Президент Сенатнинг янги биноси қурилишини кўздан кечирди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 15 январь куни Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари, корхоналар фаолияти билан танишмоқда. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Пойтахт Тошкентда қурилиш, янгиланиш давом этмоқда. Шаҳар марказидаги Ислом Каримов кўчасида Олий Мажлис Сенати учун янги бино ҳозирланяпти. Лойиҳага кўра, 6 қаватли эски бино тубдан реконструкция қилиниб, қўшимча объектлар қурилмоқда. Бугунги кунда муҳандислик тармоқлари монтаж қилиняпти. Шавкат Мирзиёев шу борадаги ишларни кўздан кечирди.

Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади. Шу боис, Сенатда доим иш “қайнайди”. Юқори палатанинг ҳаёти муҳокама ва музокараларга бой. Хорижий делегациялар ҳам кўп ташриф буюради. Парламент назоратининг ўзи катта ва ўта муҳим вазифа.

Хабарга кўра, янги бинода ана шундай барча жиҳатлар инобатга олиниб, сенаторлар учун энг замонавий шароитлар яратилмоқда. Жумладан, Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисини ўтказиш учун 280 ўринли зал ташкил этилмоқда. У миллий нақшлар билан безатилган, замонавий техникалар билан жиҳозланган бўлади.

Президент бу ерда қулайликларни ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

“Парламентимиз фаол ишлаяпти. Мажлислар пайтида битта қонун лойиҳаси соатлаб муҳокама қилинади. Шунинг учун иштирокчиларнинг ҳаракатланиши, саломатлиги, ёши билан боғлиқ ҳар бир жиҳатни эътиборга олиш, шунга яраша қулайлик яратиш зарур. Залга қуёш нури тушиб турса, кайфиятга, ишга яхши таъсир қилади”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Янги бинода делегациялар билан учрашувлар, матбуот анжуманлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ҳам барча шароитлар яратилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

325

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг