Нашид учун қамалган Жаҳонгир Улуғмуродов иши бўйича янги тафсилотлар очиқланди

Жамият

image

Telegramʼдаги 10 кишилик гуруҳга тақиқланган нашид юборгани учун 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган Жаҳонгир Улуғмуродов иши бўйича лингвист мутахассис сўроқ қилинди. Бу ҳақда адвокат Абдумалик Абдуллаев ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

Айтилишича, Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан бўлган жиноят ишининг навбатдаги суд мажлиси жорий йилнинг 21 июнь куни бўлиб ўтган. Суд мажлисига жалб этилган лингвист мутахассисга ҳимоя томони бир неча саволлар билан мурожаат қилган.

Саволларга жавобан у судга амалдаги Жиноят кодексининг 244-1-моддаси диспозициясида келтирилган “Диний экстремистик, сепаратистик ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган...” деган матндаги “ва” боғловчиси тенг боғловчиларнинг бириктирувчи турига мансуб бўлиб, у ўзидан олдин ва кейин келган сўзларни, шунингдек, шу матндаги вергул тиниш белгиси билан ажратилган сўзни, яъни барча уюшиқ бўлакларни тенг мақомда ўзаро бириктиришини, бу эса аниқловчи вазифасида келган ушбу сўзлар бир пайтнинг ўзида улар изоҳлаб келган предметда, яъни материалларда жамланган бўлиш шартини ифодалашини тушунтириб беган.

“Яна ҳам тушунарли қилиб айтсак, таъқиб остига олинган материалда шу модда диспозициясида санаб ўтилган юқоридаги ҳар учала сифат – диний экстремистик, сепаратистик ҳамда ақидапарастлик ғояларининг барчаси (мажмуи) билан йўғрилганлик белгиси бўлиши шартлиги ойдинлашди. Ж.Улуғмуродовга фақатгина ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материални тарқатганлик айблови илгари сурилмоқда”, деган Адвокат Абдуллаев.

Бундан ташқари, бир нафар мутахассис ва бир нафар эксперт ҳам сўроқ қилинган. Адвокатга кўра, ҳозирча суд танаффус эълон қилиб, навбатдаги суд мажлиси 2023 йил 6 июль куни соат 15:00 га белгиланган. 

Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Улуғмуродовга Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судининг 2023 йил 8 майдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди билан Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг