учун 5,5 километрлик БРТ йўлак қуриш режалаштирилган. Бу йўлак Шота Руставели кўчаси билан боғланади.

Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларини пойтахтнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган Тошкент ҳалқа йўлидаги янги кўприк қурилишини тезлаштириш зарурлиги қайд этилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг