Президент электрон савдо тўғрисидаги қонунни имзолади
Жамият
−
30 Сентябрь 2022
6105Эндиликда электрон тижоратдаги электрон ҳужжатлар қоғозда расмийлаштирилган ва ўз қўли билан имзоланган ҳужжатларга тенглаштирилади. Янги тартиб назарда тутилган “Электрон тижорат тўғрисида”ги кеча, 29 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланди.
Қонунга кўра, электрон тижоратда шартнома тарафлар ўртасида шартнома шартларини электрон ҳужжатлар ва (ёки) хабарларни тасдиқлаш йўли билан келишиш орқали электрон ҳужжат шаклида расмийлаштирилади.
Электрон тижоратда сотувчилар қуйидагилардан иборат:
• Электрон савдо майдончасида товарларни (ишларни ва хизматларни) чакана ва (ёки) улгуржи сотиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар;
• Электрон савдо майдончасида товарларни (ишларни, хизматларни) чакана сотиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ўзини ўзи банд қилган шахслар.
Соҳада тўловлар қуйидаги усулларда амалга оширилади:
• Нақд пул маблағлари билан – нақд пул маблағлари тўлов воситаси тарзида виртуал терминаллар (E-POS) орқали қабул қилинганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларни ҳамда сотувчи ва сотилган товар тўғрисидаги ахборотни ўзида акс эттирадиган ҳужжатларни харидорга тақдим этиш орқали;
• Пул маблағларини банк ҳисобварағидан ўтказиш орқали – пул маблағларини банк ҳисобварағидан ўтказиш воситасида, шу жумладан шахсий кабинет орқали ёки тўлов ташкилотининг тизими орқали ўтказиш;
• Электрон пуллардан фойдаланган ҳолда – электрон пуллар тизимида очилган электрон ҳамёндаги пул маблағларини ўтказиш воситасида.
Савдо майдончаларининг операторлари, тўлов хизматларини етказиб берувчилар ва товарларни етказиб бериш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар ўз ахборот тизимларига ёки банк ҳисобрақамларига “эскроу” хизматини жорий этиши мумкин.
Товарлар учун харидор томонидан тўловни амалга ошириш чоғида “эксроу” хизматини кўрсатувчи тўланган пул маблағларини харидор товарлар олинганлигининг тасдиғи олингунига қадар сақлаш ҳуқуқига эга. Агар товар етказиб берилмаса ёки тавсифга мос келмаса, “эксроу” хизматини кўрсатувчи пул маблағларини харидорга қайтаради ёки, агар товар хоридор томонидан қабул қилинган бўлса, пул маблағлари сотувчининг ҳисобварағига ўтказилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
LiveБарчаси