Одамларнинг бегонаси бўлмайди...
Таҳлил
−
31 Май 2019
3492Мактаб пайтларида Альбер Камюнинг “Бегона” асарини ўқиганим ҳали ҳамон эсимда. "Бугун онам ўлди. Ё кечамикан, билмайман”… деб бошланувчи асарда, бош қаҳрамон Мерсо ҳеч нарсага қизиқмайди ва ҳеч кимга меҳр қўймайди. Ўшанда асар қаҳрамонининг бефарқлигига ҳайрон қолгандим. Ҳаётда шундай одамлар ростдан ҳам бормикан деб ўйлагандим. Ёшим улғайган сари шундай одамларга тез-тез дуч келяпман. Бу инсонларнинг инсонийликдан йироқлашиши эмасмикан?
Инсонда бегоналашув туйғусининг пайдо бўлиши, ўзлигидан узоқлашиши билан бевосита боғлиқ. Бундай инсонларга ота-она, фарзанд, яқинлар ҳақида қайғуриш, ёнида бўлиш оғирлик қилиб қолади. Улар кун сайин тубанлашиб боради ва ўз навбатида жамиятга ҳеч бир наф келтирмайди.
Интернет тизимининг кенг ёйилиши, четдан кириб келаётган турли салбий одатлар бегоналашувнинг оммалашишига сабаб бўлмоқда. Айрим ёшларда эса бегоналашувнинг юзага келиши ижтимоий муҳит, оилавий ҳаёт, атрофдагиларнинг кучли таъсири остида юзага келади. Фарзандларимизни зарур маданий-маърифий, фойдали ишга жалб этиш йўлидаги камчиликлар бу каби иллатнинг илдиз отишига сабаб бўлади.
Бегоналашув – бу инсоннинг ўз моҳиятидан узоқлашишдир. Бу муаммони немис мутафаккири Эрих Фромм жуда яхши ишлаб чиққан. Замонавий жамиятни Э. Фромм инсон моҳиятини “машиналаштириш”, “компьютерлаштириш” ва “роботлаштириш” жараёнлари туфайли бегоналашувнинг бир маҳсули, деб таърифлайди. Бунинг исботи сифатида Ғарбда кузатилаётган жамиятнинг "атомлашуви” жараёнини келтириш мумкин. Бу дегани, жамиятда икки кишини боғлайдиган ҳеч нарса йўқ. Одамлар орасида автоном турмуш тарзи кенг ёйилиб кетмоқда. Нима қилмоқ керак? Ижтимоий бегоналашувни бартараф қилиш учун инсонларни бир-бирлари билан муносабатлари, муаммоларини ҳақиқий бирдамлик ва ҳамкорлик асосига қуриш керакки, шунда ҳар бир инсон ўзини бошқалар учун керак эканлигини чин юракдан ҳис қилсин.
Файласуф Людвиг Фейербах бегоналашув кишида қўрқув, қарамлик каби руҳий ҳолатларни келтириб чиқаради, деб ҳисоблаган. Бу каби салбий вазиятлар авлодлар ўртасидаги тушунмовчиликларда яққол намоён бўлади. Одамларнинг бир-бирини тушунмаслиги, қалбан ва фикран узоқлиги, муносабатларидаги меъёрнинг бузилиши, жамиятда ўз ўрнини тополмаслиги бегоналашувнинг туб илдизини ташкил этади.
Орамизда ана шундай яшаётганлар, ён-атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бетараф ва бепарво қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшаётганлар, эртага ўз халқи ва Ватани тақдирига ҳам бамисоли бегона одамдек муносабатта бўлиши шубҳасиз.
Немис файласуфи Фридрих Ницше “Инсондаги руҳият тобора сўниб бормоқда. Руҳ сустлашганда эса инсон тубанлашиб кетади”, деган. Мана шу бегоналашувни фақат ирода кучигина енгиши мумкин эканини таъкидлаган.
Социологлар ва психологлар бу жараён анча хавфли эканини таъкидламоқда. Шундай экан, бу борада таълим-тарбияга эътибор қаратиш асосий ва муҳим вазифалардан бири бўлиб қолаверади...
Зарнигор АБДУМАЛИКОВА
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь