Олимлар хавотирда: одамлар мантиқий фикрлаш қобилиятини йўқотмоқда
Бу қизиқ
−
17 Март 15216 2 дақиқа
Одамлар мантиқий фикрлаш ва оддий масалаларни ечиш қобилиятини йўқотмоқда. Бу ҳақда Халқаро таълим ютуқларини баҳолаш дастури мутахассисларига таяниб, “Financial Times” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, тадқиқотчилар бу тенденция 2010 йилдан бошланганини таъкидламоқда. Ўша даврдан бошлаб тест натижалари мантиқий фикрлаш ва муаммоларга ечим топиш қобилиятининг пасайишини кўрсатмоқда ва бу жараён ҳануз давом этмоқда.
Тадқиқот натижаларига кўра, масалаларни ечиш қобилияти ва диққатни жамлаш нафақат ўсмирлар, балки катталар орасида ҳам пасаймоқда. Мутахассислар буни рақамли технологияларга ортиб бораётган қарамлик ва “клипча фикрлаш” феномени билан боғламоқда.
Ривожланган давлатларда аҳолининг 25 фоизи, АҚШда эса 35 фоизи оддий математик масалаларни еча олмайди;
2015 йилдан кейин диққат етишмовчилиги билан боғлиқ муаммолар кескин кўпайди;
Саводхонлик ва арифметика бўйича қийинчиликлар юқори даромадли мамлакатларда ҳам кўп учрамоқда.
Экспертларнинг фикрича, рақамли муҳит одамларни чуқур фикрлаш ўрнига пассив ахборот истеъмолига ўргатмоқда.
“Биз китоб ўқиш ва билим излашдан чексиз скролл қилиш ва билдиришномалар оқимига ўтиб кетдик. Биз илгари танишларимиз билан суҳбатлашиш ёки фаол веб-саҳифаларни ўқишга вақт ажратган бўлсак, энди фақат ахборот оқимини қабул қиламиз. Бу эса ўз-ўзини ривожлантиришдан кўра, пассив истеъмолга ва доимий контекст алмашишига олиб келмоқда. Оқибатда диққатни жамлаш ва онгли қарор қабул қилиш қобилияти ёмонлашмоқда”, дейди тадқиқот муаллифи Жон Берн-Мердок.
Бироқ олимлар бу жараён орқага қайтарилиши мумкин деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрича, инсонларнинг ақлий салоҳияти ҳали “тугаб қолмаган”, аммо уни сақлаб қолиш учун ахборотга бўлган муносабатни қайта кўриб чиқиш ва рақамли технологияларни чалғитиш воситаси эмас, балки ривожланиш учун ишлатиш керак.
Live
Барчаси