Президент қарори: Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари фаолияти такомиллаштирилади
Жамият
−
30 Май 2019
4105Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 28 май куни “Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қуйида қарорнинг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, маънавий-ахлоқий, жисмонан етук, ватанпарвар, миллий анъана ва қадриятларимизга садоқатли ёшларни вояга етказиш, уларни амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг фаол ва жонкуяр иштирокчисига айлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларининг ушбу жараёндаги иштироки, шунингдек, жисмонан ва руҳан соғлом шахсни тарбиялаш, болаларда меҳнатсеварлик ва комилликка интилиш туйғуларини шакллантиришдаги фаолиятини янада такомиллаштиришни талаб этади.
Вояга етмаганларни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштиришда уларнинг ижтимоий ҳолати, шахсий хислатлари, содир этган қилмишининг хавфлилик даражасини тўлиқ ва тўғри баҳолаш долзарб масала бўлиб қолмоқда.
Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидаги бугунги ҳолат ўқув жараёнини давлат таълим стандартлари асосида сифатли ташкил этиш, ўқитувчи, тарбиячи, психолог ва бошқа ходимларнинг тарбияланувчиларга таълим бериш, уларга касб-ҳунар ўргатиш борасидаги кўникма ва малакаларини оширишни тақозо этади.
Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, алоҳида шароитларда тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож бўлган ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигининг Бахт шаҳридаги ўғил болалар махсус коллежи, Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежи, Самарқанд шаҳридаги 64-сонли ўғил болалар мактаб-интернати ва Чиноз туманидаги 5-сонли қиз болалар мактаб-интернатининг негизида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси ҳамда Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасасини (кейинги ўринларда – Республика ўқув-тарбия муассасалари) ташкил этиштўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси Тошкент вилояти, Чиноз тумани, “Гулзоробод” маҳалласи манзилида;
Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси Сирдарё вилояти, Сирдарё тумани, Бахт шаҳри “Тадбиркор” маҳалласи манзилида жойлаштирилсин.
3. Қуйидагилар:
Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига;
Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига бириктирилсин.
Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Ички ишлар вазирлиги тегишинча Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси ҳамда Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасасининг ўз вақтида тўлиқ таъминоти ва маиший шарт-шароитлари яхшиланишига кўмаклашиш, ушбу муассасаларда маънавий-маърифий ишларнинг замонавий усул ва шаклларидан фойдаланилган ҳолда соғлом ва жисмонан бақувват, руҳан тетик, билимли, ватанпарвар, фидойи, дунёқараши кенг ёшларни шакллантириш, тарбияланувчиларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга;
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Республика ўқув-тарбия муассасаларида сифатли тарбия ва таълим жараёнини йўлга қўйиш, тарбияланувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга масъул ҳисобланади.
4. Белгилансинки:
а) Республика ўқув-тарбия муассасаларига 14 ёшга тўлган ва 18 ёшдан ошмаган вояга етмаганлар жойлаштирилади;
б) Республика ўқув-тарбия муассасаларига қуйидагилар:
ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган ёхуд руҳий касаллик билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланишда ўз ёшига нисбатан орқада қолиши оқибатида содир этган қилмишининг аҳамиятини тўлиқ англаб етишга қодир бўлмаган;
айблилиги тўғрисидаги масала ҳал қилинмай туриб жиноий жавобгарликдан озод қилинган, материаллар вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияга кўриб чиқиш учун топширилган бўлса;
Республика ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш тариқасидаги мажбурлов чораси қўлланилган ҳолда жиноий жазодан озод қилинган вояга етмаганлар;
якка тартибдаги профилактика иши олиб борилаётганлигига қарамай мунтазам равишда ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир қилишни давом эттираётган вояга етмаганлар суд қарори асосида жойлаштирилади;
в) 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:
мазкур банднинг "б" кичик бандида кўрсатилган вояга етмаганлар фақат Республика ўқув-тарбия муассасаларига ўқишга қабул қилинади;
Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежи ва Самарқанд шаҳридаги 64-сонли ўғил болалар мактаб-интернатига вояга етмаганларни қабул қилиш тўхтатилади;
Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежи ва Самарқанд шаҳридаги 64-сонли ўғил болалар мактаб-интернатида тарбияланаётган вояга етмаганлар ўқишни ушбу муассасаларда белгиланган тартибда тугатадилар;
г) Республика ўқув-тарбия муассасаларидаги гуруҳлар ва синфларда ўқувчилар билан тўлдирилиш 15-20 нафар этиб белгиланади, истисно тариқасида тегишли молия органлари билан келишилган ҳолда ушбу муассасаларда ўқувчилар сонидан қатъий назар синфлар очишга рухсат этилади;
д) ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар назоратисиз ва қаровсиз қолган, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган оилаларда яшаётган, шунингдек, давлат ва жамоатчилик ёрдамига муҳтож бўлган бошқа вояга етмаганлар уларнинг хулқ-атвори, психологик портрети, ёши, иқтидори, қобилияти, қизиқишлари ва бошқа омилларни инобатга олган ҳолда вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссия тавсиясига асосан тегишли вазирлик ва идоралар қарорлари (йўлланмалари) асосида ўқув йили давомида иловадаги вазирлик ва идоралар тасарруфидаги умумтаълим ёки ихтисослаштирилган таълим муассасаларига (кейинги ўринларда – Муассасалар) жойлаштирилади;
тасарруфида умумтаълим ёки ихтисослаштирилган таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар тавсиясига асосан Муассасаларга юборилаётган вояга етмаганлар учун Муассасаларнинг қабул квотасидан ташқари 5 фоизгача қўшимча квоталар ажратади;
Муассасаларга юборилаётган вояга етмаганлар таътил вақтида агар уларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга қайтариш имкони бўлмаса Муассасаларда ўқув жараёни бошлангунга қадар туман (шаҳар) ҳокимининг қарори асосида тегишли халқ таълими органининг йўлланмаси бўйича вақтинча “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланадилар;
е) тасарруфида умумтаълим ёки ихтисослаштирилган таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар:
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар тавсиясига асосан юборилаётган вояга етмаганларни Муассасаларга истисно тариқасида бепул асосда, синовларсиз ва қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилади;
вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар тавсиясига асосан қабул қилинган ҳар бир вояга етмаган учун алоҳида мураббий бириктиради ва унинг таълим-тарбиясини доимий равишда назорат қилади, уларни Муассасаларни битиргандан кейин иш билан таъминлашда кўмаклашади;
ж) ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари (кейинги ўринларда – Марказ) кўпи билан қирқ беш кун муддатдавояга етмаганни Муассасага ёки Республика ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштиришнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссияга хулоса тақдим этади;
з) 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимлари, шу жумладан, тарбиячилар ва тарбиячи ёрдамчиларига меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун базавий тариф ставкасининг 75 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама ҳақи тўланади.
5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:
а) 2019 йилнинг 1 августига қадар:
Республика ўқув-тарбия муассасаларининг ўқув дастурларини қайта кўриб чиқсин, уларга жойлаштирилаётган болаларнинг эҳтиёжлари ва муаммолари туридан келиб чиққан ҳолда якка тартибдагиреабилитация дастурларини (ҳаётий кўникмаларга ўргатиш, гиёҳвандлик ва алкогол воситаларга қарамликдан даволаш, руҳий жароҳат асоратлари билан ишлаш ва бошқа дастурлар) ишлаб чиқсин ҳамда тўгараклар фаолиятини кенгайтириш чораларини кўрсин;
Республика ўқув-тарбия муассасалари штатлар жадвалларини тасдиқласин, бунда тугатилаётган ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари штатлари ҳисобига янги ташкил этилаётган Республика ўқув-тарбия муассасаларида ҳар 20 нафар тарбияланувчига бир нафар психолог, шунингдек, Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасасига бир нафар шифокор-гинеколог штат бирликларини ажратсин;
Республика ўқув-тарбия муассасаларини кенг дунёқараш ва юқори малакага эга ўқитувчилар, тарбиячилар ва психологлардан иборат таркибда шакллантирсин ҳамда заруратга қараб янги штатлар жорий этсин;
Республика ўқув-тарбия муассасаларини замонавий ўқув, ўқув-методик ва бадиий адабиётлар, даврий журналлар билан таъминласин ҳамда ахборот-ресурс марказлари фондларини мунтазам равишда янгилаб борсин;
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Республика ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчилари оиласи билан алоқада бўлиши ҳамда улар билан учрашиши учун зарур алоқа воситалари ва бошқа жиҳозлар билан таъминланган алоҳида хоналарни ажратсин, шунингдек, Республика ўқув-тарбия муассасаларининг “ZiyoNET” таълим тармоғига уланишини таъминласин;
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда Республика ўқув-тарбия муассасаларининг ҳудудлари ва хоналари Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан видеокузатув камералари билан жиҳозланишини, уларнинг техник созлиги ва узлуксиз ишлашини, шунингдек, видеоёзувлар махсус архивда камида бир йил давомида сақланишини таъминласин;
б) тарбияланувчилар дуч келадиган муаммоларни муҳокама қилиш, уларнинг ечимини топиш ва тарбияланувчиларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган “case-study”, гуруҳларда ишлаш, баҳс-мунозаралар, ситуацион ўйинлар, ақлий ҳужум каби илғор интерактив ўқитиш усуллари ўқув-тарбия жараёнига кенг жорий этилишини таъминласин;
тарбияланувчиларда меҳнат кўникмалари ва мустақил ижодий фикрлаш қобилиятини шакллантириш, уларни касбга йўналтириш ва бўш вақтларини самарали ташкил этиш мақсадида тарбияланувчилар Республика ўқув-тарбия муассасасида бўлган давр мобайнида касбга ўргатиш бўйича амалий меҳнат машғулотлари ўтказилишини таъминласин;
таниқли фан, маданият, санъат ва адабиёт, дин арбоблари, турли соҳаларнинг илғор мутахассислари иштирокида ҳар уч ойда камида бир марта тарбияланувчиларда юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантириш ва мустаҳкамлаш, уларни ҳалоллик ва одоб-ахлоқ руҳида тарбиялашга қаратилган учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этсин;
в) Республика ўқув-тарбия муассасалари раҳбар ва мутахассисларининг малакасини ошириш ўқув дастурларига алоҳида шароитларда тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож вояга етмаганлар билан ишлаш методикасига оид модулларни киритсин, шунингдек, ушбу муассасаларнинг фаолиятини методик таъминлаш чораларини кўрсин.
6. Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
а) 2019 йил давомида:
ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидаги тарбияланувчилар билан индивидуал равишда суҳбатлар ўтказиш асосида уларни тоифаларга ажратган ҳолда ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга қайтариш, васий ёки ҳомий тайинлаш, жойлаштиришнинг бошқа шаклларини қўллаш, шунингдек, Муассасаларга жойлаштириш чораларини кўрсин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчилари ва уларнинг оиласидаги аҳволни ҳар томонлама ўрганиш ва баҳолаш, тарбияланувчилар ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтгандан сўнг уларни ўқишга жойлаштириш, ижтимоий мослашуви ҳамда оиласидаги муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш, ота-оналари ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг салоҳиятини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, моддий ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш чораларини кўрсин;
б) вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар томонидан вояга етмаганни Республика ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш масаласи кўриб чиқилганда таълим муассасаси, маҳалла, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, профилактика инспектори, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг масъул ходимлари иштирокида вояга етмаган, унинг ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар билан олиб борилган профилактика ишлари чуқур ўрганилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қўмитаси ва халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши ҳамда халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг қўшма мажлисларида ҳар йили бир маротаба тегишли Республика ўқув-тарбия муассасаларидаги ўқув-тарбия жараёнларини муҳокама қилиш, ушбу муассаса раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг таклифига розилик берилсин.
Белгилаб қўйилсинки, ҳисоботлар эшитилаётганда тарбияланувчилар билан олиб борилаётган таълим-тарбия жараёнлари, уларнинг хулқ-атворини ўзгартириш борасида амалга оширилаётган ишлар, уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат, ушбу муассасалардаги ижтимоий-маънавий муҳит танқидий муҳокама қилинади.
8. Қуйидагиларга:
а) Ўзбекистон ёшлар иттифоқига:
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатаси билан биргаликда Республика ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш, ишбилармонлик қобилиятини ривожлантириш, уларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш, ташаббусларини рағбатлантириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш;
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги билан биргаликда Республика ўқув-тарбия муассасаларидаги болалар учун ҳар ойда бир мартамаданий-маърифий тадбирлар ўтказиб, тарбияланувчиларнинг тарихий-меъморий мажмуалар, ҳайвонот боғлари, театрлар, музейлар ва бошқа маданий-кўнгилочар жойларга ташрифларини уюштириб бориш;
Республика ўқув-тарбия муассасаларидан қайтган вояга етмаганларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакилларини бириктириш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
б) Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига доимий равишда Республика ўқув-тарбия муассасаларини битираётган қизлар рўйхатини юритиб бориш, улар билан якка тартибда ва аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни ташкил этиш ҳамда уларни манзилли қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш чораларини кўриш тавсия этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда Республика ўқув-тарбия муассасалари битирувчиларини иқтисодиёт тармоқлари ва меҳнат бозорининг реал эҳтиёжларидан келиб чиқиб, касбга йўллаш, ўқитиш, қайта ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш ишларини олиб борсин.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигиМарказга мунтазам равишда ҳамда Республика ўқув-тарбия муассасаларига келтирилган вояга етмаганларни қатъий тарзда ҳар олти ойда тиббий кўрикдан ўтказиб бориш ҳамда бемор тарбияланувчиларни ўз тасарруфидаги тиббиёт муассасаларида бепул даволаш чораларини кўрсин.
9. Республика ўқув-тарбия муассасаларида ёшларнинг маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш бўйича бешта ташаббусни кенг жорий этиш мақсадидаикки ой муддатда:
а) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Маданият вазирлиги билан биргаликда тарбияланувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида мусиқа, рассомчилик, тасвирий санъат, кулолчилик ва бошқа тўгаракларни ташкил этиш, шунингдек, амалдаги меъёрга мувофиқ мусиқа асбоблари билан таъминлаш;
б) Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Республика ўқув-тарбия муассасаларининг спорт залларини 34 номдаги спорт жиҳозлари ва анжомлари билан таъминлаш;
в) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Республика ўқув-тарбия муассасаларида 1 тадан компьютер синф хоналарини замонавий компьютерлар билан таъминлаш, уларда ўқувчиларни фикрлашга йўналтирадиган компьютер ўйинлари базасини яратиш;
г) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ёзувчилар уюшмаси, Республика маънавият ва маърифат маркази, Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 136 номдаги ўқишга тавсия этилган бадиий адабиётлар билан таъминлаш;
е) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда тарбияланувчи қизларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш мақсадида зарур миқдорда тикув машинаси ва бошқа анжомлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.
10. Вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганлар ҳуқуқбузарлик ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этиши, назоратсиз ёҳуд қаровсиз қолишига сабаб бўлган омилларни чуқур таҳлил этиб, уларни бартараф этиш чораларини кўрсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Олий судига вояга етмаганни Республика ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш масаласи судлар томонидан синчковлик билан ўрганиб чиқилиши, бунда вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар томонидан қабул қилинган қарорлар етарли асослантирилганлиги, вояга етмаганнинг ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар, маҳалла, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, халқ таълими, ички ишлар, соғлиқни сақлаш органлари ва Марказнинг фикр-мулоҳазалари эшитилиши, шунингдек, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасаларнинг амалга оширган профилактика ишлари самарадорлигига баҳо берилишига эътибор қаратиш тавсия этилсин.
12. Вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар вояга етмаганларни Республика ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш тўғрисида судга юборилган илтимосномаларнинг асослилигига жавобгар эканлиги белгилаб қўйилсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги 2020 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида Республика ўқув-тарбия муассасаларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, зарур ускуналар, компьютер, ўқитишнинг техник воситалари, инвентарь билан таъминлаш ва моддий-техник базасини янада мустаҳкамлашни назарда тутсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
Бош прокуратура билан биргаликда икки ой муддатдаМарказлар фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқиш асосида уларнинг мавжуд ташкилий тузилмаси ҳамда иш жараёнини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ички ишлар органларининг мавжуд штатлари доирасида хизматчи ва ишчилар ҳисобидан ҳар бир Марказга бир нафардан офицерлар таркибидаги психолог ва ижтимоий ходим лавозимларини киритиш чораларини кўрсин;
“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази билан биргаликда ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари ходимларини касбий тайёрлаш ва малакасини ошириш дастурини ишлаб чиқсин ва дастурга ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганлар ва оилалар билан профилактик тадбирларни ташкил этишга оид модуллар киритсин.
15. Сирдарё вилояти, Сирдарё тумани, Бахт шаҳри “Тадбиркор” маҳалласи манзилида жойлашган ўғил болалар махсус коллежининг бино ва иншоотлари мулки ҳамда унга туташ ҳудуд билан бирга Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур қарорнинг амалга оширилиши учун зарур маблағларни 2019 йилда “Таълим” соҳаси учун ажратилган маблағлар доирасида ажратсин, 2020 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг параметрларида ҳар йили назарда тутсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси вояга етмаганлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан назоратни кучайтирсин.
18. Тасарруфида умумтаълим ёки ихтисослаштирилган таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар икки ой муддатда вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссия тавсиясига асосан ушбу муассасаларга вояга етмаганларни қабул қилиш тартибини белгилаш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
19. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Республика ўқув-тарбия муассасалари фаолиятини ташкил этиш бўйича тегишли қарор қабул қилсин.
20. Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
21. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри,
2019 йил 29 май
LiveБарчаси