“Омадингизни берсин” телеўйини иштирокчилари 2 млрдга чув тушди
Маданият-санъат
−
28 Ноябрь 2022
46696Ўзбек телеканалларининг бирида намойиш этилган “Омадингизни берсин” телеўйини иштирокчиларининг умумий ютуқлари 2 миллиард сўмга етган, аммо 55 иштирокчи бугунги кунгача ўз совринларини кутмоқда. Бу ҳақда бугун, 28 ноябрь куни Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур ўйин “MIA-МАА” МЧЖ ҳомийлигидаги “МАА” савдо белгиси маҳсулотларнинг харидорлари ўртасида ўтказилмоқда. Ўйин давомида телефон рақамлар базасидан “Random” дастури ёрдамида кейинги сон иштирокчиларининг телефон рақамлари аниқланади.
Иштирокчилар иккита бўлакдаги соврин макетини топгандан сўнг ютуқларга, жумладан телефон, планшет, ноутбук, юмшоқ мебеллар, турли маиший техника, тилла (турли граммда) ва бош соврин — автомобилга эга бўладилар.
Телекўрсатувнинг 4 сонида иштирок этиб, 20 миллион сўм ютиб олган Фарғона вилояти Учкўприк туманида яшовчи М.У.ни телеканалда кўрсатиб, ғолиб деб эълон қилишган, кўрсатув суратга олингандан сўнг, телеўйин низомига кўра, телеўйин эфирга узатилгандан 90 банк иш куни ичида ҳомийдан совринлар берилиши мумкинлиги хабар қилинади. Иштирокчи 90 кун кутган, лекин ваъда қилинган совриндан дарак бўлмаган. Телеўйин эса телеканал орқали намойиш этилишда давом этяпти ва бошқалар ҳам у каби бир нечта қимматбаҳо совринларни ютиб оляпти.
Бундай ҳолатга телекўрсатувнинг жорий йил 10 август куни бўлиб ўтган 10 сонида Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида яшовчи О.Ж. дуч келган. У бир йўла 10 миллион сўм, кир ювиш машинаси, ноутбук ва Nexia 3 автомашинасини ютиб олган. Лекин унга шу кунгача кутган совринлари ва машинаси берилмаган.
Кўрсатувининг 13 сонида Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи Х.Х. қуйидаги совринларни ютиб олган: кир ювиш машинаси, музлатгич, газ плитаси, микротўлқинли печь, чангютгич, планшет, смартфон ва яна 50 миллион сўм.
Жорий йилнинг 28 май куни Навоий вилояти Хатирчи туманида яшовчи А.М. ютган Damas автомашинаси ҳам эгасига етказилмаган. Наманган вилоятида яшовчи М.М. газ плитаси, чангютгич, 2 дона смартфон, велосипед, планшет, ноутбук, 20 миллион сўм ютиб олган. Шу кунгача у ҳам совғага эга бўлмаган. Ноутбук, смартфон, музлатгич, чангютгич ва Damas автомашинасини қўлга киритганлардан яна бири Хоразм вилоятида яшовчи А.Р. ҳам ҳанузгача ўз мукофотларини кутмоқда.
Агентлик сўровига жавобан ўйин ҳомийси тақдим этган маълумотга кўра, намойиш этилган кўрсатувнинг жами 15 та сонинг ғолибларидан фақат 1,2,3 ва 12 сонларида бир нафардан иштирокчи ўз ютуқларини қўлга киритган. Қолган 55 иштирокчи бугунги кунгача совринларини кутмоқда. Таъкидланишича, телеўйинда иштирок этиш ва соврин ютиш умидида республиканинг турли вилоятларидан иштирокчилар пойтахтга келган.
Агентликнинг Махсус комиссияси томонидан “MIA-МАА” МЧЖга нисбатан “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 6 ва 21-моддалари талаблари бузилгани ҳолати бўйича иш қўзғатилган ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма берилган.
Шу билан бирга Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълумотлар тақдим этилган.
LiveБарчаси