НАТО Бош котиби Байден билан Хитой масаласини муҳокама қилди

Олам

image

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг АҚШ Президенти Жо Байден билан Хитойга нисбатан сиёсатни муҳокама қилди. Байден билан Оқ уйда бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Шимолий Атлантика альянси раҳбари журналистларга жорий йилнинг 14 июнь куни Брюсселда ўтказилиши режалаштирилган НАТО саммитининг кун тартибида Хитой масаласи ҳам борлигини айтди.

Столтенберг яқин орада Хитой дунёдаги энг йирик иқтисодиётга айланишига ишонч билдирган.

“Бироқ Хитой бизнинг қадриятларимизга қўшилмайди. Хитой Гонконгдаги демократик намойишчиларга қандай тўсиқ қўяётганини, уйғурларга қандай муносабатда бўлганини, қўшниларига босим ўтказаётганини ва Тайванга таҳдид солаётганини кўриб турибмиз”, дейди НАТО Бош котиби.

Унинг сўзларига кўра, томонлар Россия, глобал терроризм, кибер таҳдидлар ва иқлим ўзгаришининг хавфсизликка таъсири масалаларини ҳам муҳокама қилди

“Байден кўпроқ НАТОнинг келаси ҳафта Брюсселда бўлиб ўтадиган саммитига тайёргарлик ҳақида гапирди. Биз узоқ кутилган саммит кун тартибига Иттифоқни янада мустаҳкамлаш масаласини киритишга келишиб олдик”, дея давом этди Столтенберг.

НАТО Бош котиби қудратли иттифоқ нафақат Европа давлатлари, балки АҚШ учун ҳам фойдали эканини таъкидлади.

“Ҳеч бир қудратли давлатнинг НАТОда АҚШ каби дўстлари ва иттифоқчилари йўқ. Жаноб Байденни Брюсселда кўришни орзиқиб кутаман. Биз жуда ижобий учрашув ўтказдик”, дейди у.

Шунингдек, Столтенберг ҳам Байденнинг НАТО саммитидан кейин Путин билан учрашиш қарорини олқишлади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ НАТО Байден

Баҳолаганлар

76

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг