Номаълум учувчи жисмлар ҳақидаги энг йирик архив ғойиб бўлди

Олам

image

Жорий йилнинг 20 февраль куни АҚШда номаълум учувчи жисмлар ҳақидаги махфийликдан чиқарилган ҳужжатлар жамланган энг йирик интернет-архив – “The Black Vault” йўқ қилинган. Ушбу воқеа АҚШ Президенти Дональд Трамп ўзга сайёралик ҳақидаги барча ҳужжатларни эълон қилиш бўйича фармойиш берганидан бир кун ўтиб содир бўлган. Бу ҳақда 23 февраль куни “The Daily Mail” газетаси сайт раҳбари ва тадқиқотчи кичик Жон Гринвалдга таяниб хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, 20 февраль куни номаълум шахс томонидан “The Black Vault”нинг асосий серверидан Гринвалд қарийб 30 йил давомида тўплаб, эълон қилиб келган 3,8 миллиондан ортиқ файл ўчириб ташланган. Газета келтирган сўзларга кўра, Гринвалд ҳодиса диверсия бўлганига тўлиқ ишонч ҳосил қилмаган, бироқ бундай эҳтимолни ҳам инкор этмаган. У айрим ҳужжатларга кириш ҳуқуқлари ҳам ўзгартирилганини билдирган. Нашрнинг қайд этишича, Гринвалд архивни захира нусхалари ёрдамида тиклашни режалаштирмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, 19 февраль куни АҚШ Президенти Truth Social ижтимоий тармоғида ҳукумат ўзга сайёраликлар ва номаълум учувчи жисмларга оид ҳужжатларни эълон қилишини маълум қилган эди. У жамоатчиликдаги катта қизиқишни инобатга олиб, АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет ҳамда барча тегишли вазирлик ва идораларга ўзга сайёралик ва ерга оид бўлмаган ҳаёт шакллари, номаълум аномал ҳодисалар ва номаълум учувчи объектларга тааллуқли ҳукумат ҳужжатларини аниқлаш ва эълон қилиш жараёнини бошлашни топшириш ниятида эканини билдирган. Шунингдек, у “ниҳоятда мураккаб, бироқ ўта қизиқарли ва муҳим мавзу”га оид бошқа ҳар қандай маълумотлар ҳам ошкор этилишини қайд этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп ўзга сайёраликлар Номаълум учувчи жисмлар The Black Vault

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг