Ортиқхўжаев тадбиркорларни ер масаласида огоҳлантирди

Жамият

image

"Сўнгги вақтларда ўзининг танишлари орқали ер олиб беришни ваъда қилаётган ёки турли сохта “қарорларни” кўрсатиб, кадастр ҳужжатини кейин ҳал қилиб беришга ишонтириб, ер сотиб олишни таклиф этаётган шахслар кўпайиб кетди". Бу хақда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг тадбиркорларга йўллаган мурожаатида айтилган. 

Ортиқхўжаев тадбиркорларга мурожаат қилиб, ер ажратиш ҳуқуқи ҳокимлардан олиб қўйилгани, ер фақат аукцион орқали харид қилинишини эслатган. 

"Барчамизга маълумки, Давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни соддалаштириш, қурилишга рухсат беришнинг шаффоф тизимини жорий этиш борасида кўплаб ҳужжатлар қабул қилинган. 

Шу ўринда айтиш жоизки, тадбиркорлик объектларини барпо этишда, албатта, ер участкасини ажратиш энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади. 

Шу боис 2021 йил июнь ойида Президентимизнинг тарихий Фармони қабул қилиниб, ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартиби жорий этилди. Хусусан, тадбиркорлик объектларини қуриш учун ер участкалари фақат электрон онлайн-аукцион орқали ажратилиши белгиланди. 

Туман (шаҳар) ҳокимларининг тўғридан-тўғри ер майдони ажратиш бўйича қарор қабул қилиш ваколати бекор қилинди", дейди ҳоким 

Унинг таъкидлашича, бу борада амалга оширилаётган ишларнинг барчаси, энг аввало, халқни рози қилиш, шаффофликни таъминлаш, тадбиркорларга ҳар томонлама очиқ бўлган шароитларни яратиш ҳисобланади. 

Унга кўра, жойларда ҳанузгача ер майдонларини тўғридан-тўғри ажратиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ноқонуний қурилмаларни қуриш, енгил қурилмаларни ўрнатиш, автобус бекатлари ўрнида ҳеч бир рухсатсиз савдо дўконларини қуриш каби салбий ҳолатлар кўплаб учрамоқда.  

"Айниқса, бундай қурилмаларнинг аҳоли яшаш массивлари ичида, йўлнинг ҳимоя ҳудудларида, катта босим остида бўлган сув, газ қувурлари ўтказилган ҳимоя ҳудудларида барпо этилиши ҳолатлари аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигига, ташқи муҳандислик тармоқларини қисқа муддатларда таъмирлашга салбий таъсир қилмоқда. 

Сўнгги вақтларда ўзининг танишлари орқали ер олиб беришни ваъда қилаётган ёки турли сохта “қарорларни” кўрсатиб, кадастр ҳужжатини кейин ҳал қилиб беришга ишонтириб, ер сотиб олишни таклиф этаётган шахслар кўпайиб кетди. Уларга ишонманг. 

Тадбиркор мулкини бузиш, унга зарар етказиш бизнинг мақсадимиз эмас.  

Аммо амалдаги қонунчиликка мувофиқ ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерда қурилган бино ва иншоотларнинг мулк ҳуқуқи эътироф этилмайди. Аксинча, ушбу ерни давлат заҳирасига қайтариш учун қурилган бинолар ҳеч қандай компенсация тўланмасдан бузилади ҳамда айбдор шахслар жазога тортилади. 

Бунда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини давлатга қайтариш Ер кодексига мувофиқ, ҳокимларнинг қарорига ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади. 

Албатта, турли қонунга ҳилоф йўллар ва ҳужжатларсиз олинган ерлар ноқонуний бўлиб, айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррар ҳисобланади. 

Пойтахтимиз аҳолиси ва депутатларимиздан ҳам ўзлари яшаётган ҳудудларда ноқонуний равишда ўрнатилаётган енгил қурилма дўконлар, фаст-фуд шохобчалари ва автобус бекатлари ўрнида қурилаётган дўконлар ҳақида ўз вақтида ваколатли идораларга хабар беришларини, атрофдаги воқеликларга бефарқ бўлмасликларини илтимос қилардим. 

Тадбиркорлик инсондан катта жасорат, ақл, меҳнат ва маблағ талаб қилади. Тадбиркорлик билан шуғулланар экансиз, ўз маблағингизни эҳтиёт қилиб, ер олиш учун аукционда иштирок этиб, ернинг қонуний эгаси бўлинг. 

Ноқонуний ҳаракатларга аралашиб маблағингизга куйиб қолманг, алданманг, сармоянгизни тўғри сарфланг! 

Ўз бизнесингиз учун бино ёки ер участкасини сотиб олишдан олдин ваколатли органларнинг мутахассислари, малакали ҳуқуқшунослар ва адвокатлардан маслаҳат олишингизни илтимос қиламан!", дейди Ортиқхўжаев.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

231

Рейтинг

4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг