Юлдуз кўрмай жон берди! ДСҚ ва МБнинг қарори лойиҳаси нега йўқ қилинди?

Жамият

image

Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банкнинг Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойланган  “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари томонидан банк ҳисобварақларига оид ахборотларни Давлат солиқ қўмитасига электрон узатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қўшма қарори лойиҳаси жиддий танқидларга учрагач, муҳокамадан олиб ташланди.

Хўш, ўзи мазкур қўшма қарор нима ҳақида эди?

Қарор лойиҳаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тайёрланганди. Уни Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банк раҳбари тасдиқлаши керак эди. Агар лойиҳа кучга кирганда, МБ томонидан ДСҚга юридик шахслар ва юридик шахс мақомига эга бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳисобварақлари ҳамда уларнинг реквизитлари тўғрисидаги ахборотлар ҳар куни кейинги иш кунидан кечиктирмаган ҳолда тақдим этиларди.

Тижорат банклари томонидан солиқ органларига қуйидагилар:

•    юридик шахслар ва юридик шахс мақомига эга бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорларнинг ушбу Низомнинг 2-иловасида қайд этилган ҳисобварақлари бўйича ўтказилган пул маблағлари айланмалари тўғрисидаги ахборотларни ДСҚ сўровига кўра уч иш кунида;

•    юридик шахслар ва юридик шахс мақомига эга бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорларнинг ушбу Низомнинг 2-иловасида қайд этилган ҳисобварақларидаги қолдиқ маблағлари тўғрисидаги ахборотларни ДСҚ сўровига кўра уч иш кунида;

•    бир ой давомида жисмоний шахсларнинг барча банк карталарига келиб тушган пул маблағлари айланмаси 30 млн.сўмдан (шу жумладан, чет эл валютаси миллий валюта эквилентида бўлган тақдирда) ва трансакциялар сони 10 тадан ошган P2P операциялари тўғрисидаги ахборотларни ДСҚ сўровига кўра уч иш кунида миллий ҳамда чет эл валютасида;

•    Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очган резидент-юридик шахсларнинг ҳисобварақлари ҳамда уларнинг реквизитлари, улардаги қолдиқ маблағлари ва ўтказилган пул маблағлари айланмалари тўғрисидаги ахборотларни ҳар чорак якуни билан, кейинги ойнинг 25-санасига қадар тақдим этилиши режалаштирилганди.

Қўшма қарор сенатор ва жамоатчиликнинг жиддий танқидига учраганди

Жорий йилнинг 9 апрель куни Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Иминов лойиҳанинг бир нечта жиҳатлари мунозарали эканини айтганди.

“Биламизки, Солиқ кодексининг 134-моддасида аниқ қилиб ёзилган, банк мижознинг банкдаги ҳисобварақлари ва омонатлари (депозитлари) мавжудлиги, уларнинг қолдиқлари, кўчирмалари, солиқ мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бошқа маълумотларни солиқ органининг сўровига биноан тақдим этиши керак.

Лекин муҳокамага қўйилган ҳужжатда бир ой давомида жисмоний шахсларнинг барча банк карталарига келиб тушган пул маблағлари айланмаси 30 млн. сўмдан (шу жумладан, чет эл валютаси миллий валюта эквивалентида бўлган тақдирда) ва транзакциялари сони 10 тадан ошган операциялари тўғрисидаги ахборотларни банклар солиқ идораларига тақдим этиши белгиланмоқда.

Солиқ кодексининг 134-моддасида жисмоний шахсларнинг банк карталарига келиб тушган пул маблағларининг айланмаси тўғрисидаги маълумотлар ўз ифодасини топмаган.

Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, муҳокамага қўйилган ҳужжатга Солиқ кодексида назарда тутилмаган меъёрлар киритилган”, дея фикр билдирди Одилжон Иминов.

Жамоатчилик фаоллари ҳам қарор лойиҳасини танқид остига олиб, бу каби ҳужжатлар, ўз навбатида, солиқ тўловчиларни ҳуркитиб юбориши ва натижада “яширин иқтисодиёт” кўрсаткичлари авж олишини айтишганди. Яна айримлар бундай ҳужжатлар ишлаб чиқилишидан аввал давлат хизматчиларининг даромадлар ва ҳаражатлар декларациясини ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ бўларди, деб изоҳ қолдиришган.

Сенатнинг муносабатига Давлат солиқ қўмитаси жавоб қайтарган

Давлат солиқ қўмитасининг раис ўринбосари имзоси билан Сенатга хат йўлланган (13.04.2020 йилдаги 03/2-12794-сон билан). Таъкидланишича, махсус комиссиянинг қарорига мувофиқ ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар ижро муддати икки ойга узайтирилган. Шунингдек, таклифлар ҳамда эътирозларни инобатга олиниб, Низом лойиҳасини веб саҳифадан (regulation.gov.uz) олиб ташланган.

“Албатта, Олий Мажлис Сенати Давлат солиқ қўмитасининг танқид, таклиф ва эътирозларга тўғри муносабатда бўлганлигини ижобий баҳолайди.  Шунингдек, мазкур ҳужжат лойиҳаси ва шу каби тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларига дахлдор барча меъёрий ҳужжатлар доимий назорат остида бўлишини билдиради”, дейилган Олий Мажлис Сенатининг баёнотида.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

208

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг