Мирзиёев Саудия Арабистони делегацияси билан йирик келишувларга эришди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 январь куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги инвестициялар вазири Ҳолид ал-Фалиҳ бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашувда Ўзбекистон-Саудия кўп қиррали муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Давлат раҳбари кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этган.

Президент Матбуот хизматига кўра, пандемияга қарамай, икки мамлакат давлат органлари ва ишбилармонлик доиралари даражасида фаол мулоқот олиб борилмоқда. Инвестициялар вазири делегацияси таркибида Саудия Арабистонининг 30 га яқин етакчи компаниялари раҳбарлари Ўзбекистонга ташриф буюргани ҳам шундан далолат беради.

Инвестициялар вазири Ҳолид ал-Фалиҳ Ўзбекистон Республикаси Президентига самимий қабул учун миннатдорлик билдирган, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон Ол Сауд ва валиаҳд Муҳаммад Ол Сауднинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.

Вазир Саудия компанияларининг инвестиция лойиҳалари қўллаб-қувватланаётгани ва уларнинг Ўзбекистонда самарали фаолият юритиши учун яратилган қулай шароитлар учун самимий миннатдорлик билдирган.

Делегация ташрифи арафасида Бухоро шаҳрида қўшма бизнес-форум муваффақиятли ўтказилиб, Ишбилармонлик кенгашини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган, йирик кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланган.

Кеча, Сирдарё вилоятида “ACWA Power” корпорацияси иштирокида қуввати 1200 мегаватт бўлган замонавий иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳасига старт берилди. Бундан ташқари, ушбу компания томонидан Бухоро ва Навоий вилоятларида умумий қиймати 1000 мегаваттли шамол электр станциялари барпо этилади.

“Умуман, мамлакатимизда Саудия инвестициялари иштирокидаги қўшма корхона ва лойиҳалар сони кейинги йилларда бир неча баробарга кўпайди”, дейилади хабарда.

Музокаралар чоғида амалий ҳамкорликнинг аниқ лойиҳалари муҳокама қилинган.

Энергетика, нефть-газ, газ-кимё ва кимё, саноат, қишлоқ хўжалиги тармоқларида, соғлиқни сақлаш, фармацевтика соҳалари ва бошқа йўналишларда, шу жумладан давлат-хусусий шериклик принципларини жорий қилиш асосида янги лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилган.

Қўшма дастур ва лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш воситаларини ривожлантириш, жумладан, Ўзбекистонда инвестиция компаниялари ва микромолиявий ташкилотларни тузиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Ушбу ташаббусларни ўрганиш ва илгари суриш мақсадида “йўл харитаси”ни қабул қилиб, амалга ошириш, ҳукуматлараро комиссия фаолиятини қайта тиклаш, устувор лойиҳалар бўйича ишчи гуруҳларни шакллантиришга келишиб олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

202

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг