Мирзиёев янги очилган заргарлик корхонасига борди
Жамият
−
15 Январь 2021
10615Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 15 январь куни Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари, корхоналар фаолияти билан танишмоқда. Президент янги очилган заргарлик корхонасига борди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 8 май куни ўтказилган йиғилишда заргарликни чинакам саноат даражасига олиб чиқиш вазифасини қўйган эди. Кўп ўтмай, ўша йили 18 майда давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган. Унга мувофиқ, соҳага чет эл инвестицияларини фаол жалб этиш, рақобатбардош ва сифатли заргарлик буюмларини тайёрлашда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитлар яратилган.
“Яқинда пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ишга туширилган “Gold Moon Tashkent” масъулияти чекланган жамият ана шу имкониятлар натижаларидан бири”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, қиймати қарийб 21 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа доирасида йилига 6 тонна заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш қуввати ташкил этилган. Италия, Германия ва Туркиядан замонавий асбоб-ускуналар келтириб ўрнатилган. Ишга 400 дан ортиқ моҳир заргар жалб қилинган. Италиялик дизайнер ва техник ходимлар уларга ўз маҳорат ва тажрибаларини ўргатмоқда.
Хабарга кўра, собиқ “ФОНОН” илмий-ишлаб чиқариш корхонаси негизида очилган ушбу ширкат маҳсулотлари замонавийлиги, сифати ва нафислиги билан ажралиб туради. Бугунги кунда уларнинг харидори кўпайиб, импорт ўрнини босмоқда. Шунингдек, завод биносида савдо дўкони ташкил этилган. Маҳсулотларнинг 15 фоизини Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон ва бошқа давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.
“Заргарлик халқимизда азалдан бўлган, бугун ҳам бор. Бизнинг мақсадимиз – ёшларни замонавий технологиялар ва дизайнга ўргатиб, камида 10 минг нафар йигит-қизни иш билан таъминлаш, Ўзбекистон миллий брендини жаҳон бозорига чиқариш. Юртимизда хомашё, қўли гул ҳунармандлар бор. Бу соҳа миллий анъаналарни тиклаш, ўзлигимизни англаш нуқтаи назаридан ҳам катта пойдевор”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Корхона хомашёни Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноати комбинатларидан биржа савдолари орқали олади. Бу маҳаллий ҳунармандлар учун ҳам қулайлик яратади. Завод уларга ярим тайёр маҳсулотлар етказиб беради.
LiveБарчаси