Пенсиялар тўлиқ пластик картага ўтказилади – Коронавирусга қарши чекловларнинг янги пакети тасдиқланди

Жамият

image

Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси ва Махсус штабнинг бугун, 14 апрелдаги қўшма йиғилиши қарорига асосан коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш ва эълон қилинган карантин талабларига қатъий риоя этилишини таъминлашга қаратилган қуйидаги чоралар белгиланмоқда:

•    Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида жорий этилган коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича барча чекловлар Тошкент вилоятининг Чирчиқ, Олмалиқ, Бекобод, Янгийўл шаҳарлари, Чиноз туманига нисбатан ҳам татбиқ этилади;

•    пенсионер ва нафақахўрларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра республикадаги эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар май ойидан пенсия ва нафақаларни тўлиқлигича пластик карталарга ўтказиш орқали амалга ошириш чоралари кўрилади. Бунда, барча ҳудудлар нақд пул олиш имконини берувчи банкоматлар билан ҳамда улар нақд пул билан таъминланади;

•    нақд пуллар сақланадиган пул омборхоналари ва қайта санаш кассалари ҳафтада 2 маротаба дезинфекция қилинади;

•    давлат хизматлари марказлари томонидан вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида ҳаракатланиш учун берилган махсус рухсатномалар карантин тугагунига қадар амал қилади (бунда махсус рухсатномаларнинг амал қилиш муддатини узайтириш бўйича қўшимча ҳаракатлар талаб этилмайди).

Қўшма қарорда Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 8 апрелдаги 17-сон баёни билан тасдиқланган Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхатини амалиётда қўллаш билан боғлиқ турли тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида қуйидаги автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун махсус рухсатнома талаб этилмаслиги алоҳида кўрсатиб ўтилди:

•    давлат соғлиқни сақлаш тизимига кирувчи ташкилотларнинг хизмат ва ходимларнинг шахсий автотранспорт воситалари (1-банд); 

•    хусусий тиббиёт ташкилотлари (хусусий клиника, дорихона ва бошқа тиббиёт ташкилотлари)нинг хизмат автотранспорт воситалари (2-банд); 

•    йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш лицензиясига эга бўлган йўналишсиз таксилар (шу жумладан, шахсий давлат рақамли автотранспорт воситалари) йўловчиларсиз, етказиб бериш хизмати кўрсатиш мақсадида (4-банд) ҳаракатланиши учун махсус рухсатнома (стикер) талаб қилинмайди.

Шунингдек, қўшма қарорда Давлат солиқ қўмитасига озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситалар, шунингдек, биринчи навбатдаги зарур маҳсулотлар етказиб бериш хизмати кўрсатишда нархларнинг асоссиз равишда кўтарилишининг олдини олиш чораларини кўриш топширилди. 

Қўшма қарорга мувофиқ, карантин даврида ногиронлик муддати тугайдиган фуқароларни қайта кўрикдан ўтказмасдан, ногиронлик муддатлари автоматик тарзда узайтирилган ҳолда пенсия (нафақа) тўловлари давом эттирилади.

Шунингдек, карантин даврида пенсия ва нафақа (жумладан, дафн маросими ва бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа)ларга ҳуқуқи пайдо бўлган фуқароларга, карантин тадбирлари тугагандан кейин 1 ой давомида Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимларига мурожаат этиш ҳуқуқи тақдим этилади, бунда уларга пенсия (нафақа)лар карантин чекловлари давридаги ҳуқуқи пайдо бўлган санадан тайинланади.

Банк пластик карталари ва ишончнома орқали пенсия (нафақа) олаётган ҳамда тайинланган пенсия (нафақа)га бўлган ҳуқуқини тасдиқлаш муддати келган, шахсни тасдиқловчи ҳужжати (паспорт) муддати тугаган фуқаролардан ҳужжат талаб этмасдан, тўлов муддатлари 4 ой муддатга узайтирилади.

Иқтисодиёт тармоқларининг муҳим йўналишлари ва йирик ишлаб чиқариш  ташкилотларини фаолиятини давом эттириш, шунингдек, йирик қурилиш объектларида қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини давом эттириш (бошлаш)га Республика махсус комиссиясининг ҳудудий штаблари раҳбарларининг қарорига (йиғилиш баёни) мувофиқ рухсат берилиши белгиланди. Бунда ушбу ташкилотларнинг фаолияти даврида санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиши, ўз фаолиятини фақатгина тегишли объект ҳудуди доирасида ташкил этиши, шунингдек, уларни овқатлантиришни мазкур объект ҳудудида ташкиллаштириш учун шахсий жавобгарлик тегишли хўжалик бирлашмаси раҳбари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига юкланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

86

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг