Непаллик ўсмир дунёнинг энг баланд 14 чўққисига чиқиб, рекорд ўрнатди
Бу қизиқ
−
11 Октябрь
280218 ёшли непаллик Нима Ринжи 9 октябрь куни маҳаллий вақт билан 6:05 да шериги Пасанг Нурбу билан 8,027 метр баландликдаги Шиша-Пангма чўққисини забт этиб, бунга эришган энг ёш одам бўлди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Шиша-Пангма 14 та 8000 метрли чўққиларнинг бири бўлиб, уларнинг барчаси Халқаро альпинизм ва тоғчилик федерацияси томонидан денгиз сатҳидан 8,000 метр баланд деб тан олинган. Ниманинг ютуғи Непал Альпинизм ассоциацияси томонидан ҳам тасдиқланган.
Гиннеснинг рекордлар китобига кўра, бундан аввал, 2019 йилда Мингма Гябу 30 ёшида барча 14 та чўққига чиқишга муваффақ бўлган. Уларнинг веб-сайтида янги рекорд тасдиқланиши бир неча ҳафта давом этиши мумкинлиги қайд этилган.
Маълумотларга кўра, Нима эпик саёҳатини 2022 йил сентябрь ойида Непалнинг 8 163 метр баландликдаги Манаслу тоғига чиқиш билан бошлаган. Кейинги икки йил ичида у барча 8000 метрли чўққиларни, жумладан дунёнинг энг баланд чўққиси Эверест (8 848,86 метр) ва жуда хавфли ҳисобланган К2 (8 611 метр) ни забт этган.
“Мен жаҳон рекордини ўз лойиҳамга бағишлайман. Бу чўққига чиқиш шахсий саёҳатимнинг якуни эмас, балки шерпа халқининг анъанавий чегараларини ортда қолдиришга жасорат қилган ҳар бир шерпага бағишланган ҳурматдир. Альпинистлик бу фақатгина меҳнат эмас – бу бизнинг кучимиз, чидамимиз ва иштиёқимизнинг далилидир," деб ёзди Нима Instagram’да.
Маълумот учун, Непалнинг этник шерпалари асрлар давомида Ҳимолой тоғларида яшаб келган ва узоқ вақт мобайнида тоғ йўлларини кўрсатувчи йўлбошчилар ва юк ташувчилар сифатида хизмат қилган. Уларнинг билимлари чет элликларнинг минтақадаги тоғларга чиқишга уриниши учун бебаҳо бўлган.
Шерпалар одатда халқаро тоғ экспедицияларининг муваффақиятига ҳисса қўшади. Улар оғир ускуналар ва таъминотни тоғларга ташиб, хавфли шароитларда одамларни баланд чўққиларга етаклайди.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 1 июнь куни Ўзбекистон фуқароси Сергей Денисенко Ер сайёрасининг энг баланд нуқтаси – баландлиги 8848 метр бўлган Эверест (Жамалунгма) чўққисини забт этган эди.