Мирзиёев Тошкентдаги қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди

Жамият

image

Бугун, 23 август куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Таълим, соғлиқни сақлаш, хизмат кўрсатиш, савдо, саноат каби кўплаб соҳаларда амалга оширилаётган ушбу бунёдкорлик ишлари замон талабидан келиб чиқиб бошланган, давлат раҳбари уларнинг аксариятини бориб кўрган.

Хусусан, Президент ўтган йили 16 октябрь куни Давлат хавфсизлик хизмати академияси ва Темурбеклар мактабининг қурилишини кўздан кечирган эди. Бугунга келиб, у қуриб битказилган. Академиянинг мавжуд бинолари реконструкция қилинган. Мактаб учун ўқув корпуси, жисмоний-ҳарбий машғулотлар майдони, стадион, автодром, ётоқхона, ошхона барпо этилган.

Давлат раҳбари 2020 йил 31 январь куни Геология фанлари университети қурилишига тамал тоши қўйган эди. Шундан буён бу ерда жуда катта ҳажмдаги ишлар бажарилди. 6 та кўп қаватли иморат барпо этилиб, 4 таси реконструкция қилинди. Айни пайтда бунёдкорлик ишлари якунланиш арафасида. Бу ерда университет билан бирга соҳага тааллуқли илмий институтлар жойлаштирилади, Геология музейи, кутубхона, ётоқхона ва бошқа бинолар бўлади.

Юнусобод туманида Тошкент Архитектура-қурилиш институти учун янги бино қурилмоқда. 5 қаватли иккита ўқув мажмуаси, 8 қаватли маъмурий бино ва 4 қаватли ётоқхона қад кўтармоқда. Уларни шу йил октябрда фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Шунингдек, лойиҳанинг иккинчи босқичида институт ўқитувчилари, илмий-тадқиқот маркази мутахассислари ва уларнинг оилалари учун ижтимоий объектлар барпо этилади.

Таълим соҳасидаги улкан лойиҳалардан бири бу “Янги Ўзбекистон” университети. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23 июндаги қарорига мувофиқ ташкил этилган мазкур таълим маскани жорий ўқув йилининг ўзидаёқ илк талабаларни қабул қилди. Шу боис, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг айрим бинолари ажратилиб, замонавий таъмирланди.

Келгусида “Янги Ўзбекистон” университети учун замонавий ўқув кампуси бунёд этилади. Бу борада халқаро стандартлар асосида лойиҳа ишлаб чиқилиб, дастлабки ишлар бошлаб юборилган.

Президент 2019 йилда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабга ташрифи чоғида ушбу мактаб ёнида IT-парк филиалини ташкил этиш, унга ёшларни жалб қилиб, тажриба ошириши учун кенг шароитлар яратиш бўйича кўрсатма берган эди.

Ҳозирда ушбу бино қуриб битказилиб, замонавий жиҳозланмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида кардиожарроҳлик, трансплантология ва нейро-қон-томир жарроҳлиги бўлимлари учун янги бино қурилмоқда. Бунинг натижасида мазкур мураккаб амалиётлар учун замонавий шароит яратилади, йилига қўшимча 3 минг беморга юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатилади. Ушбу янги мажмуа қурилиши шу йил сентябрда якунланади.

Мудофаа вазирлигининг аввалги клиник госпитали ўтган асрнинг қирқинчи йилларида қурилган, эскича тартибда ишлаб келаётган эди. Давлат раҳбари 2018 йилда у ерга бориб, шифохонани реконструкция қилиш ва замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, бошқарувда замонавий менежментни жорий этиш бўйича топшириқлар берган эди. Шу асосида катта ҳажмдаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Марказий ҳарбий клиник госпитал шу йил декабрдан янгиланган бинода фаолият бошлайди.

“Хавфсиз шаҳар” бошқарув ситуацион маркази, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, саноат корхоналари, йўл ва кўприклар қурилишининг бориши бўйича ҳам маълумот берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг