“Муҳташам юз йил” сериали қаҳрамонларидан бири 16 йилга қамалди
Олам
−
07 Февраль 2020
22453Туркиянинг “Муҳташам юз йил” телесериалидаги роли билан кўпчиликка таниш актёр Аднан Кочга 16 йилу 8 ой қамоқ жазоси тайинланди. Унга нисбатан полицияга қуролли қаршилик кўрсатиш, гаровга олиш ва ўқотар қуролни ноқонуний сақлаш айблари қўйилган. Бу ҳақда “Cumhuriyet” нашри хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, Aднан, унинг укаси ва яна уч киши 2018 йилнинг март ойида Истанбулда гиёҳвандликка қарши ўтказилган операция вақтида қўлга олинган. Гиёҳванд моддалар сотувчиси Синан Бозбурун гиёҳванд жиноятчиликка қарши курашиш департаменти билан келишга ҳолда Аташеҳирдаги кафелардан бирига келади. У бу ерда актёр билан учрашиши керак эди.
У мижозига берган сумкада 2 грамм кокаин ва 0,4 грамм метамфетамин гиёҳвандлик моддалари бўлган. Қўлга олиш жараёнида актёр жиноят изларини йўқ қилишга уринган. Шу билан бирга полиция ходимлари билан жанжаллашган ва отишма уюштирган. Оқибатда олти нафар полициячи жароҳат олган. Жиноий иш иштирокчиларининг барчаси 4 йилдан 17 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Aйбланувчиларнинг адвокати тақдим этган маълумотларга кўра, ҳодиса учун масъулларнинг ўзи айбдор. Чунки ушбу воқеа сабаб улар аёвсиз калтакланиб, айримларининг оёқ-қўллари синдирилган. Суд адвокатнинг сўзларига қулоқ солмаган. Таъкидланишича, актёр бу каби машмашаларга биринчи марта йўлиқаётгани йўқ. Авваллари ҳам шунга ўхшаш жанжалли ҳолатлар турмуш тарзининг ажралмас қисмига айланган. Суд буни инобатга олганини алоҳида таъкидлаган.
Аднан Коч кўплаб турк сериалларида роль ижро этган. Жумладан, унинг “Муҳташам юз йил” сериалидаги Баҳром пошшо образини талқинлаштириб бериши, кўпчилик эътирофига сабаб бўлган.
LiveБарчаси