Нигерияда комендантлик соатига риоя қилмаган 18 киши ўлдирилди
Олам
−
17 Апрель 2020
7891Нигерия хавфсизлик кучлари мамлакатнинг маълум ҳудудларида жорий қилинган комендантлик соатига риоя қилмаган одамларни ўлдирди. Бу ҳақда Нигерия инсон ҳуқуқлари бўйича миллий комиссияси маълум қилди.
Таъкидланишича, комиссияга марҳумларнинг оила аъзоларидан жами 105 та мурожаат хати келиб тушган. Комиссия раҳбари ушбу масалада жиноий иш очилишини маълум қилди.
“Нигерия хавфсизлик кучлари 18 нафар фуқарони коронавирус сабаб ўлдирди. Марҳумлар мамлакатда жорий қилинган комендантлик соати қоидаларини бузгани учун жазолангани айтилмоқда“, дейилади хабарда.
Комиссия раҳбари Энтони Ожуквунинг сўзларига кўра, хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан амалга оширилган “зўравонлик ва қотилликлар“ юзасидан фуқаровий шикоятлар келиб тушган. Унинг сўзларига кўра, қонунбузарлик ҳолатлари мамлакатнинг Лагос шаҳрида, пойтахт Абужа ва баъзи жануби-ғарбий штатларда кузатилган.
Бош полиция инспекторининг ўринбосари Бабатунде Огунянвонинг айтишича, полиция бу ҳисоботдан хавотирда. У ушбу ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилишини маълум қилди.
“Биз текширамиз ва айбдорлар жавобгарликка тортилади“, дейди Бош полиция инспектори.
Маълумот учун, жорий йилнинг 29 март куни Нигерия вирус тарқалишини тўхтатиш учун мамлакатнинг йирик шаҳарларида 14 кунлик комендантлик соатини эълон қилди. 13 март куни мамлакат Президент Муҳаммад Бухорий бу муддатни яна 14 кунга узайтирди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Нигерияда коронавирус билан боғлиқ 442 та ҳолат аниқланган. Касалланганларнинг 152 нафари соғайган, 13 нафари эса вафот этган. Мавжуд беморлар сони 277 кишини ташкил қилмоқда.