Президент озиқ-овқат нархи 80-йиллардагидан ҳам ошиб кетганини айтди
Жамият
−
15 Апрель 2022
14863Дунёда содир бўлаётган воқеалар сабаб жаҳон бозоридаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўтган асрнинг 80-йилларидагидан ҳам юқори даражаларда ўсмоқда. Бу ҳақда айни вақтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳамда бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча шароитлар яратиш мавзусидаги видеоселектор йиғилишида сўз борди.
Қайд этилишича, хусусан, март ойида дунё бўйича озиқ-овқат нархлари 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизга ошган.
Айниқса, йил бошидан жаҳон бозорларида буғдой нархи – 20 фоиз, маккажўхори – 19 фоиз, озуқа донлари – 20 фоиз ва ўсимлик ёғи – 23 фоизга кўтарилган.
Жорий йилда ёғингарчилик ҳисобига, водий, Тошкент вилояти ва Самарқандда сув захираси 20 фоизга кўпайгани билан, Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразмда сув таъминоти бўйича қийинчиликлар бўлади.
Жаҳон бозорида минерал ўғитлар ва ёқилғи нархлари 2 бараварга ошгани, албатта, кластер, фермер ва деҳқонларнинг етиштираётган маҳсулотларининг таннархига ҳамда молиявий аҳволига таъсир қилади.
Йиғилишда мавжуд ер ресурсларидан самарали фойдаланиб, 2022 йилда 7,7 млн тонна буғдой ҳамда 23 млн тонна мева-сабзавот етиштириб, 1,5 млрд доллар экспортни таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш учун янги қўшилаётган 300 минг гектардан зиёд ер майдонларидан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
“Ҳозирги кунда 80 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, 254 минг нафар аҳолига очиқ танлов асосида берилди. Бу – озиқ овқат етиштириш учун ҳар бир туманда қўшимча 500 гектар экин майдони, дегани. Бу ислоҳотни ўз вақтида ва тўғри бошлаганимизни ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Шунинг учун бу ерлар фақат ва фақат озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш учун база бўлиши шарт”, дейди Президент.
Мутасаддиларга икки ҳафта муддатда:
• ҳосилдор уруғ навларини жойларга етказиб, дала ярмаркаларини ўтказиш;
• ер майдонларида “бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида экинлар экишни ташкил қилиш;
• маҳсулотни кафолатли харид қилиш бўйича шартномалар тузиш ишларини жадал ташкил қилиш топширилди.
LiveБарчаси