Намангандаги форум қандай ўтди? (фоторепортаж)

Жамият

image

Хабарингиз бор, 7-8 июнь кунлари Наманган шаҳрида  “Doing business with Namangan – 2019” инвестицион форуми бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.

Таъкидлаш керакки, ушбу форум ўзининг миқёси кенглиги, янги форматда ўтгани билан аҳамиятлидир.

Форумни кириш сўзи билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов очиб берди.

“Ушбу форумнинг барча иштирокчиларига ҳуш келибсиз дейман. Форум илк маротаба ўтмоқда ва бу охиргиси бўлиб қолмайди. Наманган юртимизнинг иқтисодий жиҳатдан ривожланган, шунингдек аграр соҳасдаги етакчи вилоятлардан биридир. Ўйлайманки, ҳар бир инвестор келгусида ушбу ҳудудда фаолият юритади. Бунинг учун барча имконият ва имтиёзлар етарлича, омад тилайман”, деди Азиз Абдуҳакимов.

Шунингдек, форумда Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳам сўзга чиқди.

“Вилоятимизда 150 та қўшма корхона фаолият олиб бормоқда. Биз Корея, Хитой, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур, Германия ва бошқа кўплаб давлатлар билан ҳамкорликда иш юритяпмиз”, деди Хайрулло Бозоров.

Тадбирнинг илк кунида очилиш маросимидан сўнг иштирокчилар Наманган шаҳар давлат Хизматлари марказига ҳам борди.

У ерда иштирокчилар тўртта иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва туризм йўналишидаги секцияларда иштирок этди.

Сексияларда Наманган вилоятининг қишлоқ хўжалиги, туризм ва иқтисодий соҳасининг келажаги, киритилиши назарда тутилган инвецтициялар ҳажми ва ҳудуди борасидаги масалалар муҳокама қилинди.

Форум доирасида Наманган шаҳридаги “Паҳлавон” мажмуасида вилоят ишлаб чиқарувчиларининг миллий кўргазмаси ташкил этилди.

Ушбу кўргазмада 100 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, 40 дан ортиқ хорижий давлатдан 354 нафар тадбиркор ҳамда инвесторлар иштирок этишди.

Ушбу форум доирасида янги инвестиция лойиҳалари тақдимоти, “B2G” ва “B2B” форматдаги кооперацион биржа ҳам бўлиб ўтди.

Шундан сўнг ОАВ учун брифинг ташкил этилди. Брифингда Наманган вилоят ҳокимининг Инвестициялар бўйича ўринбосари Аюбхон Камолов форум ва кўргазма юзасидан ОАВга маълумот берди.

Аксарият хорижлик тадбиркор ва инвесторларга Наманган вилояти ишлаб чиқарувчиларининг маҳсулотлари маъқул келди.

Форумнинг биринчи куни якунларига кўра, умумий қиймати 170 миллион АҚШ долларига тенг 24 та инвестиция битими ва экспорт шартномалари имзоланди. Иккинчи куни яна 15 та битим имзоланди. Жами умумий қиймати 320 миллион АҚШ долларига тенг 39 та ҳужжат имзоланди. 

Форумнинг иккинчи кунида иштирокчилар "Ахсикент" (Ахсикат) тарихий мажмуасида ҳам бўлди.

Маълумот учун, "Ахсикент" қадим Фарғона водийсининг маданий маркази, шоҳ саройи жойлашган қалъа-шаҳар ҳисобланган. Бу ерда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг падари Умаршайх Мирзо ҳам яшаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

31

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг