Озарбайжон ва Арманистон Ташқи ишлар вазирлари Олмаотада учрашади
Олам
−
29 Апрель
1528Озарбайжон ва Арманистон Ташқи ишлар вазирлари тез орада Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида учрашади. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан телефон орқали мулоқотда маълум қилди.
“Давлат раҳбари Қозоғистон томонининг таклифига кўра, Озарбайжон ва Арманистон Ташқи ишлар вазирлари яқин орада Олмаота шаҳрида тинчлик шартномаси бўйича музокараларни давом эттириш учун учрашув ўтказишини айтди”, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.
Алиев Озарбайжоннинг тинчлик кун тартибини давом эттириш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширишини таъкидлаб, Бакунинг бу борада кучли сиёсий иродага эга эканини қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, Озарбайжон “минтақадаги ҳеч қандай ажратувчи чизиқларсиз Жанубий Кавказ минтақавий ҳамкорлик моделини яратишни қўллаб-қувватлайди”.
Алиев Арманистон-Озарбайжон чегарасини делимитация қилиш жараёнидан сўнг, демаркация ишлари бошланганини ижобий қадам деб баҳолади.
Ўз навбатида, Блинкен Қўшма Штатлар Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш ва тинчлик кун тартибини илгари суриш учун қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлигини айтган.
Энтони Блинкен Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан телефонда суҳбатлашди. У Қўшма Штатлар маъмурияти Олмаота декларациясини Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги чегарани делимитация қилиш жараёни учун асос деб ҳисоблашини билдирди.
LiveБарчаси