Озодбек Назарбеков Маданият вазири лавозимида иш бошлади

Маданият-санъат 11751
image

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 24 январь куни “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унга кўра, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбеков Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири лавозимига тайинланди. 

Бугун, 27 январь куни янги вазир Назарбеков Маданият вазирлиги жамоасига таништирилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари бўйича қўмита раиси, сенатор Бахтиёр Сайфуллаев иштирок этган.

Йиғилишда сенатор Минхожиддин Мирзо,  “Ўзбеккино” МА директори Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиева янги вазирни қутлаб, сўз олганлар. 

Вазир Озодбек Назарбеков барчага миннатдорчилик билдирган ҳолда, устози Бахтиёр Сайфуллаевни яна бир карра қутлаб, унинг тажрибаси ва маслаҳатларига таянишини билдирди.

Маълумот ўрнида, Озодбек Назарбеков 1974 йилнинг 7 май куни Андижон вилоятида таваллуд топган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳриддин Холиқовнинг қўлида таҳсил олган. 1994 йилдан ижодий фаолиятини бошлаган. 

У 2007 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 2010 йилда Ўзбекистон халқ артисти, 2012 йилда Қорақалпоғистон халқ артисти, 2014 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган. 

2017 йилдан то бугунгача Маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 323
Рейтинг: 3
t
×