Оғирингиз енгил бўлганини ҳис қилиб, ўзимни бахтиёр сезаяпман – Мирзиёев нуронийлар билан суҳбатда
Жамият
−
27 Сентябрь 2021
3882Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 19 февраль куни Наманган шаҳридаги “Саховат” уйини бориб кўрган, нуронийлар учун янги бино қурилишига ваъда берган эди.
Шундан сўнг бу ерда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. 120 ўринли янги “Саховат” уйи биноси, 4 та коттеж қурилди. Маъмурият ва хўжалик бинолари таъмирланиб, электр энергияси, сув, иситиш тармоқлари янгиланди.
Шавкат Мирзиёев вилоятга навбатдаги ташрифи чоғида у ерга яна бориб, кексалар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди.
“Саховат” уйида ҳар бир яшовчи учун алоҳида хона ажратилган бўлиб, хоналар телевизор, музлатгич, мебель билан жиҳозланган. Ошхона, муолажа ва физиотерапия хоналари, сув ҳавзаси, тренажёр зали бир бинода жойлашгани кексаларга қулайлик яратган. Нуронийлар вақтини мазмунли ўтказиши учун дам олиш жойлари, кутубхона ташкил этилган.
Зиёратларга бориш учун “Саховат” уйига Президент совғаси – “Isuzu” автобуси ҳам берилган.
Давлат раҳбари нуронийлар билан дилдан суҳбатлашди.
“Ўтган сафар Худо кўнглимга солиб, сизларнинг олдингизга келган эдим. Тошкентга бориб ҳам, ҳурматингизни жойига қўйиш ҳақида кўп ўйладим. Ахир, давлат раҳбари сифатида сизларга шароит яратиб бериш – менинг вазифам. Бугун мана шундай янги шароитларингизни кўриб, оғирингиз енгил бўлганини ҳис қилиб, ўзимни бахтиёр сезаяпман. Сизлар ҳаётдан рози бўлсаларингиз, Аллоҳ биздан рози бўлади, юртимиз тинч, ишимизда барака бўлади”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Нуроний ота ва онахонлар яхши шароитлар, инсон қадрига эътибор учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдириб, юртга тинчлик-фаровонлик тилаб дуолар қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифини якунлаб, Фарғонага жўнаб кетди.
LiveБарчаси