Наҳаён ва Мактум Мирзиёевга салом йўллади

Жамият

image

Бугун, 9 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликларининг Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва уни янги амалий мазмун билан бойитишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Вазир Муҳаммад ал-Гаргавий Шавкат Мирзиёевга Амирликлар Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён ва БАА Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад Ол Мактумнинг саломи ҳамда энг эзгу тилакларини етказди.

Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳот ва янгиланишлар дастурини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани, унинг самарали рўёбга чиқарилишида зарур кўмакни кўрсатишга тайёрлиги таъкидланди.

Музокаралар чоғида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш борасидаги, “Бир миллион дастурчи” дастури ва Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар акселератори фаолияти доирасидаги ҳамкорликнинг амалий натижалари катта мамнуният билан қайд этилди.

Инновациялар ва сунъий интеллект соҳаларида ҳамкорлик қилиш, муҳим тармоқларни ислоҳ қилиш, давлат бошқарувини янада такомиллаштириш ва замонавий кадрларни тайёрлаш юзасидан мулоқотни кенгайтириш узоқ муддатли шерикликнинг янги йўналишлари сифатида белгиланди.

Қабул қилинган қарорлар ва учрашувда илгари сурилган ташаббусларни тўлиқ амалга ошириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.

Маълумот учун, кейинги йилларда Ўзбекистон-БАА муносабатлари жадал ривожланиб бораётганини қайд этиш жоиз. Товар айирбошлаш кўрсаткичлари ва инвестициялар ҳажми ўсмоқда. Жумладан, жорий йил бошидан ўзаро савдо икки баробарга кўпайди, Ўзбекистонда 45 та янги қўшма корхона ташкил этилди.

Иқтисодий ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва илгари суриш бўйича таъсирчан тизим асосида Амирликларнинг етакчи компания ва ташкилотлари иштирокида инвестициялар ҳажми қарийб 3 миллиард доллар бўлган 17 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент БАА Мирзиёев Наҳаён

Баҳолаганлар

62

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг