Олий мактаб вакиллари Асакадаги “UZAUTO MOTORS” автозаводида меҳмон бўлди
Бизнес
−
05 Апрель 2022
8005Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Олий бизнес ва тадбиркорлик мактаби магистратурасининг 30 нафардан зиёд тингловчиси ҳақиқий ишлаб чиқариш шароитидаги чинакам мастер-классда қатнашишга муваффақ бўлишди. Олий мактаб тингловчилари Асакада “UzAuto Motors” автомобиль заводига ташриф буюришди ва нафақат улкан корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиш, балки компания бош директори Бо Андерссон билан тўғридан-тўғри суҳбатлашиш имкониятига ҳам эга бўлишди.
“Биз ва бизнинг тингловчиларимиз учун компания бош ижрочи директори билан учрашиш жуда фойдали ва қизиқ бўлди, чунки “Бо Андерссон кейси”ни биз маърузаларда Олий мактабимиз тингловчилари билан биргаликда муҳокама қиламиз”, дея таъкидлади иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Дилмурод Суюнов. У, шунингдек, компания вакиллари ва Узавтосаноат раҳбариятига қабул ва учрашувни ташкиллаштиргани учун миннатдорлик билдирди.
Албатта, заводга хавфсизлик техникаси бўйича кўрсатмаларсиз ташриф буюриб бўлмайди, ундан сўнг эса тингловчи ва ўқитувчилар катта қизиқиш билан автозавод бош директори билан суҳбатлашди. Муҳокамада логистика, маҳаллийлаштириш, сифат, таннархни пасайтириш, ишлаб чиқаришда KPI тизимининг жорий этилиши ва, албатта, режадаги Chevrolet Tracker-2 ва Chevrolet Onix автомобилларининг сотувга чиқарилиши каби турли мавзуларга тўхталиб ўтилди.
Меҳмонлар компания раҳбари билан кечгача суҳбатлашишга тайёр бўлишса-да, цех ва корхоналарга ташриф буюриб, автомобиль йиғиш жараёнларини ўз кўзлари билан кузатишни ҳам хоҳлашарди. Эътиборлиси, автомобиль йиғиш линиясининг сўнгида Олий мактаб тингловчиларини “UzAuto Motors” АЖнинг сифат бўйича директори Андрей Солдатов билан яна бир қизиқарли учрашув кутаётган эди.
“Биз одатда кўчада кўрадиган автомобиллар шу ерда йиғилади ва ишлаб чиқариш жараёни билан яқинроқ танишиш биз учун жуда қизиқ бўлди”, дея ўқитувчи ва тингловчиларнинг фикрини баён этди МВА магистри Нилуфар Дадабаева.
Тингловчилар, шунингдек, "UzAuto Motors" заводи учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи ҳамда Асакада ишлаб чиқариладиган автомобиллар учун ички жиҳозлар ва ўриндиқлар тайёрловчи корхоналар "UZ-DONG YANG Co" МЧЖ ҚК ва "UZ TONG HEUNG Co" АЖ ҚК билан танишишди.
Реклама ҳуқуқи асосида
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь