Обод маҳаллами ё барбод маҳалла? Ипотека банк ажратмаган кредит сабаб Сергелидаги уйлар сув остида қолмоқда

Жамият 6402

QALAMPIR.UZ таҳририятига Сергели тумани, 5-мавзе, 11-уйда яшовчи фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатномада айтилишича, айнан улар яшаб турган кўп қаватли уйнинг том қисми “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида ёпиб берилиши керак бўлган. Шу сабабли Сергели тумани “Allaviy-bonu kommunal” хусусий уй-жой мулкдорлик ширкати ўзининг таркибида бўлган 11-сонли уйнинг том қисмини ёпиш учун 3 йиллик имтиёзли давр асосида йиллик 15 фоиз устама тўлаш шарти билан Ипотека Банкнинг Сергели тумани филиалига кредит сўраб мурожаат қилган. Банк эса ширкатга иш бошлайверишни, унгача пул тушириб берилишини ваъда қилган. 

Ширкат 2020 йилнинг октябрь ойида кўп қаватли уйнинг том қисмини ёпиш бўйича ширкат “ROBINSON CRUSOE NRAVEL” МЧЖ билан шартнома тузган ва таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. Ваъда қилинган маблағ банк томонидан ўз вақтида ширкат ҳисобига тушириб берилмагач, пудратчи ташкилот “ROBINSON CRUSOE NRAVEL” МЧЖ ишни чала ҳолатда ташлаб кетган. Натижада эса аҳоли қишнинг қировли кунларини, баҳорнинг ёмғирли тунларини “очиқ осмон остида” ўтказган.

Биз мурожаатнома асосида ушбу манзилда бўлдик ва аҳолининг қорда қаҳшаб, ёмғирда ивиган дардига қулоқ тутдик. Уй эгалари 6 ойдан буён ҳар ёғингарчилик бўлган пайтлари томдан сув ўтаётганини, хонадонларнинг таъмирига эса жиддий зарар етаётганини айтмоқда. Хонадонлардан бирига кирганимизда эса девордаги гулқоғозлар сувдан ивиб кетгани, шифтлар сарғайгани, айрим уйларда эса ҳатто, қоғоз ва гипс аралашмасидан тайёрланган шифтлар ўпирилиб кетганига гувоҳ бўлдик. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июнда ПФ-5467-сонли “Обод маҳалла” дастури тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди. 2019 йил Тошкент шаҳар Сергели туманида жойлашган “Ҳабибий” маҳалласи “Обод маҳалла” дастурига киритилган. Бироқ, 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш дастурига асосан ушбу маҳалладаги 11-сонли уйнинг том қисмини ёпиш ишлари кредит ажратилмаганлиги сабабли бошланганича тугалланмай қолиб кетган. 

Мурожаатчи фуқаролардан бири Сардор Ғуломовнинг айтишича, томни ёпиш ишлари бошланган пайт журналистлар келиб, кўпқаватли уйда яшовчи аҳолидан интервью олган. Фуқаролар эса бошланган қурилиш ишларидан мамнун эканликларини айтиб, бунга бош-қош бўлаётганларга миннатдорлик билдиришган. Афсуски, уларнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. 

“Ушбу уйнинг том қисмини ёпиш ишлари 2020 йилнинг октябръ ойида бошланган эди. Қурилиш бошланиб, ёғочлар ўрнатиб бўлинди. Банкдан эса бир ҳафта ичида маблағ тушириб берилишини айтишгани учун “профнастил” ҳам олиб келинди. Лекин пул тушириб берилмади. Шунинг учун ҳам том охиригача ёпилмасдан қолиб кетди. Мана, орадан 6 ой ўтдики, ҳалигача шу аҳвол. Бу масала юзасидан Тошкент шаҳар Сергели туман ҳокимлигида бўлган сайёр қабулда қатнашдим, бундан кейин 322-мактабда ҳам сайёр қабулда иштирок этдим. Иштироким давомида ширкатга кредит ажратилмагани ва том охиригача ёпилмаганини айтганимда, “бўлди, ҳал қиламиз”, деб мени чиқариб юборишган”, дейди фуқаро Сардор Ғуломов.

Биз воқеага янада аниқлик киритиш, иккинчи томонга қулоқ тутиш ва 6 ой давомида нега кредит ажратилмай  келинаётганини билиш мақсадида Ипотека банкнинг Сергели туман филиали билан телефон орқали боғландик. Банк ходимларининг берган маълумотига кўра, Сергели тумани 5-мавзе 11-уйни ўз таркибига олган “Allaviy-bonu kommunal” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг банкдан қарздорлиги мавжуд. Шу боис кредит ажратилмаяпти. Тўғри-да, муддати ўтган қарздорлик бўлгандан кейин қайси банк ҳам кредит ажратарди дерсиз?! Ваҳоланки, Ипотека банк Сергели филиалининг 2020 йил 15 октябрдаги 18/2695-сонли хатида “Allaviy-bonu kommunal” ХУЖМШнинг банкдан муддати ўтган қарздорлиги йўқлиги маълум қилинган. Шунингдек, Сергели тумани давлат солиқ инспекциясининг 2020 йил 2 октябрдаги 17-20475-сонли маълумотномасида ширкатнинг ҳеч қандай қарздорлиги мавжуд эмаслиги айтилган. Шуларга қарамай, кредит ажратилиши пайсалга солиб келинмоқда.

“Allaviy-bonu kommunal” ХУЖМШ Вазирлар Маҳкамасининг "Банк кредитлари бўйича туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан кафолатлар берилиши ва муддати ўтказиб юборилган қарздорликни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 6-бандида белгиланган тартиб асосида керакли ҳужжатларни Сергели туман ҳокимлигига тақдим қилган. Сергели тумани ҳокимиятидан келган вакил ширкат тақдим этган ҳужжатлар туман ҳокимияти томонидан кўриб чиқилиб, 2020 йил 10 ноябрда 861/01-сонли “Кафолат хати” берилганини айтмоқда.

"Ширкатнинг давлат солиқ инспекциясидан ҳам, банкдан ҳам ҳеч қандай муддати ўтган қарздорлиги йўқлиги ҳақида маълумотнома берганмиз. Ҳамма керакли нарсалар олиб келиниб, иш бошлангандан кейин кредит ажратишмаяпти. “Нега кредит ажратмаяпсизлар?”, десак “Марказий банк жавоб бермаяпти, “кнопкани” босмаяпти”, деб жавоб қилишмоқда. Кредит чиқарамиз, деб ҳалигача чўзиб юришибди”, дейди Сергели тумани уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бош мутахассиси Сухроббек Машарипов.

QALAMPIR.UZ жамоаси Ипотека банк Сергели тумани филиали ходимларини воқеа жойига таклиф қилди. Бир соатдан ортиқ кутиш зое кетди ва таҳририят ходимлари банк мутасаддилари билан мулоқот қилиш учун у жойлашган манзилга борди. Бироқ, на банк ходимлари ташқарига чиқиб саволларга жавоб берди, на журналистлар ичкарига киритилди. Ҳатто, шу яқинда тасвирга олишга ҳам рухсат берилмади. Ҳар қандай саволларга ёзма мурожаат орқали жавоб берилиши айтилди.

Ипотека Банкнинг Сергели туман филиали “Allaviy-bonu kommunal” ХУЖМШга умумий ҳисобда 100 миллион сўм (63 миллион сўм томни қайта ёпиш ишларига ва 37 миллион сўм эскирган қувурларни таъмирлаш учун) кредит ажратиши керак эди. Воқеалар қай тарафга кетганини эса ўзингиз кўриб турибсиз.

Тегишли ташкилот мутасаддилари ушбу ҳолатга жиддийроқ эътибор қаратмас экан, Сергели тумани 5-мавзе 11-сонли уйда яшовчи фуқаролар шифтидан оқаётган сувга тоғора қўйиб яшайверади. Қолаверса, бу “Обод маҳалла” дастури ва Ипотека банк билан боғлиқ илк ёки тасаодифий ҳолат бўлмаслиги ҳам мумкин. Балки, биз билмаган бундай воқеалар ўнлаб топилар. Яна қанчадан қанча маҳаллалар обод қилиниш ваъдаси билан барбод бўлгани бизга қоронғи.

Рўзимурод Бердиев

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 75
Рейтинг: 3
t
×