Мирзиёев Олимпия шаҳарчаси лойиҳаси билан танишди
Жамият
−
07 Апрель 2022
7916Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 6 апрель куни қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Янги Ўзбекистон кўчаси пойтахтнинг муҳим йўлларидан бирига айланиб бормоқда. Охирги йилларда у ерда янги боғ, кўприк, университет барпо этилди. Энди бу кўча бўйида 610 гектар майдонда уй-жойлар, меҳмонхоналар, кинотеатр, ресторанлардан иборат замонавий мажмуалар қуриш режалаштирилган.
Давлат раҳбари аввало мазкур лойиҳа макетини кўздан кечирди.
Лойиҳага асосан, бинолар тўрт қаватли, тўрт хил дизайнда бўлади. Биринчи қаватда савдо ва хизмат кўрсатиш муассасалари фаолият юритади. Юқори қаватларда хонадонлар ёки меҳмонхоналар бўлади. Кўча бўйида пиёда ва велосипед йўлаклари, ерости ва ерусти йўллари барпо этилади.
Президент лойиҳани маъқуллаб, уйларни энергиятежамкор қилиб қуриш, иссиқ ва совуқда мўътадил бўлишини таъминлаш бўйича тавсиялар берди. Иш ўринларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
“Энг муҳими - халқимизга муносиб яшаш шароити ва иш ўринлари яратиш”, деган Президент.
Ҳисоб-китобларга кўра, биноларда 1 миллион 700 минг квадрат метр савдо ва хизмат кўрсатиш майдони бўлади. Бунинг негизида 14 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этилади.
Шунингдек, ушбу кўчада жойлашган “Тошкент-Шарқий” аэропорти инфратузилмасини ривожлантириш, йўловчилар учун замонавий шароитлар яратиш чоралари ҳам белгиланди.
30 январь куни ўтказилган тақдимотда маҳалла марказлари барпо этиш лойиҳаси кўриб чиқилган эди. Бу гал Президент кўрсатмалари асосида қайта ишланган лойиҳа тақдимот қилинди.
Унга кўра, бундай марказларда стадион, ўйин майдончалари, кутубхона, компьютерхона, ошхона, ҳаммом ва бошқалар бўлади.
Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги таклифи асосида ушбу марказлар жойини аниқлаш вазифаси қўйилди.
“Ёшлар ўрганган, инфратузилма борган жойларни танлаш керак. Маҳалла идорасини ҳам шу ерга жойлаштириш мумкин. Шунда бу жойлар маданият ва маърифат ўчоғи бўлади. Бу марказларда миллий ўзлигимиз намоён бўлиши керак”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Маълумки, 2025 йилда Тошкент шаҳрида Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари ўтказилиши режалаштирилган. Бу нуфузли мусобақа учун пойтахтнинг Яшнобод туманида Олимпия шаҳарчаси қурилиши лойиҳалаштирилган.
Лойиҳага кўра, шаҳарча марказида олимпия стадиони, унинг икки ёнида ёпиқ спорт мажмуалари, сув спорти саройи, машғулот майдончалари, эшкак эшиш ҳавзаси барпо этилади. Маъмурий бино, ётоқхона, музей ва хўжалик объектлари ҳам қурилади.
Тақдимотда Олимпия шаҳарчаси объектлари қийматини оптималлаштириш чоралари ҳақида маълумот берилди. Мутахассислар билан муҳокама асосида, мазкур шаҳарча лойиҳаси тасдиқланди. Уни сифатли қилиб қуриш зарурлиги таъкидланди.
“Бу мажмуа халқимизга, ёшларимизга мулк бўлиб қолади. Шунинг учун биринчи ўринда сифат”, дейди Президент.
Тошкент шаҳрида хизматлар соҳасини ривожлантириш, жумладан, ерусти метроси остидаги бўш ер майдонларида янги хизмат кўрсатиш ва савдо нуқталарини ташкил этишга қаратилган лойиҳалар кўриб чиқилди.
Тақдимотда Самарқанд туризм марказида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида ҳам ахборот берилди.
LiveБарчаси