Нархи қанча “дача”ни айтинг? Гулнора Каримованинг саройига харидор борми?
Жамият
−
17 Апрель 2021
35241Ўзбекистон ижтимоий тармоқларида ўзига хос “инқилоб” ясай олган Гулнора Каримова бир қатор молиявий жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга тегишли бўлган маблағлар ҳамда Ўзбекистон ҳудудаги кўчмас мулклари мусодара қилинган эди. Хусусан, унга тегишлилиги айтиб келинган “Пойтахт” бизнес мажмуаси, “Сижжак” дам олиш оромгоҳи ҳамда “Ичан қалъа” меҳмонхонаси айни дамда сотувга қўйилган. Шу муносабат билан жорий йилнинг 16 апрель куни маҳаллий ва хорижий ОАВ, журналистлар ва блогерлар учун Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидан оммавий савдоларга чиқарилган давлатнинг 3 та йирик активига пресс-тур ташкил қилинди.
Ушбу пресс-тур давомида юқоридаги объектлардан бири бўлган “Сижжак” дам олиш маскани ОAВ вакиллари томонидан кўздан кечирилди. Таъкидлаш керакки, ушбу оромгоҳ биноларининг архитектураси ҳам, жойлашиш ландшафти ҳам, ички дизайни ҳам Ўзбекистондаги бошқа дам олиш масканлари ва қимматбаҳо саройлардан ажралиб туради. 2007-2008 йилларда қурилиб, фойдаланишга топширилган ушбу “сарой” 2017 йилнинг 10 февралида мусодара қилинишига қарамасдан, шу пайтгача ҳеч қандай зарар кўрмаган. Яъни, на бирор девор нураган, на бирор дарахт қулаган.
Оромгоҳга бўлган пресс-тур давомида шунга амин бўлдикки, ушбу дам олиш масканининг умумий қиймати анчагина қимматга баҳоланади. Сабаби, биргина оромгоҳ ҳовлисига экилган дарахтларни оладиган бўлсак, уларнинг деярли ҳеч бири маҳаллий дарахтлар эмас. Яъни, дам олиш масканида экилган манзарали дарахтларни сиз-у бизнинг ҳовлимиздан топиш қийин.
“Тян-Шан марвариди” деб номланган Сижжак курорт зонаси денгиз сатҳидан 959 метр баландликда, Пскем дарёси водийсининг ўнг қирғоғида жойлашган. Ер участкасининг умумий майдони 5,4 га, бино ва иншоотларнинг майдони 5016,1 кв метрга тенг. Комплекс ҳудудида меҳмонхона, бир нечта сузиш ҳавзалари, амфитеатр, коттеж, сув минораси ва бошқа иншоотлар бор.
2017 йилда “Сижжак” дам олиш масканига санкция қўйилган ва кейинчалик оромгоҳ Ўзбекистон Триатлон федерациясига машғулот базаси сифатида фойдаланишга бериш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Оромгоҳ Отабек Умаров раҳбарлигидаги Триатлон федерациясига ростан ҳам берилган жойидами? Биз бу ҳақдаги саволларга жавоб олиш учун Давлат активларини бошқариш агентлиги, Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Отабек Ортиқбоев билан мулоқот қилдик.
Феруза Нажмиддинова, журналист: — Гулнора Каримовага тегишли “Сижжак” оромгоҳи Отабек Умаров раҳбарлигидаги Триатлон федерациясига берилиши ҳақида Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида айтилган эди. Дам олиш маскани Триатлон федерациясига берилдими?
Отабек Ортиқбоев, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи: — “Сижжак” оромгоҳи Сижжак қишлоғида жойлашган. Объект Триатлон федерациясига ўтганидан кейин деярли бир йил вақт давомида фойдаланилди. Бугунга келиб замонавий объектларни хусусийлаштириш жараёнида, йирик давлат активларини ҳам хусусийлаштириш ишлари олиб борилмоқда. “Сижжак” оромгоҳини ҳам хусусийлаштириш босқичига етиб келдик. Йирик давлат активларига хорижий инвесторларни жалб қилиш орқали, объектларни сотишдан тушган маблағлар маҳаллий бюджетга йўналтирилади ва бюджетда унинг ҳиссаси катта бўлади.
Ф.Н.: — Оромгоҳни кўздан кечира туриб, уни қуришда жуда катта маблағ сарфланганини билиш қийин эмас. Ҳозирги кунга қадар “Сижжак” дам олиш масканини сотиб оламан, деб таклиф берган инвестор ёки тадбиркорлар бўлдими?
О.О.: — Обьект жойлашуви, ҳолатига қараб нарх белгиланади. Келаётган инвестор ёки маҳаллий тадбиркорлар ҳам дам олиш масканини кўриб, жойлашуви, ҳозирги таъмир ҳолати, имкониятлари, жиҳозлари, бино иншоотларидан келиб чиқиб сармоя киритади.
Ф.Н.: — “Сижжак” оромгоҳидан фақат дам олиш маскани сифатида фойдаланилганми?
О.О.: — Ушбу oбъект дам олиш маскани сифатида рўйхатдан ўтган. Белгиланган тартибда дам олиш маскани сифатида фойдаланилган. Бугунга келиб эса хусусийлаштириш режалаштирилган.
Ф.Н.: — Обьект нархи эьлон қилинганми?
О.О.: — Баҳолаш тизими якунланганидан сўнг қиймати келиб чиқади.
Ф.Н.: — Юқорида айтганимиздек “Сижжак” оромгоҳи Гулнора Каримовага тегишли бўлган. Aгар оромгоҳ сотилса, ундан келиб тушган маблағ унинг қарзларига ҳам йўналтирилиши мумкинми?
О.О.: — Йўқ, белгиланган тартибда бу дам олиш маскани сотилганидан сўнг, маблағ маҳаллий бюджетга келиб тушади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, Фонд Форум васийлик кенгаши раиси, профессор ва маишатсевар Гулнора Каримованинг “салтанат”и 2013 йилга келиб қулади. 2005 йилдан бошлаб ўзини маданият ва санъат, спорт, илм-фан, ахборот технологиялари ва ёшлар ғоялари раҳнамоси сифатида кўрсатишни бошлаган Googoosha 2013 йилгача мамлакатда мислсиз қудрат соҳиби бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Қўша-қўша корхоналар, қимматбаҳо саройлар, дўкон, ресторан, телеканал ва радиолар, газета ва журналлар, меҳмонхоналару оромгоҳлар хоним Каримованинг бир киприк қоқишига тенг вақт давомида ё обод, ё барбод бўларди. У ўз салтанати бахтидан чин маънода ва етарлича сармаст бўлиб яшади. Яшагандаки...
Эслатиб ўтамиз, сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ Колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.
Ўтган йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.
Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.
Қолган судланувчиларга ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, тегишли жазолар тайинланди.
Хусусан, суд ҳукмига кўра, Н.Содиковга 20 йил, О.Свиридовга 17 йил 3 ой, А.Эргашевга 18 йил 1 ой, Ш.Сабировга 17 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Г.Авакьянга 3 йил синов муддати билан 5 йил 3 ой 21 кун шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ж.Абдурахманов ва Б.Тешабаев эса жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиндилар.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь