Президент 4 шаҳар ва 5 туман ҳокимини лавозимдан олиш билан огоҳлантирди

Жамият 23484
image

Президент Шавкат Мирзиёев 4 та шаҳар ва 5 туман ҳокимлари ва сектор раҳбарларини огоҳлантирди. Агар улар ўз ҳудудида бандликни таъминлаш бўйича режани бажармаса, лавозимидан озод этилади. Бу ҳақда давлат раҳбари бугун, 31 март куни бўлиб ўтаёган макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазиятдан келиб чиқиб ҳудуд ва тармоқларни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида гапирди.

Давлат раҳбари иш ўринларини ташкил этиш, бандликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, шундай дейди: 

“Бунга фақат иқтисодий кўрсаткич сифатида эмас, балки халқимизнинг ижтимоий ҳимояси нуқтаи-назаридан қараш зарур ва шарт”.

Президент айрим вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан янги иш ўринларини яратиш ва бандликни таъминлаш бўйича режалар қониқарсиз бажарилаётганини қайд этди. 

Унга кўра, Андижон, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона ва Хоразмда январь-февраль ойларидаги бандлик дастури ижроси йиллик режага нисбатан паст бажарилган.

Туман ва шаҳарлар кесимида Самарқанд, Термиз, Нурафшон, Зарафшон шаҳарлари, Амударё, Қоровулбозор, Денов, Қизириқ, Шовот туманларида 2 ойлик кўрсаткичлар қолган ҳудудлардан анча паст. 

Хизматлар ва ҳунармандчиликда бандликни таъминлашда ҳам кўплаб туманларда ишлар қониқарсиз.

Агар ярим йил якуни билан натижа бўлмаса, ушбу шаҳар ва туман ҳокимлари ва сектор раҳбарлари лавозимидан озод этилиши таъкидланди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1083
Рейтинг: 3
t
×