Наманган шаҳрида “Рақамли технологиялар маркази” ташкил этилди
Жамият
−
09 Март 2019
7653Ўзбекистонда илғор ахборот коммуникация технологиялари жадал ривожланиши баробарида мазкур соҳа мутахассисларига бўлган талаб ва эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда.
Ўзбекистон президенти жорий йилнинг 28 февраль – 1 март кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида берган топшириғи асосида, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида шундай марказлар ташкил қилиш концепцияси ишлаб чиқилди. Бу ҳақида ЎзА хабар тарқатмоқда.
“Ўзбектелеком” АКнинг Наманган шаҳар телекоммуникация боғламаси маъмурий биносида республикада биринчи бўлиб ташкил этилган “Рақамли технологиялар маркази” бу борадаги дастлабки амалий қадамлардан бўлди.
“Рақамли технологиялар маркази”ни ташкил этишдан бир қатор истиқболли мақсадлар кўзда тутилган, – деди ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари О.Умаров. – Жумладан, ёшларга ахборот технологиялари ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик асосларини ўргатишди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли учун ахборот технологиялари бўйича тайёрлов курсларини ташкил этиш, ахборот ва компьютер технологиялари соҳасида давлат органлари ходимларининг малакасини ошириш, компьютер технологиялари, дастурлаш, робототехника ва киберспорт асосларини ўргатиш каби масалаларга эътибор қаратиш кўзда тутилган”.
Марказда компьютер синфлари, музокаралар ўтказиш хонаси, видеоконференцалоқа студияси ҳамда марказ маъмурияти учун мўлжалланган хоналар билан таъминланди. Йигирмадан зиёд компьютер жамланмалари билан жиҳозланган ўқув хоналарида жорий йилнинг ўзида минг нафардан зиёд ёшлар бепул ўқитилади.
Ўқув марказида IT–тадбиркорликни ва стартап лойиҳаларини ишлаб чиқишдан бошлаб то уни тижоратлаштириш босқичигача бўлган жараёнлар қўллаб-қувватланади. Бундан ташқари, марказда қўшимча равишда ҳокимликлар, давлат ва хўжалик органлари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳоли учун ахборот технологиялари йўналишида кундузги ва кечки курсларни ташкил этиш режалаштирилган.
“Рақамли технологиялар маркази”нинг очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари вакиллари, соҳа мутахассислари иштирок этди.
LiveБарчаси