Пандемияга қарамай, Ўзбекистон 2020 йилни МОда энг юқори иқтисодий кўрсаткич билан якунлайди – Экспертлар

Таҳлил 7396
image

Ўзбекистон иқтисодиёти 2020 йилда 1,5 фоизга, 2021 йилда эса 6,6 фоизга ўсиб, европа ва марказий осиё давлатлари орасида энг юқори кўрсаткичга эришади. Бу ҳақда халқаро экспертларнинг ҳисоботларида қайд этилган. 

Гап шундаки, жорий йил бошида жаҳоннинг 160 дан ортиқ мамлакатда ижобий иқтисодий ўсиш суръатларига эришиш кутилаётган эди. Лекин коронавирус пандемиясининг кенг тарқалиши ортидан дунё миқёсида иқтисодий ва ижтимоий инқироз юзага келди. Оқибатда орадан олти ой ўтмай, ушбу иқтисодий прогнозлар кескин ўзгарди.

Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси мутахасcисларининг қайд этишича, 2020 йил — энг кескин глобал иқтисодий пасайиш йилларидан бири сифатида дунё тарихидан ўрин олади. Бугунги кунда 170 дан ортиқ давлатда аҳоли жон бошига иқтисодий ўсиш суръати манфий бўлиши кутилмоқда. Бундай оламшумул иқтисодий пасайиш ўтган асрнинг 30-йилларидаги “буюк инқироз” давридан буён кузатилмаган эди.

COVID-19 пандемияси бошқа минтақалар қатори, Европа ва Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётига ҳам сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатгани кузатилмоқда. Жаҳон бозорларида хом­ашё ресурслари ва нефть-газ маҳсулотларига бўлган талабнинг камайиши ва нархларнинг арзонлашиши, ташқи савдо ҳажмининг  қисқариши,  глобал таъминот занжиридаги узилиш каби омиллар билан бир қаторда, вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий қилинган қатъий карантин чоралари натижасида ички истеъмол ва иқтисодий фаолликнинг кескин камайиши минтақа мамлакатлари иқтисодиётининг пасайишига олиб келмоқда. Шунингдек, молия бозорларидан катта миқдордаги капитал қўйилмаларнинг чиқиб кетиши, миллий ­валюталарнинг ­кескин қадрсизланиши, кредит фоиз ставкаларини ортиши каби муаммолар ҳам иқтисодий инқироз таъсирини янада чуқурлаштиришга сабаб бўляпти.

Жаҳон банки мутахассислари томонидан тақдим этилган прогнозларга кўра, жорий йилда Европа ва Марказий Осиё давлатларининг иқтисодиёти ўртача 4,7 фоизга қисқариши кутилмоқда. Ушбу башоратнинг минтақа давлатлари кесимидаги таҳлили эса инқироз турли мамлакатларга турли даражада салбий таъсир кўрсатаётганини кўрсатмоқда.

Экспортининг асосий улушини нефть-газ ва энергетика маҳсулотлари ташкил этувчи айрим давлатларнинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми жорий йилда 2,6 фоиздан 6 фоизгача қисқариши тахмин қилинмоқда. Нефтга бўлган талабнинг камайиши ва унинг нархининг кескин пасайиши бундай мамлакатлар иқтисодиётининг тикланиши жараёнига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтилмоқда.

Коронавирус инфекциясининг кенг тарқалиши ортидан жорий қилинган қатъий карантин талаблари сабабли бутун дунёда туризм, авиация, ишлаб чиқариш, савдо ва кўнгилочар хизматлар кўрсатиш соҳалари мураккаб аҳволга тушиб қолгани сир эмас. Бунинг оқибатида иқтисодиётида ушбу соҳаларнинг ҳиссаси нисбатан юқори бўлган Марказий ва Шарқий Европа давлатларида ҳам жиддий иқтисодий пасайиш кўзга ташланмоқда. Мутахассислар фикрича, улар иқтисодиётининг тикланиш жараёни кўп жиҳатдан мавжуд эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашуви, ички истеъмол ҳажмлари ва хусусий сектор сармояларининг ўсиш суръатига боғлиқ.

Шу ўринда коронавирус пандемияси Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётига ҳам сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатганини қайд этиш лозим. Минтақанинг ташқи савдо соҳасидаги асосий ҳамкорлари бўлган Хитой ва Россия иқтисодиётидаги пасайиш ортидан 2020 йилда баъзи қўшни давлатларда ЯИМ ҳажми 3,8-4 фоизга қисқариши тахмин қилинмоқда. 

Ўзбекистон иқтисодиёти, гарчи йил бошидаги башоратларга нисбатан иқтисодий ўсиш суръати пасайишига қарамай, йиллик ҳисобда 1,5 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу эса Европа ва Марказий Осиё давлатлари орасида коронавирус пандемияси инқирози даврида энг яхши кўрсаткич ҳисобланади. 

Мутахассислар фикрича, мамлакат экспортининг диверсификациялашуви, талаб юқори бўлган саноат ва озиқ-овқат маҳсулотларининг экспортдаги салмоқли улуши, ташқи қарз миқдорининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан барқарорлиги ҳамда етарли олтин-валюта захираларининг мавжудлиги каби ижобий омиллар ишончли макроиқтисодий ҳимоя воситалари сифатида ҳозирги глобал инқирознинг Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатишга хизмат қилади.

Маълумот ўрнида, коронавирус пандемиясининг аҳоли ҳаёти ва иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш, бундай мураккаб шароитда тадбиркорлар ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилган Ҳукумат томонидан ижтимоий нафақа, имтиёз ва префенциялар жамланмаси сифатида 30 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.  

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун солиқ ҳамда кредит таътиллари, солиқ имтиёзлари берилди, давлат мулки учун ижара тўловларининг муайян муддатга бекор қилинди, йил якунига қадар солиқ текширувларига мораторий жорий этилди ҳамда иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволга тушиб қолган корхоналарга солиқ қарзлари учун пеня ҳисоблаш тўхтатилди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 90
Рейтинг: 2.9
t
×