Президент биотехнологик дорилар ишлаб чиқариш бўйича кўрсатма берди

Жамият 2672
image

Бугун, 6 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев фармацевтика тармоғида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Ўзбекистонда фармацевтика бўйича катта имкониятлар бўла туриб, ундан тўла фойдаланилмас эди. Охирги йилларда бу тармоқ “драйвер”лардан бири сифатида белгиланиб, изчил ривожлантириб келинмоқда. 

Давлат раҳбарининг 2017 йил 3 майдаги фармонига мувофиқ, Нукус, Зомин, Косонсой, Сирдарё, Бойсун, Бўстонлиқ ва Паркентда фармацевтикага ихтисослашган эркин иқтисодий зоналар ташкил этилган эди. Ўша йили 7 ноябрдаги фармонга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги тузилди. Доривор ўсимликлар етиштириш, уларни қайта ишлаш, инвестициялар жалб этиб, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун кенг шароитлар яратилди.

Буларнинг натижасида сўнгги беш йилда 71 та янги корхона ташкил этилиб, 2 минг 500 дан ортиқ турдаги дори воситалари, 241 турдаги тиббий буюмлар ва 78 турдаги тиббий техника ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 2 баробар ошди.

Лекин бу натижалар ҳали етарли эмас. Бугунги кунда маҳаллий корхоналар ички бозор талабини натурал ҳажмда 55 фоизга таъминланмоқда, холос.

Келгуси беш йилда тармоқда ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробар ошириш, ички бозорни таъминлаш даражасини натурал ҳажмда 80 фоизга етказиш вазифаси қўйилган. Шу мақсадда 2022-2026 йилларга мўлжалланган истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Тақдимотда ана шу лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, жами 1,25 миллиард долларлик 104 та инвестиция лойиҳаси режалаштирилган. Уларнинг натижасида 376 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрланиб, 84 миллион долларлик экспорт қуввати яратилиши ҳисоб-китоб қилинган. Энг муҳими, 9 мингга яқин киши иш билан таъминланади.

Президент бу лойиҳаларнинг ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятини таъкидлаб, уларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди.

Тақдимотда маҳаллий доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 

Мамлакат ҳудудида 750 турдаги доривор гиёҳлар ўсади. Улардан фойдаланиб, дунё бозорида харидоргир табиий маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ҳамма шароит яратиб берилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 10 апрелдаги қарори билан ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш ва қайта ишлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди, муайян ҳудудлар доривор ўсимликлар етиштиришга ихтисослаштирилди. Бу йўналишда 19 та корхона ишга туширилди.

Лекин 750 турдаги доривор ўсимликлардан фақатгина 70 таси маҳаллий корхоналар томонидан фаол ишлатилмоқда.

Президент мамлакатдаги доривор ўсимликларни чуқур қайта ишлаш орқали экспортни 15 миллион долларга етказиш ва 5 мингдан ортиқ аҳолини иш билан таъминлаш мумкинлигини таъкидлади. Мутасаддиларга шу йўналишдаги кластерлар фаолиятини йўлга қўйиб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Бунда, доривор ўсимликларни етиштириш учун ер майдонларини ажратиш, уруғчиликни ривожлантириш, агрономларни тайёрлаш, доривор ўсимликларни қайта ишлаш ҳамда истеъмол бозорларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш топширилди.

Соҳадаги яна бир йирик лойиҳа – “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластеридир. Давлат раҳбарининг 2020 йил 28 январдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган ушбу замонавий марказ Тошкент вилоятининг Зангиота туманида барпо этилмоқда. Хусусан, фармацевтика университети, фармакопея маркази, илмий-тадқиқот маркази, экспертиза маркази, лабораториялар, виварий ва илмий-тажриба ишлаб чиқариш биноси қурилмоқда. 

Шунингдек, бу ерда 140 миллион долларлик 7 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.

Тақдимотда биофармацевтик дори воситаларини ўзлаштириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Мамлакатдаги корхоналарда 3 мингдан ортиқ номдаги дори воситалари ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, улар асосан бир компонентли, мураккаб бўлмаган дори воситаларидир.

Шу боис Президент онкологик, гормонал, қон препаратлари, вакциналар каби инновацион биотехнологик дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди.

Соғлиқни сақлаш тизими давлат харидлари орқали маҳаллий фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, халқаро стандартлар асосида тайёрланаётган маҳсулотларни сертификациялашни соддалаштириш муҳимлиги таъкидланди.  

Илм-фан ва саноат корхоналари кооперациясини ривожлантириш, замонавий билимларга эга малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича топшириқлар берилди.

Соҳани янада ривожлантириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаш вазифаси қўйилди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 31
Рейтинг: 3.1
t
×