Президент балиқ етиштирувчиларга яхшигина имтиёзлар берилишини айтди
Жамият
−
20 Декабрь 2021
69062022 йилда Ўзбекистонда балиқ етиштириш ҳажмини 600 минг тоннага етказиш мақсад қилиб олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев балиқчилик соҳасини ривожлантириш истиқболлари ва кооперация асосида балиқ етиштириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилаётган кенгайтирилган йиғилишда айтиб ўтди.
Йиғилишда давлат раҳбари дунёда озиқ-овқат нархларининг ўсиши, инфляция хавф-хатарлари келгуси йилда озиқ-овқат хавфсизлиги энг долзарб масала бўлиб қолишини яққол кўрсатаётганини таъкидлаган.
Шу боис, вилоят ҳокимлари ўз ҳудудида балиқ етиштириш ҳолатини таҳлил қилиб, тадбиркорлар ва аҳоли хонадонларига барча шароитларни яратиб бериш бўйича тизимли шуғулланиши зарурлиги айтилган.
Қайд этилишича, ўтган беш йилда балиқ етиштириш ҳажми 6 бараварга ошиб, жорий йилда 400 минг тоннага етказилади.
Шундай бўлсада, Навоий, Наманган, Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилоятларида ҳосилдорлик ҳалигача гектарига 3-4 тоннани ташкил этмоқда. Сабаби, ушбу ҳудудларда интенсив балиқ етиштириш ҳажми умумий ишлаб чиқаришнинг 10 фоизидан ошмаяпти.
Шу сабабдан Президент келгуси йилда балиқ етиштириш ҳажми 600 минг тоннага етказилиши шартлигини урғулаган.
Бунинг учун:
• Шароф Рашидов тумани тажрибаси асосида келгуси йилда 10 мингта хонадонда интенсив балиқ етиштириш йўлга қўйилади;
• хонадонларда кооперация асосида йилига 80 тоннадан ортиқ балиқ етиштирган кластерлар уч йил муддатга барча солиқлардан озод этилади;
• уйида балиқ етиштирувчилар учун “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида кредит миқдори 2 баробарга оширилади ва келгуси йилда 400 миллиард сўм йўналтирилади;
• балиқ етиштирувчи хонадон эгалари учун ер ва мулк солиқлари 50 фоизга камайтирилиб, улар ўзини ўзи банд қилган аҳоли тоифасига ўтказилади;
• хориждан мутахассис олиб келган балиқчилик кластерларига харажатларнинг бир қисми қоплаб берилади.
LiveБарчаси