Мирзиёев Раисий билан Эрон портидан фойдаланишни муҳокама қилди
Жамият
−
14 Сентябрь 2022
4585Аввал хабар берганимиздек, бугун, 14 сентябрь куни Самарқанддаги Конгресс марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисийнинг учрашуви бўлиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев Эрон Президентининг ушбу ташрифини тарихий дея баҳолади ҳамда икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан қутлади.
Кейинги йилларда Ўзбекистон – Эрон муносабатлари янги суръат билан ривожланиб бораётгани мамнуният билан таъкидланди.
Музокараларда Президентлар икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Савдо ва транспорт соҳаларидаги шерикликка, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар кейинги йилларда ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаоллашганини қайд этдилар. Савдо кўрсаткичлари ва кооперация лойиҳалари сони ошиб бормоқда. Ўтган йилда товар айирбошлаш 73 фоизга, жорий йил бошидан эса яна 15 фоизга ошди.
Жорий йилда Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши, бизнес ва фан-инновация форумлари ўтказилди, Қўшма инвестиция қўмитаси таъсис этилди.
Икки томонлама савдони янада кўпайтириш, яқин истиқболда товар айирбошлашни 1 миллиард долларга етказиш учун кенг имкониятлар борлиги қайд этилди.
Шу мақсадда тегишли “йўл харита”си ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, имтиёзли савдо тўғрисида битим имзолаш кўзда тутилган.
Қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, нефть-газ, қурилиш материаллари ва металл маҳсулотлар ишлаб чиқариш тармоқларида, фан ва инновациялар соҳасида бошланган ва ишлаб чиқилаётган кооперация лойиҳалари қайд этилди. Қўшма саноат кластерларини яратиш орқали ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. “Ўзбекистон – Туркманистон - Эрон” йўли орқали автотранспортда юк ташишни йўлга қўйиш, “Чобаҳор” порти салоҳиятидан самарали фойдаланиш, юклар олиб кирилиши ва транзити шароитларини енгиллаштириш бу борадаги имкониятларнинг кенгайишига хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги иқтисодий, туризм ва маданий алоқаларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Афғонистон мавзуси юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Иброҳим Раисий Ўзбекистон Президентини ўзи учун қулай вақтда жавоб ташрифи билан Эронга боришга таклиф этди.
LiveБарчаси