Олимпиада ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик учун спортчиларга 15 млрддан ажратилади – Президент қарори

Спорт

image

2023 йилдан бошлаб ўзбек спортчиларини 2026 йилда Милан ва Кортине-д'Ампеццода (Италия) ўтказиладиган Қишки Олимпиада ва Паралимпия ўйинларига тайёрлаш учун ҳар йили 15 млрд сўмгача (3 йилда 45 млрд) маблағ ажратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг тегишли қарорларида белгиланган. 

2023−2025 йилларда Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида қуйидагилар тасдиқланади:

•  фигурали учиш, конькида учиш, шорт-трек, кёрлинг, хоккей, парахоккей ва паракёрлинг бўйича профессионал спортчи, малакали тренер ва бошқа мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳудудида замонавий муз саройи барпо этиш;
•  Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Чимён қишлоғида фристайл, тоғ чанғиси, сноуборд, паратоғ чанғиси, парасноуборд, парахоккей, паракёрлинг каби спорт турларини ривожлантириш мақсадида спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактабига қарашли «Пахтакор» спорт базаси негизида қишки спорт турлари бўйича миллий терма жамоа аъзолари учун 60 ўринга мўлжалланган Олимпия тайёргарлик маркази ташкил этиш;
•  Тошкент шаҳрида Қишки спорт турлари бўйича республика ихтисослаштирилган спорт мактаби ташкил этиш.
•  2023 йилдан бошлаб ҳар йили қишки Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари (республика спорт мусобақалари, халқаро спорт мусобақалари, ўқув-машғулот йиғинлари, Осиё ҳамда Жаҳон чемпионатлари ва кубоклари) учун 15 млрд сўмгача маблағлар ажратилади (уч йилда 45 млрд сўмгача).

Қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчилари президентнинг 2022 йил 14 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларининг навбатдаги ёзги ва қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиши учун тайёргарлик ишларини жадаллаштириш тўғрисида”ги қарорининг 1-бандида кўрсатилган миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Унга кўра, ғолиб ва совриндорларга:

олтин медаль учун — 200 минг доллар;
кумуш медаль учун — 100 минг доллар;
бронза медаль учун — 50 минг доллар берилади.
Харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Мақсадли кўрсаткичларга қуйидагилар киради:

•  қишки Олимпия ўйинлари бўйича 29 та дастурда иштирок этиш ҳамда 7 та спорт тури бўйича 8 та лицензияни қўлга киритиш, шу жумладан, 3 та истиқболли олимпия спорт тури (чанғида югуриш, фристайл ва кёрлинг) бўйича 10 та дастурда иштирок этиш;
•  қишки Паралимпия ўйинлари бўйича 4 та дастурда иштирок этиш ҳамда паратоғ чанғиси бўйича 2 та лицензияни қўлга киритиш, шу жумладан, парахоккей бўйича дастурда иштирок этиш.
Ҳужжат билан қишки спорт турларини ривожлантириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланади:

•  Андижон, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрини фигурали учиш, хоккей, шорт-трек, кёрлинг, парахоккей, паракёрлинг спорт турларига ихтисослаштириш;
•  Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларининг тоғли ҳудудларини тоғ чанғиси, сноуборд, фристайл, ski-альпинизм, паратоғ чанғиси, парасноуборд спорт турларига ихтисослаштириш;
•  илғор ва инновацион технологияларни жалб қилган ҳолда салоҳиятли ҳудудларда зарур инфратузилмани яратиш, бу борада инвесторларни жалб этиш, уларга бўш ер майдонларини белгиланган тартибда ажратиш ва қурилиш ишларига рухсат бериш;
•  тоғли ҳудудларда жойлашган спорт-таълим муассасаларида тоғ чанғиси ва ski-альпинизм бўйича бўлимлар ташкил этиш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
•  муз саройлари мавжуд ҳудудларда фигурали учиш, конькида учиш, шорт-трек, кёрлинг, хоккей, парахоккей, паракёрлинг бўйича бўлимлар ташкил этиш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
•  қишки спорт турлари бўйича нодавлат спорт-таълим муассасаларини ташкил қилиш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш.

Қарорга мувофиқ, 2026 йил Милан ва Кортина-д'Ампеццо шаҳарларида (Италия) бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаш бўйича Республика комиссияси ташкил этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

14

Рейтинг

3.4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг