Президент маслаҳатчисининг рафиқаси Ўзбекистондан нега кўзида ёш билан кетди?

Интервью 55606

Аввалроқ, QALAMPIR.UZ интернет нашри ва Озарбайжоннинг “Kaspi” газетаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми измолангани ҳақида хабар берган эдик. Ҳужжатни имзолаш маросимида QALAMPIR.UZ таъсисчиси Қамариддин Шайхов ва “Kaspi” газетаси таъсисчиси Сона Валиева иштирок этди. 

Сона Валиева мамлакатда катта обрў-эътиборга эга аёллардан бири саналади. У – шоира, филология ва фалсафа фанлари доктори, “Kaspi” Матбуот ва таҳсил маркази раҳбари, Озарбайжон Республикаси Миллий телерадиокомпания кенгаши раисининг ўринбосари. Қолаверса, Сона Валиева Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг сиёсий-ижтимоий масалалар бўйича маслаҳатчиси Али Ҳасановнинг турмуш ўртоғи саналади.

Сона Валиева ўтган йилнинг ноябрь ойида илк бор Ўзбекистонга келиб, пойтахт Тошкент шаҳри, қолаверса, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини зиёрат қилди. 

Сона Валиева буюк саркарда Амир Темур ҳаёти, унинг сиёсат юритишдаги принциплари, давлатчиликдаги қоидалари ҳақида бир неча мақолаларга муаллифлик қилган. Меморандумни имзолаш аввалида Сона Валиева ОАВ ходимлари билан суҳбатда бўлиб, Ўзбекистон ва унинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасига тўхталди. 

“Ўзбекистондан қайтганимдан буён ҳар куни бу мамлакат ҳақида ўйлайман. Ва ҳар сафар ўзимни айбдор ҳис қиламан: Африканинг бир қанча давлатларида бўлган, АҚШ штатларини ва Европани кезган одам бўла туриб, нега мен Ўзбекистонга бормадим? 

Ўша вақтлар ишим билан боғлиқ муаммолар бор эди. Ўзбекистонга боришим эса менга дармон бўлди. Тошкентдаги Ҳайдар Алиев маданият маркази директори Самир Аббос бошчилигида Самарқанд, Бухоро, бу ердаги пирлар қабрини зиёрат қилдик. Ўзимни янгидан туғилгандек ҳис этдим. Ўзбекистонда биринчи қор ёғган куни биз Туркистон тарафларга бориб, Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилдик. Қолаверса, Зангиота зиёратгоҳида ҳам бўлдик. Агар Ўзбекистонга бориб, бу зиёратгоҳларни ўз кўзим билан бориб кўрмасам, гуноҳ бўлар эди. Ишонинг, қанотим бўлсайди, Ўзбекистоннинг ҳамма нуқтасини бориб кўрардим”.

Озарбайжонда Ўзбекистонга қизиқиш катта. Бу ўлка Ислом динига катта ҳисса қўшган, улуғ алломалар ва уламолар бешиги сифатида тилга олинади. Сона Валиева ҳам сўзида ҳурматини шундай ифода этди:

“Бизни ўз даврида айиришга ҳаракат қилдилар. Бунга қарамасдан, миллат ўлароқ қардошлик ришталаримиз узилмади. Ичимда бир ҳис билан қайтдим: мен Ўзбекистонда туғилиб, Озарбайжонда яшагандекман”. 

Сона Валиева сўзида давом этаркан, Амир Темурни ҳурмат билан тилга олди. 

“Унга ўзгача муҳаббатим бор. Куни кеча мен ёзган поемадан илҳомланиб, “Амир Темурга бу муҳаббат қаердан келди?” номли шеър ёзишибди. Амир Темурга нисбатан ичимда буюк бир муҳаббат бор. Бу муҳаббат қизнинг ўз отасига, бобосига бўлган севгисига ўхшайди. У сўзсиз турк дунёсининг отаси”, дейди Сона Валиева. 

Сона хоним Ўзбекистон ҳақидаги хотираларини баён этаркан, Ўзбекистондан кўзи ёш билан айрилганини айтади. 

“Мен бир неча Ҳаж сафарида – Макка-и Мукаррамада бўлган эдим. Маккани тарк этаётганимда кўзларимга ёш келганди. Ўзбекистондан кетар чоғим, худди шу туйғуни ҳис қилдим, беихтиёр кўзларимга ёш қалқди”.
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 519
Рейтинг: 4.0
Будьте в курсе событий!
×
×