Президент кўп қаватли уйлар тўғрисидаги қонунни имзолади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Қуйида қонуннинг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг қонуни

Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 6 августда қабул қилинган

Сенат томонидан 2019 йил 11 октябрда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Ушбу Қонуннинг амал қилиш соҳаси

Ушбу Қонуннинг амал қилиши кўп квартирали уйлардаги турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорларига (бундан буён матнда жойларнинг мулкдорлари деб юритилади), кўп квартирали уйни бошқарувчи ташкилотлар ва бошқарувчиларга, уй-жой мулкдорларининг ширкатларига, шунингдек фаолияти кўп квартирали уйларни бошқариш билан боғлиқ бўлган бошқа шахсларга нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Қонун битта юридик ёки жисмоний шахс кўп квартирали уйнинг мулкдори бўлганда кўп квартирали уйни бошқариш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

3-модда. Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

4-модда. Кўп квартирали уйларни бошқаришнинг асосий принциплари

Кўп квартирали уйларни бошқаришнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

бошқариш усулини танлаш эркинлиги;

ўзини ўзи бошқариш;

коллегиаллик;

очиқлик ва ошкоралик;

ташкилий ва молиявий жиҳатдан мустақиллик;

жойларнинг мулкдорлари олдида мунтазам ҳисобдорлик.

5-модда. Кўп квартирали уй

Кўп квартирали уй – кўп квартирали уйга туташ ер участкасига ёхуд бундай уйдаги умумий фойдаланиладиган жойларга мустақил чиқиш йўлакларига эга бўлган икки ва ундан ортиқ квартиралар мажмуидир. Кўп квартирали уй улушли мулк ҳуқуқи асосида жойларнинг мулкдорларига тегишли бўлган умумий мулк (бундан буён матнда умумий мол-мулк деб юритилади) элементларини ўз ичига олади.

6-модда. Умумий мол-мулк

Кўп квартирали уйдаги умумий жойлар, таянч ва тўсиқ конструкциялар, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўрама) пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ҳамда бошқа шахталар, даҳлизлар, техник қаватлар, ертўлалар, чердаклар ва томлар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойларнинг ташқарисида ёки ичида жойлашган ҳамда биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуна ва қурилмалар умумий мол-мулкдир.

7-модда. Кўп квартирали уйга туташ ер участкаси

Кўп квартирали уйга туташ ер участкаси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади. Кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг зиммасига мазкур ер участкасининг санитария ҳолати ва ободонлаштирилиши учун жавобгарлик юклатилади.

Ҳар бир кўп квартирали уйнинг кадастр паспортида кўп квартирали уйга туташ ер участкаси тўғрисида маълумотлар, шунингдек ер майдонининг кадастр режаси мажбурий тартибда бўлиши шарт.

Кўп квартирали уйга туташ ер участкаси бўлинмасдир ва мустақил ер участкаларига ажратилиши мумкин эмас.

Янги қурилаётган объектлар учун кўп квартирали уйга туташ ер участкаси майдонининг ўлчами шаҳарсозлик нормативларининг талабларига мувофиқ, бинолар ўртасидаги энг кам ёнғинга қарши ва санитар оралиқ масофани таъминлаш, мол-мулкнинг барча қисмларига кириш шароитларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари кўп квартирали уйни бошқарувчи ташкилотнинг, бошқарувчининг, кўп квартирали уй бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан бошқарилган тақдирда, кўп квартирали уй кенгашининг, уй-жой мулкдорлари ширкати бошқарувининг (бундан буён матнда кўп квартирали уйни бошқариш органи деб юритилади) мурожаатидан кейин ўттиз кундан кечиктирилмаган муддатда кўп квартирали уйга туташ ер участкасининг чегаралари ва ўлчамларини белгилаши ҳамда кўп квартирали уйни бошқариш органига бундай ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини белгиловчи зарур ҳужжатларни бериши шарт.

8-модда. Кўп квартирали уйни бошқариш усули

Кўп квартирали уйни бошқариш истиқомат қилувчиларнинг яшаш ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларни фойдаланиш қулай ҳамда хавфсиз шароитларини таъминлаш, умумий мол-мулкни лозим даражада сақлаш ҳамда умумий мол-мулкдан фойдаланиш масалаларини ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ўз ичига олади.

Кўп квартирали уйни бошқариш усули кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилишида белгиланади.

Кўп квартирали уйни бошқариш:

бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан (бундан буён матнда кўп квартирали уйни бевосита бошқариш деб юритилади);

юридик шахс бўлган бошқарувчи ташкилот томонидан ёки жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) бўлган бошқарувчи (бундан буён матнда бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи деб юритилади) томонидан шартнома асосида;

битта ёки зич жойлашган бир нечта кўп квартирали уйда турар жойларнинг ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорларини бирлаштирувчи уй-жой мулкдорларининг ширкати бўлган нотижорат ташкилот (бундан буён матнда ширкат деб юритилади) томонидан амалга оширилиши мумкин.

2-боб. Кўп квартирали уйларни бошқаришда давлат томонидан кўмаклашиш

9-модда. Кўп квартирали уйларни бошқариш органларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

Давлат жойлар мулкдорларининг, бошқарувчи ташкилотлар ва бошқарувчиларнинг, ширкатларнинг ҳуқуқлари таъминланишини ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди, уларни ривожлантиришга ва мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Кўп квартирали уйларни бошқариш органларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

уй-жой-коммунал соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шу жумладан стандартларни такомиллаштириш;

кўп квартирали уйларда авария вазиятларини бартараф этишда кўмаклашиш;

коммунал хизматлар ҳақини тўлаш тизимини такомиллаштириш;

уй-жой-коммунал соҳасида хизматлар кўрсатишда рақобатни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар, шунингдек имтиёзли кредитлар бериш;

кам таъминланган оилаларга кўп квартирали уйларни сақлаш бўйича ёрдам кўрсатиш;

кўп квартирали уйга туташ ер участкаларини доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш;

кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасида кадрлар тайёрлашни ва уларни қайта тайёрлашни амалга ошириш;

кўп квартирали уйлардан фойдаланишнинг самарали тизимини яратиш бўйича алоҳида дастурлар қабул қилиш ва бошқа чоралар кўриш.

10-модда. Кўп квартирали уйларни бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш

Кўп квартирали уйларни бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан қуйидаги йўналишларда амалга оширилади:

кўп квартирали уйлардан ва кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларидан фойдаланиш ҳамда уларни сақлаш бўйича тизимли ишларни самарали ташкил этиш;

кўп квартирали уйларнинг техник ҳолати мониторингини ўтказиш бўйича ишларни ташкил этиш;

кўп квартирали уйларни сақлаш, улардан фойдаланиш талабларига ва фойдаланиш харажатларини аниқлаш талабларига, кўп квартирали уйлардан техник жиҳатдан фойдаланиш қоидалари ва нормаларига, кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини санитария нормаларига, қоидаларига ҳамда гигиена нормативларига мувофиқ сақлаш талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

кўп квартирали уйларни мавсумий фойдаланишга ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш;

новаторлик фаолиятини ва замонавий инновацион технологияларни жорий этишга кўмаклашиш;

кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг ҳисобини ва уларнинг фаолияти бўйича ҳисоботларни юритиш учун ахборот тизимлари ҳамда ахборот ресурсларини жорий этиш;

кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари билан боғлиқ фаолияти тўғрисидаги ахборотни вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштириш ва янгилаб туриш;

кўп квартирали уйларни бошқариш бўйича ахборот ва маслаҳат ёрдами кўрсатиш;

кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг фаолиятини ҳуқуқий ҳамда услубий жиҳатдан таъминлаш;

кўп квартирали уйларни бошқариш бўйича норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, ривожланган хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини инобатга олган ҳолда кўп квартирали уйларни бошқаришнинг замонавий шакллари ва усулларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш;

кўп квартирали уйларни бошқариш бўйича мутахассислар малакасини ошириш курсларини ташкил этиш;

бошқарувчи ташкилотларнинг мансабдор шахсларини ва бошқарувчиларни, ширкатлар бошқаруви раисларини аттестациядан ўтказиш ҳамда уларга кўп квартирали уйларни бошқариш учун малака сертификатини бериш.

11-модда. Кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасидагидавлат назорати

Кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасидаги давлат назорати кўп квартирали уйдан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларига ҳамда санитария нормаларига, қоидаларига ва гигиена нормативларига мувофиқ кўп квартирали уйга туташ ер участкасини сақлаш бўйича талабларга риоя этилишини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.

Кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасидаги давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий инспекциялари (бундан буён матнда Уй-жой фонди инспекцияси деб юритилади) томонидан ўрганишлар ҳамда мониторинг ўтказиш орқали амалга оширилади.

12-модда. Уй-жой фонди инспекциясининг ваколатлари

Уй-жой фонди инспекцияси:

кўп квартирали уйларни, кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини санитария нормаларига, қоидаларига ва гигиена нормативларига мувофиқ сақлаш бўйича талабларга ва улардан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларига риоя этилиши ҳамда мулкдорлар томонидан жойларнинг ўзбошимчалик билан қайта қурилишига ва қайта режалаштирилишига йўл қўйилмаслиги;

белгиланган қоидаларга риоя этилиши ва умумий мол-мулкни, кўп квартирали уйларнинг олд томонларини, уйларнинг ички муҳандислик коммуникацияларини таъмирлаш-тиклаш ишларининг тизимли равишда олиб борилиши;

уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотлари томонидан тегишли хизматлар кўрсатишда техник тартибга солувчи норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши;

кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорларининг кўп квартирали уйларни капитал таъмирлашни амалга ошириш учун жамғариладиган маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.

Уй-жой фонди инспекциясига:

кўп квартирали уйларни бошқариш органларига ёки жойларнинг мулкдорларига – кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан техник фойдаланиш қоидаларининг ҳамда кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларининг бузилиш ҳолларини бартараф этиш юзасидан;

уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотларига – тегишли хизматлар кўрсатишда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши юзасидан бажарилиши шарт бўлган кўрсатмалар бериш ваколатлари берилади.

Уй-жой фонди инспекциясининг қарорлари, унинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.

3-боб. Кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулк

13-модда. Умумий мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи

Умумий мол-мулк жойларнинг мулкдорларига умумий улушли мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади.

Умумий мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи жой мулкдорининг умумий мол-мулкдаги улушига боғлиқ бўлмайди. Жойларнинг мулкдорлари умумий мол-мулкдан ҳамда уйга туташ ер участкасидан фойдаланишда тенг ҳуқуқларга эга.

Умумий мол-мулкнинг айрим қисмлари, бундан ушбу модданинг еттинчи ва саккизинчи қисмларида кўрсатилганлари мустасно, жойларнинг мулкдорларига ёки бошқа шахсларга жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши қарорида белгиланган тартибда фойдаланишга берилиши мумкин.

Умумий мол-мулкнинг айрим қисмларидан фақат ўз манфаатлари учун фойдаланувчи жой мулкдори жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши қарорида белгиланган миқдорда умумий мулкни сақлаш учун ҳақ тўлаши шарт.

Жой мулкдорининг умумий мол-мулкдаги улуши натура ҳолида ажратилиши мумкин эмас.

Умумий мол-мулкнинг айрим қисмлари, бундан ушбу модданинг еттинчи ва саккизинчи қисмларида кўрсатилганлари мустасно, умумий улушли мулкнинг барча иштирокчилари томонидан бир овоздан қабул қилинган қарор асосида бошқа шахсга берилиши мумкин.

Умумий мол-мулк, агар унинг бошқа шахсга берилиши ёки фойдаланиш учун ўтказилиши бошқа мулкдорларнинг ўз мулк ҳуқуқларини амалга оширишини чеклайдиган бўлса, бошқа шахсга берилиши ёхуд бир ёки бир нечта мулкдорга ёки бошқа шахсларга фойдаланиш учун ўтказилиши мумкин эмас.

Таянч ва тўсиқ конструкцияларни, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўрама) пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ҳамда бошқа шахталар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойларнинг ташқарисида ёки ичида жойлашган ҳамда биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ҳамда қурилмалари ва бошқа ускуна ҳамда қурилмаларни бошқа шахсга бериш тақиқланади.

14-модда. Умумий мол-мулкдаги улушли мулк иштирокчиси

Ҳар бир мулкдорнинг умумий мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқидаги улуши мазкур кўп квартирали уй барча мулкдорларининг турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг умумий майдонида ўзига тегишли бўлган жой майдони улушига мутаносибдир. Кўп квартирали уйдаги жойнинг умумий майдони ўлчами ушбу жойнинг кадастр ҳужжатига мувофиқ аниқланади.

Агар, алоҳида жой бир неча мулкдорларга тегишли бўлса, унда улар кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкни бошқаришда умумий мажбуриятлардаги солидар жавобгарлиги билан бирга битта улушли мулк иштирокчиси сифатида қатнашадилар. Бундай мулкдорлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар улар ўртасидаги келишув билан тартибга солинади.

Ёзма келишув мавжуд бўлмаган тақдирда мулкдорлардан ҳар бири бўлинмас тенг ҳуқуқларга ва умумий мол-мулкдаги кўрсатилган улушга мулкдорлик билан боғлиқ ҳолда келиб чиқадиган мажбуриятларга эга бўлади.

Умумий мулкка бўлган мулк ҳуқуқидаги улуш турар жойларга ҳамда яшаш учун мўлжалланмаган жойларга бўлган мулк ҳуқуқидан ажратилиши мумкин эмас ва фақат ушбу ҳуқуқ билан бирга ўтади.

15-модда. Умумий мол-мулкни сақлаш

Умумий мол-мулкни сақлаш умумий мол-мулкнинг лозим даражадаги техник ва санитария ҳолатини таъминлашга қаратилгандир.

Умумий мол-мулкни сақлаш унинг техник ва санитария ҳолатини сақлаб туришни, унга хизмат кўрсатишни, таъмирлашни ҳамда ушбу мол-мулкни асрашга ва ундан фойдаланиш бўйича зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган бошқа фаолиятни ўз ичига олади.

Кўп квартирали уйни бошқариш органи мажбурий нормаларга мувофиқ, умумий мол-мулкни сақлаш бўйича амалга оширилмаслиги кўп квартирали уйга, одамларнинг ҳаётига, соғлиғига, шахсларнинг мол-мулкига ва атроф-муҳитга бевосита хавф туғдириши мумкин бўлган мажбурий тадбирларни ҳамда ишларни амалга ошириши шарт.

Мажбурий нормалар ёнғинга қарши, санитария, шаҳарсозлик нормаларини, кўп квартирали уйга хизмат кўрсатиш бўйича тадбирларни ўз ичига олади.

Агар кўп квартирали уйда шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ва мол-мулкига ёки атроф-муҳитга ҳақиқий хавф туғдирадиган ҳолатлар юзага келса, Уй-жой фонди инспекцияси бу ҳақда жойларнинг мулкдорларини ва кўп квартирали уйни бошқариш органини олдиндан хабардор қилган ҳолда, ушбу хавфни бартараф этиш чораларини кўриши шарт.

Хавф мавжудлиги факти тегишли давлат органи томонидан тасдиқланиши керак.

16-модда. Умумий мол-мулкни сақлаш бўйичаумумий харажатлар

Жойларнинг мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатларни биргаликда зиммасига олиши шарт.

Умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатлар умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш, шунингдек кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш билан боғлиқ харажатлардан иборатдир.

Жой мулкдорининг умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатларда иштирок этиш улуши кўп квартирали уйнинг умумий майдонидаги мулкдорга қарашли жой майдони улушига мутаносиб равишда кўп квартирали уйнинг кадастр паспортига мувофиқ белгиланади.

Янги қурилган кўп квартирали уйлар фойдаланишга топширилганда реализация қилинмаган жойларнинг умумий мол-мулкини сақлаш бўйича умумий харажатларда иштирок этиш улуши ушбу жойларга бўлган мулк ҳуқуқи расмийлаштирилган шахснинг зиммасида бўлади.

Жойларнинг мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш бўйича харажатларни ҳар ойда, қоида тариқасида, пул шаклида тўлаши шарт.

Умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш ҳамда кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш учун жойлар мулкдорлари мажбурий бадалларининг ёки тўловларининг миқдори умумий йиғилиш қарори билан белгиланади.

Умумий мол-мулкни бошқариш, унга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш, шунингдек кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш бўйича хизматлар уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотлари томонидан кўрсатилишига ва ишлар бажарилишига, шунингдек кўп квартирали уй бевосита жойлар мулкдорлари томонидан бошқарилганда кўп квартирали уй кенгаши раиси ва аъзоларига мукофот пули тўланишига, бошқарув аъзоларига, тафтиш комиссиясига мукофот пули ва ширкат ходимларига иш ҳақи тўланишига солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ солиниши лозим.

Жойлар мулкдорларининг мажбурий бадаллари ёки тўловлари миқдорини белгилашда харажатларнинг таркибини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Айрим ҳолларда умумий йиғилиш мулкдорлар мажбурий бадалларининг ёки тўловларининг бир қисмини киритишнинг пул шаклини, ариза берувчининг ёзма билдиришномаси ва умумий йиғилишнинг баённомаси асосида уларнинг умумий харажатлардаги иштирокининг бошқа турларига алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Мулкдорнинг ўзига қарашли жойдан фойдаланмаслиги ёхуд умумий мол-мулкдан фойдаланишдан воз кечиши уни умумий харажатларда иштирок этишдан тўлиқ ёки қисман озод этмайди.

Умумий мол-мулкни, кўп квартирали уйга туташ ер участкасини сақлаш бўйича жойлар мулкдорларининг мажбурий бадалларини ёки тўловларини тўлаш юзасидан якуний ҳисоб-китоб жорий йил тугаганидан сўнг амалда бажарилган ишларнинг ҳажмлари, уларнинг сифати ва бажарилиш муддатлари тўғрисидаги маълумотлар асосида амалга оширилади.

Харажатларни асослашда тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилинади: етишмаган маблағлар ҳисобот йилидан кейинги даврда жойлар мулкдорларининг мажбурий бадалларини ёки тўловларини шакллантиришда ҳисобга олинади, ортиқча маблағлар эса келгуси тўловлар ҳисобига олинади.

Жой мулкдори умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш учун умумий харажатларда иштирок этиш бўйича ўзининг мажбуриятини шартнома асосида бошқа шахсга ўтказиши мумкин. Жой мулкдори мажбурий бадалларни ёки тўловларни тўлаш бўйича ўз мажбуриятлари бошқа шахсга ўтказилганлиги тўғрисида кўп квартирали уйни бошқариш органини хабардор қилиши шарт.

Умумий мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишдан олинган маблағлар улушли мулк иштирокчиларининг улушларига мутаносиб равишда ушбу кўп квартирали уйнинг умумий мол-мулкини сақлашга йўналтирилади.

Бошқа мулкдорларнинг розилигисиз мулкдорлардан бири томонидан, бошқарув органи ёхуд бошқа шахс томонидан амалга оширилган асосланмаган харажатларнинг ўрни қопланмайди. Бунда юзага келадиган низолар суд тартибида ҳал қилинади.

4-боб. Кўп квартирали уйнинг мулкдорлари

17-модда. Кўп квартирали уйдаги турар жойнинг ва яшаш учун мўлжалланмаган жойнинг мулкдорлари

Кўп квартирали уйдаги жойга нисбатан мулк ҳуқуқига эга бўлган юридик ёки жисмоний шахс кўп квартирали уйдаги турар жойнинг ва яшаш учун мўлжалланмаган жойнинг мулкдоридир.

Жойларнинг мулкдорлари умумий мол-мулкка нисбатан улушли мулк иштирокчиларидир ва улар умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатларни ўз зиммасига олиши шарт.

18-модда. Жой мулкдорининг ҳуқуқлари

Жой мулкдори:

умумий мол-мулкни бошқаришда иштирок этиш, кўп квартирали уйни бошқариш органининг фаолияти тўғрисида ахборот олиш;

кўп квартирали уйни бошқариш органининг фаолияти тўғрисида ҳисобот олиш;

кўп квартирали уйни бошқариш органига кўп квартирали уйни бошқариш бўйича таклифлар тақдим этиш;

жойнинг белгиланган мақсадига мувофиқ ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган жойга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш;

ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган жойни ижара шартномаси, бепул фойдаланиш шартномаси асосида ёки бошқа қонуний асосда эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланиш учун бошқа шахсга бериш ҳуқуқига эга. 

19-модда. Жой мулкдорининг мажбуриятлари

Жой мулкдори:

ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган жойдан ҳамда умумий мол-мулкдан қатъий мўлжалланган мақсадда фойдаланиши;

ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган жойларнинг, умумий мол-мулк қисмларининг ва кўп квартирали уйга туташ ер участкасининг бут сақланишини таъминлаши;

жойларни қайта қуриш ва қайта режалаштиришни фақат жойнинг қулайлигини ошириш мақсадида, бинонинг ва муҳандислик коммуникацияларининг конструктив схемасини бузмаган ҳолда, бинонинг, муҳандислик коммуникацияларининг олд томони ва ташқи кўриниши архитектурасини ёмонлаштирмаган ҳолда амалга ошириши, бунда бинонинг таянч қобилияти ва зилзилага бардошлилиги пасайишига йўл қўймаслиги;

жойга, санитария-техника ускуналарига ва бошқа ускуналарга (водопровод, канализация, марказий иситиш, иссиқ сув таъминоти, газ жиҳозлари ва ҳоказо) нисбатан эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиши;

электр ва иссиқлик энергиясининг, сувнинг, газнинг сирқиб чиқишига ва беҳуда сарфланишига йўл қўймаган ҳолда улардан тежамли фойдаланиши;

кўп квартирали уйлардан техник жиҳатдан фойдаланиш қоидаларига, кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини сақлаш бўйича талабларга санитария нормаларига, қоидаларига ҳамда гигиена нормативларига мувофиқ риоя этиши;

жойда, санитария-техника ускуналарида ва бошқа ускуналарда носозликлар аниқланган тақдирда, шикастланишларни бартараф этиш юзасидан дарҳол мумкин бўлган чораларни кўриши ҳамда зарур бўлган ҳолларда тегишли хизматга хабар қилиши;

авария вазиятлари юзага келган тақдирда ўзи эгаллаб турган жойга авария-тиклаш хизматлари вакилларининг киришини таъминлаши;

кўп квартирали уйдаги жойларда ва умумий фойдаланишдаги жойларда уй ҳайвонларини сақлашга доир талабларга риоя этиши шарт.

Қуйидагиларга:

умумий мол-мулкнинг, шунингдек ҳар қандай бошқа мулкдор мол-мулкининг бузилишига ёки хавфга дучор этилишига;

тегишли рухсатномасиз ҳар хил иморатлар ва иншоотларни ўзбошимчалик билан тиклашга;

ёнғинга қарши ўтиш жойларини, умумий йўлакларни, иҳоталанган (ўрама) пиллапояларни, захира чиқиш жойларини ва уйнинг бошқа умумий жойларини нарсалар ҳамда ускуналар билан тўсиб қўйишга;

уй ҳайвонларини умумий фойдаланишдаги жойларда: зинапояларда, чердакларда, ертўлаларда, шунингдек умумий фойдаланишдаги ошхоналарда, балконларда ва пешайвонларда сақлашга;

жойларни қайта қуриш ва қайта режалаштириш бўйича кўп квартирали уйнинг конструктив қисмлари таянч қобилиятини ҳамда зилзилага бардошлилигини бузадиган ишларни ўзбошимчалик билан амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Агар мулкдор ёки у билан бирга яшовчи шахслар бошқа мулкдорларнинг мол-мулкига ёхуд умумий мол-мулкка зарар етказган бўлса, улар етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши шарт.

Агар умумий мол-мулкнинг фақат мазкур жойдан кирилиши мумкин бўлган конструктив қисмларини текшириш, таъмирлаш ёки алмаштириш зарур бўлса, башарти мулкдор бу ҳақда олдиндан хабардор қилинса, мулкдор кўп квартирали уйни бошқариш органи вакилларининг бу жойга киришига рухсат бериши шарт. Авариянинг олдини олиш ёки унинг оқибатларини тезкор бартараф этиш зарур бўлган шошилинч ҳолларда олдиндан хабардор қилиш талаб этилмайди.

5-боб. Кўп квартирали уйни бошқариш

20-модда. Кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши

Кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши (бундан буён матнда умумий йиғилиш деб юритилади) кўп квартирали уйнинг юқори бошқарув органидир.

Умумий йиғилиш ушбу Қонунда белгиланган тартибда йилига камида бир марта чақирилади.

Ҳар йилги умумий йиғилиш календарь йил тугаганидан кейин олтмиш кундан кечиктирмай чақирилади.

Навбатдан ташқари умумий йиғилиш кўп квартирали уйни бошқариш органининг ташаббуси билан ёки жойлар мулкдорларининг камида ўн фоизининг ташаббуси билан чақирилиши мумкин.

Кўп квартирали уйни бошқариш органи томонидан қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйилган ҳолларда Уй-жой фонди инспекциясининг мансабдор шахси навбатдан ташқари умумий йиғилишни чақириш ташаббуси билан чиқиши мумкин.

Жойлар мулкдорларини умумий йиғилиш ўтказиладиган жой, сана, вақт ва унинг кун тартиби тўғрисида хабардор қилиш йиғилиш ташаббускорлари томонидан умумий йиғилиш ўтказилишидан камида ўн кун олдин амалга оширилади.

Жойлар мулкдорларини умумий йиғилишни ўтказиш тўғрисида хабардор қилиш тегишли эълонни уйларнинг ҳар бир кириш йўлагига осиб қўйиш ёки эълонни мулкдорларга имзо қўйдириб топшириш орқали амалга оширилади.

Жойларнинг мулкдорлари бўлган юридик шахсларни хабардор қилиш тегишли хабарни буюртма хат билан юридик манзилга юбориш, электрон хабар қилиш ёки хабарни ваколатли вакилга имзо қўйдириб топшириш орқали амалга оширилади.

21-модда. Умумий йиғилишнинг ваколатлари

Умумий йиғилиш:

кўп квартирали уйни бошқариш усулини белгилайди;

умумий мол-мулкни бошқариш, унга хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш учун танлов асосида юридик ҳамда жисмоний шахслар билан шартнома тузиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

тижорат банкларининг кредитларини олиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

кўп квартирали уйларнинг бошқариш органлари фаолияти устидан назоратни амалга оширади;

кўп квартирали уйларнинг бошқариш органлари томонидан ҳисобот бериш тартибини белгилайди.

Умумий йиғилишда қарор қабул қилиниши учун барча жойлар мулкдорларининг ёки улар вакилларининг эллик фоизидан кўпроғи ҳозир бўлиши керак. Умумий йиғилишнинг қарори, агар уни ёқлаб жойлар мулкдорларининг ёки уларнинг умумий йиғилишда ҳозир бўлган вакилларининг эллик фоизидан кўпроғи овоз берса, қабул қилинган деб ҳисобланади.

Умумий йиғилиш қарори баённома билан расмийлаштирилади. Баённома жойларнинг мулкдорлари орасидан сайланадиган йиғилиш раиси ва котиби томонидан имзоланади. Баённомага йиғилишда иштирок этган шахсларнинг рўйхати ҳар бир муҳокама этилаётган масала бўйича уларнинг хоҳиш-иродаси акс эттирилган, уларнинг имзолари билан тасдиқланган ҳолда илова қилинади.

Умумий йиғилиш қарори барча жойларнинг мулкдорлари, шу жумладан овоз беришда иштирок этмаганлар ёки қарши овоз берганлар томонидан ҳам бажарилиши мажбурийдир.

22-модда. Кўп квартирали уйни бошқариш усулини танлаш

Жойларнинг мулкдорлари кўп квартирали уй фойдаланишга қабул қилинган кундан эътиборан уч ой муддатда умумий йиғилишда кўп квартирали уйни бошқариш усули тўғрисида қарор қабул қилиши шарт. Бундай қарор қабул қилингунига қадар мулкдорлар умумий мол-мулкни сақлаш билан боғлиқ мажбуриятлар юзасидан солидар жавоб беради.

Кўп квартирали уйни бошқариш усулини танлаш тўғрисида ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган муддатда жойларнинг мулкдорлари ўртасида келишувга эришилмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси уч ойлик муддатда кўп квартирали уйни бошқариш органи вазифаларини амалга оширувчи бошқарув ташкилотини ёки бошқарувчини белгилайди.

Агар ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган муддат мобайнида жойларнинг мулкдорлари томонидан кўп квартирали уйни бошқариш усули тўғрисидаги масала ҳал этилмаган бўлса ёки кўп квартирали уйни бошқариш усулини танлаш тўғрисида қабул қилинган қарор амалга оширилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси кўп квартирали уйни бошқариш учун бошқарувчи ташкилотни ёки бошқарувчини танлаш бўйича очиқ танлов ўтказади.

Кўп квартирали уйни бошқариш усули умумий йиғилишнинг қарори асосида исталган вақтда ўзгартирилиши мумкин. Умумий йиғилишнинг бошқарув усулини танлаш тўғрисидаги қарори мазкур кўп квартирали уйдаги барча жойларнинг мулкдорлари учун мажбурийдир.

23-модда. Кўп квартирали уйни бошқариш учун очиқ танлов ўтказиш

Кўп квартирали уйни бошқариш учун очиқ танлов қуйидаги принципларга асосланади:

танловда иштирок этиш учун тенг шароитлар яратиш;

ҳалол рақобат;

танлов ўтказиш тўғрисидаги ахборотни олиш эркинлиги.

Кўп квартирали уйни бошқариш учун бошқарувчи ташкилотни ёки бошқарувчини танлаш бўйича очиқ танлов ўтказиш тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг расмий веб-сайтига ва бошқа оммавий ахборот воситаларига жойлаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси кўп квартирали уйни бошқариш бўйича танловнинг ташкилотчисидир.

6-боб. Кўп квартирали уйни бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан бошқариш

24-модда. Кўп квартирали уйни бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан бошқариш тўғрисида қарор қабул қилиш

Кўп квартирали уйни юридик шахс ташкил этмасдан бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан бошқариш усулини биттадан кўп бўлмаган кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорлари танлаши мумкин.

Агар умумий йиғилиш томонидан кўп квартирали уйни бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан бошқариш усулини танлаш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, шу йиғилишнинг ўзида мазкур уйдаги жойларнинг мулкдорлари орасидан кўп квартирали уйнинг кенгаши сайланади.

Кворум мавжуд бўлмаган тақдирда ташаббускорлар умумий йиғилиш ўтказиладиган янги санани тайинлайди, ушбу умумий йиғилиш бўлиб ўтмаган пайтдан эътиборан камида қирқ саккиз соатдан кейин ва ўттиз кундан кечиктирмай чақирилиши мумкин.

Жойларнинг мулкдорлари томонидан кўп квартирали уйни бевосита бошқариш усулини танлаш тўғрисидаги қарор жойлар мулкдорларининг ёки улар вакилларининг умумий йиғилишида ҳозир бўлганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Агар мулкдор умумий йиғилишда шахсан иштирок эта олмайдиган бўлса, у кўп квартирали уйни бошқариш усулини танлаш тўғрисидаги масала юзасидан умумий йиғилиш ўтказилгунига қадар, йиғилиш ташаббускорига мулкдорнинг мазкур масала бўйича фикрини акс эттирувчи ёзма шаклдаги аризани топшириш йўли билан овоз беришга ҳақли.

Кўп квартирали уй бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан бошқарилганда умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш бўйича уй-жой-коммунал соҳасидаги ташкилотлар билан хизматлар кўрсатишга доир шартнома жойлар мулкдорлари умумий йиғилишининг қарори асосида кўп квартирали уй кенгашининг раиси томонидан тузилади. Бунда учинчи шахслар билан муносабатларда кўп квартирали уйнинг мулкдорлари номидан жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши ваколат берган бир ёки бир неча жой мулкдори иштирок этишга ҳақли.

25-модда. Кўп квартирали уй кенгаши

Кўп квартирали уй кенгашининг аъзолари сони жойлар мулкдорларининг умумий йиғилишида камида уч нафар шахсдан иборат таркибда белгиланади. Кўп квартирали уй кенгашининг аъзолари сони ушбу уйда мавжуд бўлган кириш йўлаклари, қаватлар, жойлар сони ҳисобга олинган ҳолда умумий йиғилиш қарори билан белгиланади.

Кўп квартирали уй кенгаши:

умумий йиғилиш қарорларининг бажарилишини таъминлайди;

умумий мол-мулкдан, шу жумладан кўп квартирали уйга туташ ер участкасидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги таклифларни умумий йиғилишга муҳокама қилиш учун киритади;

кўп квартирали уйдан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатишга доир шартномалар лойиҳаларининг муҳокамасини ўтказади;

умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш бўйича хизматлар кўрсатилиши ва (ёки) ишлар бажарилиши сифати устидан назоратни амалга оширади;

амалга оширилган ишлар тўғрисида умумий йиғилишга ҳисобот тақдим этади.

Кўп квартирали уй кенгаши, агар умумий йиғилиш қарори билан бошқа муддат белгиланмаган бўлса, умумий йиғилишда ҳар йили қайтадан сайланиши лозим. Умумий йиғилишда кўп квартирали уй кенгашини қайта сайлаш тўғрисидаги қарор белгиланган муддатда қабул қилинмаган тақдирда, кўп квартирали уй кенгашининг ваколатлари яна шу муддатга узайтирилади. Кўп квартирали уй кенгаши ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаган тақдирда умумий йиғилиш томонидан муддатидан олдин қайта сайланиши мумкин.

26-модда. Кўп квартирали уй кенгашининг раиси

Кўп квартирали уй кенгашининг раиси умумий йиғилишда кўп квартирали уй кенгашининг аъзолари орасидан сайланади. У кўп квартирали уй кенгашининг жорий фаолиятига раҳбарлик қилади ва умумий йиғилишга ҳисобдордир.

Кўп квартирали уй кенгашининг раиси:

умумий мол-мулкни сақлаш ва ундан фойдаланиш шартномасини тузиш тўғрисида умумий йиғилиш томонидан қарор қабул қилингунига қадар мазкур шартнома шартлари бўйича музокараларга киришишга ҳақли;

умумий мол-мулкни сақлаш ва ундан фойдаланиш шартномасини тузиш масалалари бўйича музокараларнинг натижаларини умумий йиғилиш эътиборига етказади;

умумий йиғилишнинг баённомаси асосида умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлашга доир шартномаларни тузади ҳамда жойлар мулкдорларининг номидан умумий мол-мулк билан боғлиқ бошқа ҳуқуқий муносабатларга киришади;

умумий мол-мулкни сақлаш ҳамда таъмирлаш бўйича хизматлар кўрсатиш ва (ёки) ишларни бажаришга доир тузилган шартномалар бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади, умумий мол-мулкни сақлаш ва жорий таъмирлаш бўйича кўрсатилган хизматлар ва (ёки) бажарилган ишларни қабул қилиш далолатномаларини, умумий мол-мулкни сақлаш ҳамда таъмирлаш бўйича хизматлар кўрсатиш ва (ёки) ишларни бажаришнинг сифат нормативлари ҳамда даврийлиги бузилганлиги тўғрисидаги далолатномаларни имзолайди;

умумий йиғилишнинг баённомаси асосида мазкур кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг вакили сифатида умумий мол-мулк ва коммунал хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ ишлар бўйича судда иштирок этади;

умумий йиғилиш қарорига мувофиқ кўп квартирали уй кенгашининг раисига ҳал этиш учун топширилган масалалар бўйича қарорлар қабул қилади.

Умумий йиғилиш кўп квартирали уй кенгашининг раисига ва аъзоларига мукофот тўлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир. Бундай қарор кўрсатилган мукофотни тўлаш, шунингдек унинг миқдорини белгилаш шартлари ва тартибини ўз ичига олган бўлиши керак.

7-боб. Кўп квартирали уйни бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи томонидан бошқариш

27-модда. Бошқарувчи ташкилотнинг ва бошқарувчининг фаолияти

Бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи умумий мол-мулкни сақлашни таъминлайдиган ҳамда сифати умумий мол-мулкни сақлаш бўйича техник регламентлар ва белгиланган қоидалар талабларига мувофиқ бўлиши керак бўлган хизматларни кўрсатиш ва (ёки) ишларни бажариш учун жойларнинг мулкдорлари олдида жавобгар бўлади.

Бошқарувчи фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор сифатида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиши шарт ва малака (аттестация) сертификатига эга бўлиши керак.

Бошқарувчи ташкилот штатида кўп квартирали уйни бошқариш бўйича тегишли малака (аттестация) сертификатига эга бўлган камида икки нафар мутахассис бўлиши зарур.

Бошқарувчи ташкилот ва бошқарувчи умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар ҳамда бажариладиган ишлар, уларнинг қиймати ҳақидаги ахборотдан жойлар мулкдорларининг, кўп квартирали уй кенгашининг, ширкат бошқаруви ва тафтиш комиссиясининг эркин фойдаланишини таъминлаши шарт.

Бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи умумий мол-мулкни бошқариш, унга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш, шунингдек кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш бўйича хизматлар кўрсатилган ва ишлар бажарилган тақдирда, хизматлар кўрсатиш ва ушбу ишларни бажаришга тааллуқли қисм бўйича барча турдаги солиқларни тўлашдан озод этилади.

28-модда. Кўп квартирали уйни бошқариш шартномаси

Кўп квартирали уйни бошқариш шартномаси бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи билан жойларнинг мулкдорлари ўртасида ҳар бир жой мулкдори билан ушбу Қонун талабларига мувофиқ ёзма шаклда, умумий йиғилиш қарорларида кўрсатилган шартлар асосида тузилади.

Кўп квартирали уйни бошқариш шартномаси бўйича бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи жойлар мулкдорларининг топшириғига кўра, умумий мол-мулкни бошқариш, лозим даражада сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш бўйича келишилган муддат ичида ҳақ эвазига хизматлар кўрсатиш ва (ёки) ишларни бажариш, кўп квартирали уйни бошқариш мақсадига эришишга қаратилган бошқа фаолиятни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

Кўп квартирали уйни бошқариш шартномасида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

ўзига нисбатан бошқарув амалга ошириладиган умумий мол-мулкнинг таркиби, кўп квартирали уйнинг манзили;

умумий мол-мулкни сақлашга, ундан фойдаланишга ва уни таъмирлашга оид хизматлар ҳамда бажариладиган ишлар рўйхати, мазкур рўйхатни ўзгартириш тартиби;

шартнома нархини белгилаш тартиби, шунингдек тўловни тўлаб бериш тартиби;

бошқарув шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи томонидан бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш тартиби;

бажарилган ишлар ҳамда кўрсатилган хизматлар учун ҳисобот бериш тартиби ва муддатлари.

Кўп квартирали уйни бошқариш шартномаси камида бир йил, лекин кўпи билан беш йил муддатга тузилади.

Кўп квартирали уйни бошқариш шартномасининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин тарафлардан бирининг ушбу шартномани тугатиш тўғрисидаги аризаси мавжуд бўлмаган тақдирда, бундай шартнома унинг ўзида назарда тутилган айни ўша муддатга ва худди шундай шартлар асосида узайтирилган ҳисобланади.

Агар бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи шартнома шартларини бажармаса, кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорлари умумий йиғилиш қарорига асосан кўп квартирали уйни бошқариш шартномасини бажаришдан бир томонлама тартибда воз кечишга ва бошқа бошқарувчи ташкилотни ёки бошқарувчини танлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.

Бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи кўп квартирали уйни бошқариш шартномаси бекор қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида кўп квартирали уйнинг техник ҳужжатларини ва уйни бошқариш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни, қолдиқ пул маблағларини, умумий мол-мулк таркибига кирадиган жойларнинг калитларини ҳамда кўп квартирали уйдан фойдаланиш ва уни бошқариш учун зарур бўлган бошқа техник воситаларни ҳамда асбоб-ускуналарни янги танланган бошқарувчи ташкилотга ёки бошқарувчига ёхуд умумий йиғилиш қарорида белгиланган кўп квартирали уйдаги жой мулкдорига топшириши шарт.

29-модда. Бошқарувчи ташкилотнинг ёки бошқарувчининг ҳисоботи

Агар кўп квартирали уйни бошқариш шартномасида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи олдинги йил учун шартноманинг бажарилганлиги тўғрисида ҳар йили умумий йиғилишда ҳисобот бериши шарт.

Бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи жойларнинг мулкдорларига ўз молия-хўжалик фаолиятининг асосий кўрсаткичлари тўғрисидаги, умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш бўйича кўрсатилаётган хизматлар ҳамда бажарилаётган ишлар ҳақидаги, хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш тартиби ҳамда шартлари тўғрисидаги, уларнинг қиймати ҳақидаги ахборотдан эркин фойдаланишни таъминлаши шарт.

8-боб. Кўп квартирали уйни ширкат томонидан бошқариш

30-модда. Ширкат

Ширкат жойлар мулкдорларининг ташаббусига кўра ташкил этилади ва ўз уставига мувофиқ ўзини ўзи бошқариш асосида фаолият кўрсатади.

Ширкат юридик шахсдир ва у ўз мулкида ўзининг мустақил балансида ҳисобга олинадиган алоҳида мол-мулкка эга бўлади, ўз номидан мулкий ҳамда шахсий номулкий ҳуқуқларни олишга ва уларни амалга оширишга, мажбуриятларни бажаришга, судда даъвогар ва жавобгар бўлишга ҳақли.

Ширкат белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юридик шахс ҳуқуқига эга бўлади. Ширкат, агар унинг уставида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, унинг фаолияти муддати чекланмаган ҳолда ташкил этилади.

Ширкат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақиқланмаган ҳар қандай фаолият билан шуғулланиши мумкин. Ширкат ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли барча мол-мулк билан жавоб беради ва ўз аъзоларининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.

Ширкатнинг аъзолари кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорлари бўлган юридик ва жисмоний шахслардан иборатдир.

Жой бошқа шахсга ўтказилган тақдирда ширкат аъзоси бўлган унинг мулкдори янги мулкдорни ўзининг ширкат аъзоси эканлиги ҳамда ширкат уставида белгиланган, янги мулкдорга ўтадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга эканлиги тўғрисида хабардор қилиши шарт.

Ширкат ташкил этилган кўп квартирали уйдаги жойни сотиб олувчи шахслар ўзида жойга бўлган мулк ҳуқуқи юзага келган пайтдан эътиборан ширкат аъзосига айланади.

Ширкат аъзоси ширкатнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.

Ширкат ўзининг уставида назарда тутилган ўз фаолияти мақсадларига мувофиқ фуқаролик ҳуқуқий лаёқатига эга.

Ширкат жойлашган ер унинг давлат рўйхатидан ўтказилган жойи этиб белгиланади. Ширкат почта манзилига эга бўлади ва у почта манзили ўзгарган тақдирда ваколатли давлат органларини хабардор қилиши шарт. 

31-модда. Ширкатни ташкил этиш тартиби

Ширкатни ташкил этиш тўғрисидаги қарор ҳар бир кўп квартирали уйдаги барча жойлар мулкдорларининг ёки улар вакилларининг эллик фоизидан кўпи ҳозир бўлган жойлар мулкдорларининг таъсис йиғилишида қабул қилинади.

Таъсис йиғилиши ҳар бир кўп квартирали уйнинг ширкатга бирлашиш истагида бўлган жойлар мулкдорларининг камида ўн фоизи ташаббусига кўра чақирилади.

Таъсис йиғилиши ўтказиладиган жой, сана, вақт ва унинг кун тартиби тўғрисида жойларнинг мулкдорларини хабардор қилиш йиғилиш ўтказилгунига қадар ўн кундан кечиктирмай таъсис йиғилишининг ташаббускори томонидан амалга оширилади.

Таъсис йиғилишини ўтказиш тўғрисида жойлар мулкдорларини хабардор қилиш уйларнинг ҳар бир йўлагида тегишли эълонни жойлаштириш ёки эълонни мулкдорларга имзо қўйдириб топшириш орқали амалга оширилади. Жойларнинг мулкдорлари бўлган юридик шахсларни хабардор қилиш тегишли хабарни буюртма хат билан юридик манзилга юбориш ёхуд электрон хабар қилиш ёки хабарни ваколатли вакилга имзо қўйдириб топшириш орқали амалга оширилади.

Ширкатни ташкил этиш тўғрисидаги қарор, агар таъсис йиғилишида иштирок этаётган барча жойлар мулкдорларининг ёки улар вакилларининг эллик фоизидан кўпи уни ёқлаб овоз берса, қабул қилинган ҳисобланади.

Бир неча кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларини бирлаштирувчи ширкатни ташкил этишда ушбу ҳар бир уйдаги жойлар мулкдорларининг ёки улар вакилларининг эллик фоизидан кўпининг розилиги олинган бўлиши керак. Жойлар мулкдорларининг таъсис йиғилишига ёзма шаклда берилган овозларини жой мулкдорининг ширкатни ташкил этиш масаласи бўйича қарори ва ўзига қарашли жойнинг манзили кўрсатилган ҳолда ҳисобга олишга йўл қўйилади.

Жойлар мулкдорларининг таъсис йиғилиши, қоида тариқасида, қуйидаги кун тартиби билан ўтказилади:

ширкатни ташкил этиш тўғрисида;

ширкатнинг уставини тасдиқлаш ҳақида;

ширкат бошқарувининг раиси ва аъзоларини сайлаш тўғрисида;

ширкатнинг тафтиш комиссиясини сайлаш ҳақида.

Жойлар мулкдорларининг таъсис йиғилишида ширкатни ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

Жойлар мулкдорлари таъсис йиғилишининг овоз бериш натижалари ҳамда ёзма шаклда берилган овозлар сони кўрсатилган баённомаси жойларнинг мулкдорлари орасидан сайланган йиғилиш раиси ва котиби томонидан имзоланади.

Баённомага йиғилишда иштирок этган шахсларнинг ҳар бир муҳокама қилинган масала бўйича ўз хоҳиш-истаги ифодаланган ҳолдаги, уларнинг имзолари билан тасдиқланган рўйхати илова қилинади.

32-модда. Ширкатнинг устави

Ширкатнинг уставида қуйидагилар бўлиши керак:

ширкатнинг тўлиқ ва қисқартирилган номи, жойлашган ери (почта манзили);

жойларнинг мулкдорлари ширкатга бирлаштирилган кўп квартирали уйларнинг манзиллари;

фаолиятнинг предмети ва мақсади;

ширкатнинг ҳамда ширкат аъзоларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

умумий мол-мулкдан фойдаланишдан, тижорат фаолиятини амалга оширишдан ва умумий мол-мулкнинг айрим қисмларини реализация қилиш ва ижарага беришдан олинган даромаддан (фойдадан) фойдаланиш ва (ёки) уни тақсимлаш тартиби;

ширкатнинг зарарлари ўрнини қоплаш тартиби;

захира жамғармаларини ва бошқа жамғармаларни ташкил этиш тартиби;

ҳар бир турар жой ва яшаш учун мўлжалланмаган жой мулкдорининг умумий мол-мулкдаги улуши;

мажбурий бадалларнинг миқдорларини белгилаш ва уларни ширкат аъзолари томонидан тўлаш тартиби;

умумий мол-мулкни, кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ва ширкатнинг мол-мулкини бошқариш тартиби;

ширкат бошқаруви ва тафтиш комиссиясининг сон таркиби ҳамда сайланиш муддати, уларнинг ваколатлари, улар томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар;

йиллик ҳисоботларни тузиш, текшириш ва тасдиқлаш тартиби;

ширкатни қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби.

Ширкатнинг уставида ширкат фаолияти билан боғлиқ бўлган, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам бўлиши мумкин.

33-модда. Ширкатнинг ҳуқуқлари

Ширкат қуйидаги ҳуқуқларга эга:

умумий мол-мулкни, кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ва ширкатнинг мол-мулкини сақлаш усулини белгилаш;

ширкатнинг йиллик даромадлар ва харажатлар сметасини белгилаш;

умумий мол-мулкдан, кўп квартирали уйга туташ ер участкасидан ва ширкатнинг мол-мулкидан фойдаланиш қоидаларини ширкатнинг уставида белгиланган тартибда белгилаш;

банкларнинг кредитларидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва шартларда фойдаланиш;

ўз мол-мулкини, шу жумладан айланма маблағларини қонун ҳужжатларига мувофиқ мустақил тасарруф этиш;

ер участкаларини доимий фойдаланиш учун белгиланган тартибда олиш;

ер участкасида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ хўжалик биноларини ҳамда бошқа иморатларни қуриш;

мулкдорнинг жойи ичидаги умумий мол-мулкнинг ҳолатини назорат қилиш, унга хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш мақсадида мулкдорни олдиндан хабардор қилгач, мулкдорнинг жойига унинг борлигида кириш ёки авария юз берган тақдирда дарҳол кириш;

ширкатнинг мол-мулкини олиш, сотиш, топшириш, айирбошлаш, ижарага бериш, балансдан чиқариш;

ширкат аъзоларига ва бошқа шахсларга ишларни бажариш ҳамда қўшимча хизматлар кўрсатиш;

маблағларидан ширкат уставида назарда тутилган мақсадлар учун фойдаланиладиган махсус фондлар ташкил этиш.

34-модда. Ширкатнинг мажбуриятлари

Ширкат:

умумий мол-мулкнинг, кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларининг ва ширкат мол-мулкининг белгиланган қоидалар, нормалар ҳамда стандартларга мувофиқ асралиши ва сақланишини таъминлаши;

ширкат аъзолари умумий йиғилишининг қарорлари бажарилишини таъминлаши;

мажбурий бадаллар ўз вақтида келиб тушишини таъминлаши;

ҳар йили умумий мол-мулкни сақлаш ишлари режасини, шу жумладан кўп квартирали ҳар бир уй учун алоҳида шундай режани белгилаши ва унинг ижроси тўғрисида ҳисобот тузиши;

ҳар йили ширкатнинг даромадлар ва харажатлар сметасини ҳамда унинг ижросига доир ҳисоботни тузиши, шу жумладан кўп квартирали ҳар бир уй бўйича шундай смета ва ҳисобот тузиши;

умумий мол-мулкдан фойдаланиш шартлари ва тартиби белгиланаётганда барча ширкат аъзоларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаши;

кўп квартирали уйнинг хавфсизлигига доир талабларга риоя этилишини таъминлаши;

муҳандислик коммуникациялари ва умумий мол-мулк таркибига кирувчи бошқа жиҳозларнинг кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорларига коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларига мувофиқ коммунал хизматлар тақдим этиш учун доимий шайлигини таъминлаши;

ширкат аъзоларининг талабига кўра ширкат аъзоларининг ўз ҳуқуқларига тааллуқли барча ҳужжатлардан, шу жумладан электрон шаклларидан фойдаланишини, шунингдек эркин фойдаланиладиган ахборот-коммуникация технологияларининг имкониятларини қўллаган ҳолда фойдаланишини таъминлаши;

қонун ҳужжатларида ва ширкат уставида назарда тутилган ҳолларда, учинчи шахслар билан умумий мол-мулкни сақлаш, унга эгалик қилиш ҳамда ундан фойдаланиш, коммунал хизматлар кўрсатишга оид муносабатларда ширкат аъзоларининг манфаатларини ифодалаши шарт.

35-модда. Ширкатга аъзоликнинг тугатилиши

Ширкатга аъзолик қуйидаги ҳолларда тугатилади:

жойга бўлган мулк ҳуқуқи бекор қилинганда;

кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг кўпчилиги томонидан ширкатдан чиқиш тўғрисида қарор қабул қилинганда;

ширкат тугатилганда.

36-модда. Ширкатнинг мол-мулки

Ширкатнинг мол-мулки пул маблағларидан, бинолар, иншоотлар, жиҳозлар, инвентарлар, транспорт воситаларидан ҳамда ширкат маблағлари ҳисобидан ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ўзга усуллар билан олинган бошқа мол-мулкдан иборатдир.

Ширкатнинг пул маблағлари қуйидагилардан иборат:

ширкат аъзоларининг мажбурий бадаллари;

ширкат аъзоларининг ихтиёрий бадаллари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий хайрия маблағлари;

тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар (фойдалар);

бошқа даромадлар ва тушумлар.

Алоҳида кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорлари ширкатдан чиққан тақдирда, ширкатнинг ушбу кўп квартирали уйни капитал таъмирлаш мақсадида жойларнинг мулкдорлари томонидан тўпланган маблағлар ҳисобидан шакллантирилган пул маблағларининг тегишли қисми кўп квартирали уйни бошқариш бўйича янги тузилаётган органга белгиланган тартибда ўтказилиши лозим.

37-модда. Ширкатнинг бошқарув органлари

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ва ширкат бошқаруви ширкатнинг бошқарув органларидир.

Бошқарув ширкатнинг ижро этувчи органи бўлиб, ширкат аъзоларининг умумий йиғилишига ҳисобдордир.

Қонунга ёки ширкат уставига асосан ширкат номидан иш юритадиган шахс ширкатнинг манфаатлари йўлида виждонан, оқилона ҳаракат қилиши керак ва ширкатга ўзи етказган зарарнинг ўрнини ширкат аъзолари умумий йиғилишининг талабига биноан қоплаши шарт.

38-модда. Ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ваколатлари

Ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ваколатларига қуйидагилар киради:

ширкат уставини тасдиқлаш ҳамда зарур бўлган тақдирда унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

ширкатнинг бошқарувини, бошқарув раисини ва тафтиш комиссиясини сайлаш ҳамда уларнинг ваколатларини муддатидан олдин тугатиш;

умумий мол-мулкни, кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини ва ширкат мол-мулкини сақлашга, улардан фойдаланишга ҳамда уларни таъмирлашга доир ишларнинг йиллик режасини, унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш;

ширкатнинг йиллик даромадлари ва харажатлари сметасини ҳамда унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш;

ширкат аъзолари мажбурий бадалларининг миқдорини тасдиқлаш;

бошқарувчининг ёки бошқарув ташкилотининг номзодини тасдиқлаш;

ширкат бошқаруви раисига, аъзоларига ва тафтиш комиссияси аъзоларига тўланадиган ҳақ миқдорини белгилаш;

ширкат ходимларининг иш ҳақи миқдорини ва уларни мукофотлаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш;

ширкатнинг махсус жамғармаларини тузиш ва уларнинг маблағларини сарфлаш тартибини белгилаш;

умумий мол-мулкдан, кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларидан ва ширкат мол-мулкидан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш;

ширкат аъзоларининг ширкат бошқаруви раиси, аъзолари ҳамда тафтиш комиссияси фаолиятига тааллуқли ариза ва шикоятларини кўриб чиқиш;

кўп квартирали уйдаги жойларни реконструкция қилиш, қайта қуриш ва қайта режалаштиришни келишиб олиш тартибини белгилаш;

битта уйдаги жойлар мулкдорларининг маблағларидан бошқа уйнинг эҳтиёжлари учун фойдаланиш тартибини белгилаш, мазкур маблағларнинг ва уларни қайтаришнинг ҳисобини юритиш;

умумий мол-мулкни ижарага бериш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

хўжалик бинолари ва бошқа иморатлар қуриш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

қарз маблағларини, шу жумладан банк кредитларини олиш тўғрисида қарор қабул қилиши;

ширкатнинг тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадидан (фойдасидан) фойдаланиш йўналишларини белгилаш;

уюшмаларга (иттифоқларга) ва бошқа бирлашмаларга кириш ҳамда улардан чиқиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

ширкатни қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш.

39-модда. Ширкат аъзосининг ширкат аъзолари умумий йиғилишидаги вакили

Ширкатнинг бошқа аъзоси ёки ширкат аъзосининг оддий ёзма шаклда расмийлаштириладиган ишончномасига эга бўлган учинчи шахс ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида ширкат аъзосининг вакили бўлиши мумкин.

Ширкат аъзоси бўлган жисмоний шахснинг номидан ишончнома унинг шахсий имзоси билан берилади. Ширкат аъзоси бўлган юридик шахснинг номидан ишончнома раҳбар имзоси билан шу юридик шахс муҳри (мавжуд бўлган тақдирда) қўйилган ҳолда берилади.

Ишончномада тегишли кўп квартирали уйдаги ифода этилаётган жой мулкдори ва унинг вакили тўғрисидаги маълумотлар (исми ёки номи, яшаш жойи ёки турган жойи, паспорт маълумотлари) бўлиши керак.

Ишончнома ширкат аъзосининг вакилига ширкат аъзоларининг битта ширкат аъзолари умумий йиғилишида ёки ишончномада кўрсатилган вақт давомида барча йиғилишларида ширкат аъзосининг номидан ва унинг манфаатларини кўзлаб сўзга чиқиш ҳамда битта йиғилиш кун тартибидаги масалалар юзасидан ёхуд барча ҳолларда овоз бериш ваколатини бериши мумкин.

Ширкат аъзосининг ишончномаси уч йилдан кўп бўлмаган муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилмаган бўлса, у ишончнома берилган кундан эътиборан бир йил давомида ўз кучини сақлаб қолади. Берилган муддати кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий эмас.

Бир шахс ширкат аъзолари умумий йиғилишида ширкат аъзоларидан бир нечтасининг вакили бўлиши мумкин. Агар бир шахс ширкат аъзоларидан бир нечтасининг вакили бўлса, унинг овозлари сони у манфаатларини ифодалаётган ширкат аъзоларининг овозлари сонига кўпаяди. Бунда ширкат аъзоларининг вакили ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида ўзи манфаатларини ифодалаётган ҳар бир ширкат аъзосининг номидан алоҳида-алоҳида овоз бериш ҳуқуқига эга.

40-модда. Ширкат аъзоларининг умумий йиғилишини чақириш ва олиб бориш тартиби

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ширкат уставида белгиланган тартибда йилига камида бир марта чақирилади.

Ширкат аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши бошқарувнинг, ширкатда камида ўн фоиз овозга эга бўлган ширкат аъзоларининг ташаббусига, шунингдек тафтиш комиссиясининг талабига биноан чақирилиши мумкин.

Агар ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши кун тартибига умумий мол-мулкни сақлашга доир ишларнинг режаларини, даромадлар ва харажатлар сметаларини, уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни, мажбурий бадаллар миқдорларини кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш киритилган бўлса, ширкат бошқаруви ширкат аъзолари умумий йиғилиши ўтказилгунига қадар ширкат аъзоларига мазкур ҳужжатларнинг лойиҳалари билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаши шарт.

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши, агар йиғилишда ширкат аъзоларининг ёки улар вакилларининг эллик фоизидан кўпроғи ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади. Биттадан ортиқ кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларини бирлаштирган ширкатлардаги йиғилишда кўп квартирали ҳар бир уйдаги жойлар мулкдорларининг ёки улар вакилларининг камида эллик фоизи ҳозир бўлиши керак.

Ширкатнинг ҳар бир аъзоси ширкат аъзолари умумий йиғилишида бир овозга эга бўлади.

Ширкат аъзосининг эри (хотини), агар улар бирга яшаётган бўлса, ушбу аъзонинг номидан ширкат аъзолари умумий йиғилишида ишончномасиз иштирок этиш ва овоз бериш ҳуқуқига эга.

Агар турар жой умумий мулк ҳуқуқи асосида икки ва ундан ортиқ шахсга тегишли бўлса, ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида шериклардан бири бошқаларнинг розилиги билан уларнинг номидан иштирок этади. Бунда уларнинг ҳар бири ширкат аъзолари умумий йиғилишида бир овоз доирасида овоз беришга ҳақли.

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилишини ҳар бир йиғилишнинг бошланишида ширкат аъзолари орасидан оддий кўпчилик овоз билан сайланадиган йиғилиш раиси олиб боради. Ҳар бир йиғилишнинг бошланишида ширкат аъзолари орасидан йиғилиш баённомасини юритадиган йиғилиш котиби оддий кўпчилик овоз билан сайланади.

Ширкат аъзолари умумий йиғилишининг қарорлари баённома билан расмийлаштирилади. Баённома йиғилиш раиси ва котиби томонидан имзоланади.

41-модда. Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан қарорлар қабул қилиш

Ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ваколатига киритилган масалалар бўйича қарор, агар ширкат аъзолари умумий йиғилишида иштирок этган ширкат аъзоларининг ёки улар вакилларининг эллик фоизидан кўпи уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади. 

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан қарорлар ушбу Қонунда белгиланган тартибда умумий йиғилишни чақириш ёки ширкат аъзолари ўртасида сўровнома ўтказиш орқали ёхуд ширкат уставида назарда тутилган бошқа усулда қабул қилиниши мумкин.

Қарорни қабул қилиш чоғида ширкат аъзолари томонидан ёзма шаклда берилган овозлар йиғилиш кун тартибидаги масалалар юзасидан ширкат ҳар бир аъзосининг қарори кўрсатилган ҳолда ҳисобга олиниши ширкатнинг уставида белгилаб қўйилиши мумкин.

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида қабул қилинган қарор турар жойларнинг ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорлари томонидан ижро этилиши мажбурийдир.

42-модда. Ширкат аъзолари ўртасида сўровнома ўтказиш орқали ширкат аъзолари умумий йиғилиши томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида сўровнома ўтказиш орқали қарор қабул қилиш учун йиғилиш ташаббускори умумий йиғилиш қарорининг лойиҳасини ширкатнинг ҳар бир аъзосига юбориши шарт.

Қарор лойиҳаси ягона ҳужжат тарзида тузилган бўлиши керак.

Агар ширкат бошқаруви ширкат аъзолари умумий йиғилиши ташаббускори бўлмаса, ширкат аъзолари умумий йиғилиши қарори лойиҳасининг кўчирма нусхаси ширкат бошқарувига ҳам маълумот учун қабул қилиш мақсадида топширилади.

Ширкат аъзолари умумий йиғилиши қарорининг лойиҳасида йиғилиш ташаббускори тўғрисидаги маълумотлар, қарор юборилиши лозим бўлган жой ва манзил, овоз бериш учун назарда тутилган, беш кундан кам бўлиши мумкин бўлмаган муддат, шунингдек бошқа зарур ахборот кўрсатилади.

Ширкат аъзолари ҳар бир масала бўйича қарор лойиҳасининг аслига ўз имзосини қўйиш орқали ёзма равишда алоҳида овоз бериши (ёқлаб, қарши ёки бетараф) ва қарорни йиғилиш ташаббускори томонидан кўрсатилган жойга ёки манзилга топшириши шарт.

Қайси қарор лойиҳаси масаласи бўйича ушбу Қонунда назарда тутилган тегишли овозлар сони тўпланган бўлса, ўша масала бўйича қарор қабул қилинган ҳисобланади.

Қарор лойиҳаси бўйича овоз беришда унга қўшимча ёки ўзгартишлар киритиш тақиқланади. Агар овоз бериш чоғида қарор лойиҳасини ўзгартириш ёки унга қўшимча киритиш зарурати юзага келса, янги лойиҳа тузилиши ҳамда ширкатнинг ҳар бир аъзосига ўзгартиш ва қўшимчаларнинг сабаблари кўрсатилган ҳолда юборилиши керак. Ўзгартишлар ёки қўшимчалар билан қабул қилинган, ширкат аъзоларига юборилмаган қарор ҳақиқий эмас.

43-модда. Ширкатдаги ҳар бир уйнинг жойлари мулкдорларининг йиғилиши

Биттадан кўп бўлган уйнинг жойлари мулкдорларини бирлаштирадиган ширкатларда ширкат аъзоларининг ҳар йилги умумий йиғилиши ўтказилгунига қадар ширкатдаги ҳар бир уйнинг жойлари мулкдорларининг қарор қабул қилиш учун йиғилишлари албатта ўтказилиб, уларда мазкур уйдаги барча жойлар мулкдорларининг ёки улар вакилларининг эллик фоиздан кўпи ҳозир бўлиши керак.

Ширкатдаги ҳар бир кўп квартирали уйнинг жойлари мулкдорларининг қарорлари йиғилишни чақириш орқали, сўровнома ўтказиш йўли билан ёки ширкат уставида назарда тутилган бошқа усулда қабул қилиниши мумкин.

Ширкатдаги ҳар бир уйнинг жойлари мулкдорларининг йиғилиши қуйидагиларни тасдиқлаш тўғрисида қарорлар қабул қилади:

мазкур кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкни, кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ва ширкат мол-мулкини сақлашга доир ширкат ишлар режасининг бир қисми сифатида умумий мол-мулкни сақлаш бўйича ишлар режасини;

ширкатнинг даромадлари ва харажатлари сметасининг бир қисми сифатида ушбу кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш учун даромадлар ва харажатлар сметасини;

умумий мол-мулкни сақлашга доир тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ ушбу уйнинг жойлари мулкдорларининг мажбурий бадаллари миқдорларини;

ўтган йил учун ишлар режаларининг, умумий мол-мулкни сақлашга доир даромадлар ва харажатлар сметасининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни.

Жойлар мулкдорларининг йиғилиши жойлар мулкдорларининг маблағларини ширкатдаги бошқа уйнинг эҳтиёжлари учун ишлатиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Ҳар бир кўп квартирали уйнинг жойлари мулкдорлари йиғилишининг қарорлари баённома билан расмийлаштирилади. Баённома кўп квартирали уйнинг жойлари мулкдорлари орасидан сайланган йиғилиш раиси ва котиби томонидан имзоланади.

Жойлар мулкдорларининг йиғилиши томонидан қабул қилинган қарор ушбу кўп квартирали уйнинг барча жойлари мулкдорлари учун мажбурийдир.

44-модда. Ширкат бошқаруви

Ширкат бошқаруви ширкатнинг жорий фаолиятига раҳбарликни амалга оширади.

Ширкат бошқаруви ширкат аъзолари орасидан ширкат уставида белгиланган таркибда ва муддатга умумий йиғилиш томонидан сайланади.

Агар кўп квартирали уйдаги барча жойларнинг 30 фоиздан ортиқ майдони бир шахснинг мулки бўлса, мазкур шахс ўз розилиги билан ширкат бошқаруви таркибига киритилади.

Ширкат бошқаруви ширкат бошқарувининг раиси томонидан уставда белгиланган муддатларда, аммо бир ойда камида бир марта чақирилади.

Ширкат бошқарувининг мажлиси унда бошқарув аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли деб топилади.

Ширкат бошқарувининг ҳар бир аъзоси бошқарув мажлисида бир овозга эга.

Ширкат бошқарувининг қарорлари бошқарув аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Ширкат бошқарувининг мажлислари баённома билан расмийлаштирилади.

Ширкат аъзолари ширкат бошқаруви мажлисларида маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этиши мумкин.

45-модда. Ширкат бошқарувининг ваколатлари

Ширкат бошқаруви ширкат фаолиятининг барча масалалари юзасидан қарорлар қабул қилишга ҳақли, бундан ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ваколатлари жумласига киритилган масалалар мустасно.

Ширкат бошқарувининг ваколатлари жумласига қуйидагилар киради:

ширкат аъзоларининг умумий йиғилишини чақириш ва уни ўтказишни ташкил этиш;

умумий мол-мулкни, ер участкасини ва ширкатнинг мол-мулкини сақлашга доир ишлар режасининг лойиҳасини ҳамда унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тузиш;

ширкатнинг йиллик даромадлар ва харажатлар сметаси лойиҳасини ҳамда унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тузиш;

ширкат устави талабларининг ва ширкат аъзолари умумий йиғилиши қарорларининг бажарилишини таъминлаш;

умумий мол-мулкка ҳамда ширкатнинг мол-мулкига хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш учун танлов асосида пудратчиларни танлаш;

танлов ғолиби билан умумий мол-мулкни ва ширкатнинг мол-мулкини сақлаш, унга хизмат кўрсатиш ҳамда уни таъмирлаш учун шартномалар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

умумий мол-мулкнинг, ер участкасининг ва ширкат мол-мулкининг асралиши ҳамда сақланиши устидан назорат қилиш;

ширкатнинг асбоб-ускуналарини, анжомларини ва бошқа моддий қимматликларини олиш ҳамда сотиш, топшириш, айирбошлаш, ижарага бериш, шунингдек уларни ширкатнинг балансидан чиқариш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

ширкат аъзоларининг аризалари ва шикоятларини кўриб чиқиш;

иш юритиш, бухгалтерия ҳисобини ва ҳисоботини юритиш, маблағларнинг тушуми ҳамда сарфланиши ҳисобини ширкатдаги ҳар бир кўп квартирали уй бўйича алоҳида-алоҳида юритиш;

ширкат аъзоларининг мажбурий бадаллари тўлиқ тушишини ташкил этиш ва таъминлаш;

ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган ширкатнинг даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ ширкат маблағларини тасарруф этиш.

Ширкат бошқаруви ширкат аъзолари олдида қуйидагилар учун жавобгардир:

умумий мол-мулкка хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш ишларининг тузилган шартномаларга мувофиқ танлов асосида ташкил этилиши;

муҳандислик тармоқларига ва бошқа умумий мол-мулкка хизмат кўрсатишнинг лозим даражадаги сифати таъминланиши;

таъмирлаш ишларини белгиланган нормалар ва талабларга мувофиқ сифатли бўлиши ҳамда ўз вақтида ўтказилиши;

ширкат маблағларидан умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш учун белгиланган мақсадда фойдаланилиши;

умумий фойдаланишдаги жойларнинг ва кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларининг лозим даражадаги санитария ҳолати, уларнинг ободонлаштирилиши.

Ширкат бошқаруви мунтазам равишда, бироқ уч ойда камида бир марта умумий мол-мулкни сақлаш бўйича ишлар режаларининг бажарилиши, амалга оширилган ва режалаштирилаётган харажатлар, мажбурий бадалларни йиғиш, тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар (фойда) тўғрисида ширкат аъзолари олдида ҳисобот беради. Ҳисоботни тақдим этиш шакли ширкатнинг барча аъзолари учун ҳисоботдан фойдаланиш имкониятини таъминлаши керак ва у ширкат аъзолари умумий йиғилишининг қарори билан белгиланади.

46-модда. Ширкат бошқарувининг раиси

Номзодда тегишли малака (аттестация) сертификати мавжуд бўлган тақдирда, ширкат бошқарувининг раиси умумий йиғилиш томонидан ширкат аъзолари орасидан ширкат уставида белгиланган муддатга сайланади.

Малака (аттестация) сертификатига эга бўлмаган ширкат аъзоси бошқарув раиси этиб сайланган тақдирда, янгидан сайланган раис сайланган кунидан эътиборан ўттиз кун ичида белгиланган тартибда тегишли сертификатни олиши керак. Агар янгидан сайланган ширкат бошқарувининг раиси белгиланган муддат давомида малака сертификатини олмаган бўлса, ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ўн кун ичида ширкатнинг бошқа аъзосини бошқарув раиси этиб сайлаши шарт.

Ширкат бошқарувининг раиси:

ширкат бошқаруви фаолиятига раҳбарлик қилади;

бошқа ташкилотлар ва фуқаролар билан ўзаро муносабатларда ширкатнинг манфаатларини ифода этади;

ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ва ширкат бошқарувининг қарорлари бажарилишини таъминлайди;

ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ёки ширкат бошқарувининг қарорларига мувофиқ молиявий ҳужжатларни, шартномаларни имзолайди;

умумий мол-мулкни ва ширкат мол-мулкини сақлаш, уларга хизмат кўрсатиш ҳамда уларни таъмирлаш усуллари бўйича бошқарув томонидан тайёрланган таклифларни ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши муҳокамасига киритади;

ширкат ходимларининг иш ҳақи миқдори тўғрисидаги таклифларни ва уларни мукофотлаш ҳақидаги низомлар, ширкатнинг бошқа низомлари ва қоидалари лойиҳаларини ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши муҳокамасига киритади;

бошқарувнинг ширкат аъзолари олдида мунтазам равишда ҳисобот беришини таъминлайди;

ширкат ходимлари билан меҳнат шартномалари тузади ҳамда уларни бекор қилади.

Ширкат бошқаруви раисининг ваколатлари тугатилганда, ширкат аъзолари умумий йиғилишининг қарори қабул қилинган санадан эътиборан уч иш куни ичида ширкат бошқарувининг раиси кўп квартирали уйнинг техник ҳужжатларини, қолдиқ пул маблағларини, ширкат муҳрини ва ширкатни бошқариш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни, умумий мол-мулк таркибига кирувчи жойларнинг калитларини ҳамда кўп квартирали уйдан фойдаланиш ва уни бошқариш учун зарур бўлган бошқа техник воситалар ҳамда жиҳозларни ширкат бошқаруви раисининг мажбуриятларини ўз зиммасига олган шахсга ёки умумий йиғилишнинг қарорида кўрсатилган кўп квартирали уйдаги жой мулкдорига топшириши шарт.

47-модда. Ширкатнинг тафтиш комиссияси

Ширкат аъзолари умумий йиғилишининг қарорига кўра ширкат аъзолари орасидан камида уч кишидан иборат таркибда тафтиш комиссияси сайланади.

Ширкат тафтиш комиссиясининг аъзолари бир вақтнинг ўзида ширкат бошқарувининг аъзолари бўлиши мумкин эмас.

Ширкатнинг тафтиш комиссияси ширкат аъзоларининг умумий йиғилишига ҳисобдордир.

Ширкатнинг тафтиш комиссияси ширкатнинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилишни амалга оширади.

Ширкатнинг тафтиш комиссияси ширкатнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш натижалари тўғрисидаги ҳисоботни ҳар йили ширкат аъзоларининг умумий йиғилишига тақдим этиши шарт.

Ширкат тафтиш комиссиясининг ширкатнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш натижалари тўғрисидаги ҳисоботи ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида кўриб чиқилгунига қадар учинчи шахсларга берилиши мумкин эмас.

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ширкатнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш учун белгиланган тартибда аудиторлик ташкилотини жалб этишга ҳақлидир.

48-модда. Ширкатни қайта ташкил этиш ва тугатиш

Ширкатни қайта ташкил этиш қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш ва ажратиб чиқариш шаклида амалга оширилиши мумкин.

Ширкатни қайта ташкил этиш ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ширкат аъзоларининг эллик фоиздан кўпроқ овози билан қабул қилган қарорига биноан амалга оширилади.

Қайта ташкил этилаётган ширкатнинг мол-мулкини ажратиб чиқариш ёки бўлиш ширкат аъзоларининг ширкат мол-мулкини шакллантиришдаги иштирокига мутаносиб тарзда амалга оширилади.

Ширкат қайта ташкил этилаётганда умумий мол-мулкка тааллуқли техник ва бошқа ҳужжатларни қабул қилиб олиш-топшириш амалга оширилади.

Ширкатни тугатиш қонун ҳужжатларида ҳамда ширкат уставида белгиланган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.

Ширкат тугатилаётганда кредиторларнинг талаблари қаноатлантирилганидан кейин ширкатнинг қолган мол-мулки ширкат аъзолари ўртасида ширкат аъзоларининг ширкат мол-мулкини шакллантиришдаги иштирокига мутаносиб тарзда тақсимланади.

9-боб. Якунловчи қоидалар

49-модда. Кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро муносабатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ва улар мансабдор шахсларининг кўп квартирали уйларни бошқариш органлари фаолиятига аралашувига йўл қўйилмайди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари кўп квартирали уйларни бошқариш органлари томонидан банк кредитларини олишда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кафил бўлиши мумкин.

Кўп квартирали уйларни бошқариш органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга доир ишларни ташкил этиш ҳамда бошқа масалалар бўйича ҳамкорлик қилади.

50-модда. Бошқарувчи ташкилотлар, бошқарувчилар ва ширкатларнинг бирлашмалари

Бошқарувчи ташкилотлар, бошқарувчилар ва ширкатлар ўз фаолиятини мувофиқлаштириш, тажриба алмашиш, умумий манфаатларни ифода этиш ва ҳимоя қилиш, давлат бошқаруви ва ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорликни таъминлаш, шунингдек фаолиятнинг бошқа масалаларини ҳал этиш мақсадида ассоциацияларга (иттифоқларга) бирлашишга ҳақли.

51-модда. Низоларни ҳал этиш

Кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

52-модда. Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

53-модда. Қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

1) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 12 апрелда қабул қилинган “Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида”ги ЎРҚ–32-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 4, 158-модда);

2) Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–391-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 йил, № 8, 312-модда) 31-моддаси;

3) Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–405-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, № 4, 125-модда) 19-моддаси.

54-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

55-модда. Ҳуқуқий эксперимент ўтказиш ва қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

2020 йил 1 майга қадар бўлган муддатда Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида, Жиззах ва Марғилон шаҳарларида кўп квартирали уйларни бошқаришда ушбу Қонун нормаларини апробация қилиш юзасидан ҳуқуқий эксперимент (бундан буён матнда ҳуқуқий эксперимент деб юритилади) ўтказилишини таъминласин;

бир ой муддатда ҳуқуқий экспериментни ўтказишга доир тегишли қарорни қабул қилсин;

ҳуқуқий экспериментнинг моҳияти ва вазифалари оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда ёритиб борилишини, шунингдек аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари ўтказилишини таъминласин;

ҳуқуқий эксперимент якунлари бўйича 2020 йил 1 июнга қадар бўлган муддатда ушбу Қонун нормаларини янада такомиллаштириш ва уни республиканинг бошқа ҳудудларида қўллаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига таклифлар киритсин;

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

56-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун 2020 йил 1 августдан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти

Шавкат Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 2019 йил 7 ноябрь


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

29

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг