Пойтахтимизда ЎзЛиДеПнинг оммавий тадбири бўлиб ўтди
Жамият
−
25 Октябрь
1456Жорий йилнинг 24 октябрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг навбатдаги оммавий тадбири пойтахтимизда ташкил этилди.
“Эркин ва фаровон, қудратли янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” шиори остидаги оммавий тадбирда партия сайловолди дастуридаги муҳим масалаларга тўхталиб ўтилди.
Хусусан, партия ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йилга бориб 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни эса 4 минг долларга етказилиши учун астойдил курашади. O‘zLiDeP Ўзбекистонни тадбиркорлар мамлакатига айлантириш, юртимиздаги ишбилармонлар сонини 3 миллион нафардан ошириш учун барча зарур чораларни кўради. Умуман олганда партиянинг ушбу ташаббуслари миллий иқтисодиётда давлатнинг таъсирини камайтириб, бозор муносабатларига асосланган соф рақобат муҳитини яратишга имконият беради.
Тарғибот тадбири иштирокчиларига партиянинг илм аҳли ва ижодкор зиёлиларга доимий эътибор қаратиш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, меҳнат ва яшаш шароитларини, шунингдек, маданият ва спорт муассасалари, кутубхоналар, театр ва музейларнинг моддий-техник базасини янада яхшилаш бўйича ўз зиммасига олаётган вазифалари ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, партия келгуси беш йилликда қўшимча уй-жой қурилиши соҳасига 15 миллиард доллар маблағ йўналтириш орқали 1 миллион хонадонли уй-жойлар қурилишига алоҳида эътибор қаратади. Янги уй-жой сотиб олган фуқароларга қўшилган қиймат солиғининг ярми қайтариб бериладиган тизим жорий этиш устида ишлайди.
Партиямиз ёшлар учун манфаатли иш ўринларини яратиш, тадбиркорлик фаолиятини молиялаштиришга кўмаклашиш, талабалар учун давлат ташкилотларида иш ҳақи тўланадиган стажировка тизимини ривожлантириш зарур, деб ҳисоблайди. Ëшлар учун махсус уй-жойлар қуриш ва ҳар йили 1 мингта ёш оилага имтиёзли ипотека кредитларини бериш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, аёлларнинг масофавий меҳнат ва рақамли тадбиркорлик бўйича кўникмаларини оширишга жиддий эътибор қаратади.
Тарғибот тадбирида партия сайловолди дастурида барча ҳудудларда, аввало, Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосини яхшилаш бўйича “Мусаффо ҳаво – 2030 миллий дастури”ни қабул қилишни, экологик тоза транспортлар учун зарур инфратузилмани ривожлантириш ва электр транспорт воситаларини оммалаштириш бўйича қўшимча имтиёзлар берувчи қонунни қабул қилиш каби шаҳар аҳли учун ғоятда муҳим бўлган ташаббус ҳам киритилгани таъкидланди. Мулк шаклидан қатъи назар, барча меҳнат жамоаларида иш вақти меъёрларига қатъий амал қилиш, ҳокимларнинг Кенгаш олдида ҳисобдор бўлиши, масъулияти ва жавобгарлиги ошишини таъминлайдиган тизимни мустаҳкамлаш, ички ишлар ва миллий гвардия органлари ходимларининг фуқаролар билан мулоқот қилиш стандартларини жорий этиш орқали уларни халқ кўз ўнгида том маънода ҳимоячига айлантириш каби вазифалар ҳам бор.
Шунингдек, йўл транспорт ходисаларини кескин камайтириш чораларини кўриш, юқори тезликда ҳаракатланадиган ҳайдовчиларни транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, йўл ҳаракати ва бошқа соҳалардаги жиноятлар натижасида боқувчисидан маҳрум бўлганларга айбдорлардан 18 ёшга тўлгунга қадар алимент олиш ҳуқуқини бериш каби таклифлар ҳам ўрин олган.
Тадбир сўнггида иштирокчилар бўлажак сайловларда ЎзЛиДеПни қўллаб-қувватлаб овоз беришга чақирилди.
Тарғибот тадбири машҳур санъаткорларнинг куй-қўшиқларига уланиб кетди. Тадбирда йиғилган сайловчилар партиянинг мақсад ва ғояларини тўлиқ қўллаб-қувватлашларини билдириб ўтдилар.
LiveБарчаси