Мирзиёев ШҲТ Бош котибини қабул қилди
Жамият
−
16 Май 2022
5425Бугун, 16 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда ташриф билан бўлиб турган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Чжан Минни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ШҲТ доирасида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва минтақавий шерикликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистоннинг Ташкилотга раислиги давридаги асосий тадбирларга тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилган.
“Жорий йил учун режалаштирилган учрашув ва йиғилишларнинг ярми муваффақиятли ўтказиб бўлингани мамнуният билан қайд этилди. Самарқанд шаҳрида бўлажак ШҲТ саммити ҳужжатларини келишиш борасида фаол иш олиб борилмоқда. Барқарорлик ва хавфсизлик учун хавф туғдираётган хатар ва таҳдидларга қарши курашишда Ташкилот салоҳиятини кучайтириш, “Шанхай руҳи” принциплари асосида кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш зарурлиги таъкидланди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, транспорт соҳасида ўзаро боғлиқлик, “яшил” энергетика, инновациялар, рақамли иқтисодиёт, саноат кооперацияси борасидаги қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган.
Пандемиядан кейинги даврда фаол маданий-гуманитар алоқалар ва туризм алмашинувини қайта тиклаш лозимлиги ҳақида якдил фикр билдирилган.
“Учрашувда халқаро кун тартибининг долзарб муаммоларига ҳам тўхталиб ўтилди. Афғонистон масаласида ШҲТ ролини ошириш ҳамда ушбу мамлакатни инфрутазилмавий ривожланиш бўйича минтақавий дастурларга фаол жалб қилиш зарурлиги қайд этилди”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси