Мирзиёев Корея билан ҳамкорликнинг асосий учта йўналишини айтди
Жамият
−
17 Декабрь 2021
7818Бугун, 17 декабрь куни Корея Республикаси Президентининг Сеул шаҳридаги “Чонг Ва Дэ” қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Олий мартабали меҳмон ва унинг рафиқаси шарафига фахрий қоровул саф тортди. Икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради. Тантанали маросимда Тонгги софлик мамлакатининг қадимий тарихи ва ёрқин замонавийлиги ўз аксини топди.
Сўнг давлат раҳбарлари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказдилар.
Корея Республикаси Президенти олий мартабали меҳмонни қутлар экан, Сеул Тошкент билан ҳамкорликни барча йўналишларда янада ривожлантиришга катта аҳамият қаратаётганини таъкидлади.
"Ҳурматли Шавкат Мирзиёев жанобларини, менинг қадрли биродаримни қутлайман. Сеулга хуш келибсиз. Шу йил январь ойидаги учрашувимизни яхши эслайман. Ўша мулоқотимиз жорий йилнинг биринчи олий даражадаги учрашувим бўлди. Бугун эса Сиз билан йил якунида юзма-юз кўришиб турибмиз. Менинг дипломатик тадбирларим айнан Сиз билан бошланиб, якунига етаётганидан айниқса мамнунман. Корея ва Ўзбекистон алоҳида стратегик шериклик муносабатлари билан боғланган ҳамкорлардир. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан қишлоқ хўжалиги ускуналари ва электр техникаси ишлаб чиқариш, энерготехника тармоғи ва энергетика, саноат корхоналарини барпо этиш каби соҳаларда турли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Сизнинг ташрифингиз доирасида қатор муҳим ҳужжатларга имзо чекилади. Биз Ўзбекистон билан елкама-елка туриб, глобал иқлим ўзгаришларига қарши туришга, “ақлли” шаҳарлар, смарт-фермалар, АКТ ва электрик автомобиллар ишлаб чиқариш каби истиқболли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрмиз. Келаётган йилда биз дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаймиз. Умид қиламанки, янги йилда биз биргаликда фаровонликнинг янги саҳифасини очамиз", дейди Корея Президенти Мун Чжэ Ин.
Президент Шавкат Мирзиёев таклиф учун миннатдорлик билдириб, очиқлик ва ўзаро ишонч икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ривожи учун мустаҳкам пойдевор бўлиб келаётганини таъкидлади.
"Учрашиб турганимиздан жуда мамнунман. Давлат ташрифи билан гўзал Кореяга келишга таклиф қилганингиз ва ҳар доимгидек илиқ меҳмондўстлик учун миннатдорман. Ҳозир об-ҳаво совуқ, лекин кореялик биродарларимизнинг қалби қайноқ. Биз мамлакатингиз ва корейс халқига алоҳида бир самимият билан қараймиз. Менталитетимиз, анъана ва маъанавий қадриятларимиз ўхшаш. Сизнинг “Янги сиёсат”ингиз юқори технологиялар, рақамлаштириш, инновацион ва “яшил” тараққиёт соҳаларида юртингиз етакчилигини мустаҳкамлаш, истеъдодли корейс халқининг улкан интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилди", дейди Ўзбекистон Президенти.
Мана 15 йилдирки, икки мамлакат стратегик шерикдир. Шавкат Мирзиёев ва Мун Чжэ Иннинг дўстлиги ва сиёсий иродаси эса Ўзбекистон-Корея ҳамкорлигига янги суръат бағишлашга кучли рағбат бўлди.
Давлат раҳбарлари тўртинчи бор учрашмоқда. 2017 йил октябрь ойида Шавкат Мирзиёев Корея Республикасида давлат ташрифи билан бўлди. 2019 йил апрель ойида Президент Мун Чжэ Иннинг Ўзбекистонга жавоб ташрифи бўлиб ўтди, унинг доирасида Алоҳида стратегик шериклик тўғрисида қўшма декларация қабул қилинди. 2021 йил январь ойидаги онлайн саммитда эса етакчилар ўзаро алоқаларни янада фаоллаштириш бўйича қатор янги ва долзарб ташаббусларни илгари сурдилар.
Кореяга бу галги ташриф фаол мулоқотнинг мантиқий давоми бўлди.
Ўзбекистон етакчиси узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган амалий шерикликнинг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқишни даврни ўзи тақозо қилаётганини алоҳида таъкидлади. Икки мамлакат ҳамкорлиги глобал иқтисодиётнинг бугунги таҳдидларига тўлиқ жавоб бериши керак.
Корея Республикаси Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан. Кейинги йилларда товар айирбошлаш ва қўшма корхоналар сони қарийб икки баробар ортди. Пандемия оқибатларига қарамай, кўп қиррали муносабатлар изчил ривожланиб бормоқда.
Ўзбекистон ва Корея Эркин савдо тўғрисидаги битимни тузиш масаласида анча илгарилади. Учрашувда ушбу ҳужжатнинг келгуси йилда имзоланиши туфайли товар айирбошлаш кўрсаткичларини ошириш ва мувозанатга келтириш имконияти пайдо бўлишига ишонч билдирилди.
Кореянинг Ўзбекистонга инвестициялари ҳажми 7 миллиард доллардан ошган. Жорий йилда 320 миллион доллар, яъни 2020 йилга нисбатан 20 фоиз кўп ўзлаштирилди. Бу маблағлар ҳисобига кимё, нефть-кимё, тўқимачилик, қурилиш, қишлоқ хўжалигида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Корея Эксимбанки ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик фонди (EDCF) билан кўп йиллик самарали ҳамкорлик алоҳида диққатга сазовор. Масалан, ушбу жамғарма доирасидаги молиялаштириш ҳажми 1 миллиард долларга етказилди. 2023 йилга қадар Ўзбекистонда янги лойиҳаларни амалга оширишга салмоқли маблағ йўналтирилмоқда.
Кореянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан сермаҳсул шериклик ҳам кенгаймоқда.
Ўзбекистон Президенти яқин даврга мўлжалланган ҳамкорликда учта асосий йўналиш: “яшил” тараққиёт, рақамлаштириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш масалалари кун тартибида турганини таъкидлади. Истиқболдаги барча қўшма лойиҳалар, дастур ва ҳаракатлар режаларини шу асосий устуворликлардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг инсон капитали ва табиий ресурслари Корея Республикасининг истиқболли технологиялари ва билимлари билан бирлашса, жаҳон бозорида талаб юқори бўлган маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун яхши замин яратиш мумкинлигини алоҳида таъкидлади. Шу муносабат билан давлат раҳбари Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш фондини (EDPF) жалб қилган ҳолда Тошкент вилоятида яримўтказгич ва электроника ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон-Корея кластерини ташкил этиш таклифини билдирди. Унинг ҳудудида фан-таълим муассасалари, илғор технологиялар соҳасидаги тадқиқот ва ишланмалар марказларини жойлаштириш мумкин бўлади.
Томонлар қайд этганидек, мамлакатда биргаликда ташкил этилган Тўқимачилик технопарки ва Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги маркази фаолиятини ҳар томонлама рағбатлантириш ва ривожлантириш давом эттирилади.
Ўзбекистон Кореянинг рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, “ақлли шаҳарлар”, аутсорсинг, алоқанинг янги авлоди ва интернет-технологиялар борасидаги ютуқларидан ўз амалиётида фойдаланишдан манфаатдор.
Икки мамлакат соғлиқни сақлаш, мактабгача ва олий таълим соҳаларида жиддий ҳамкорлик қилмоқда. Тиббиётда амалга оширилган илк йирик қўшма лойиҳа натижасида ўтган йилдан буён Тошкент шаҳрида Болалар кўп тармоқли клиникаси фаолият юритмоқда.
Корея таълим модели дунёдаги энг намунали тажрибалардан биридир. Айнан шу боис Ўзбекистон мактабгача таълим тизими Кореядаги ҳамкорларнинг илғор тажрибаси ва билимлари асосида тўлиқ ислоҳ қилинди.
Ўзбекистон Президенти университетлар ўртасидаги инновацион ҳамкорликни ривожлантириш муҳим эканини таъкидлаб, уларнинг мунтазам мулоқоти учун доимий майдон яратиш, келгуси йилда икки мамлакат олий таълим муассасалари ректорлари форумини ўтказишни таклиф қилди.
Музокаралар чоғида пандемиядан кейинги даврда туризм соҳаси иқтисодий ўсиш локомотивларидан бўлиши мумкинлиги таъкидланди. Ўзбекистон Корея компанияларининг меҳмонхоналар ва инфратузилма объектлари қурилиши билан боғлиқ лойиҳалардаги иштирокини қўллаб-қувватлашга тайёр.
Келгуси йилда расмий Тошкент ва Сеул дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва корейс диаспораси Ўзбекистонда истиқомат қилишининг 85 йиллигини нишонлайдилар.
Давлат раҳбари 2022 йилни “Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ўзаро алмашинувлар йили” деб эълон қилишни, Тошкентда Корейслар тарихи музейи ҳамда Корейс маданият ва санъат уйи қошида кутубхона ташкил этишни таклиф этди.
Шунингдек, глобал ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон ва Кореянинг кўплаб масалалар юзасидан қарашлари ўхшашдир. Стратегик шериклар халқаро майдонда бир-бирига кўмаклашмоқда. Корея Республикаси Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланишини, шунингдек, 2023 йилда Жаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеяси 25-сессиясини ўтказиш жойи сифатида Самарқанд номзодини қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон, ўз навбатида, Кореянинг 2024-2025 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгаши муваққат аъзоси бўлиш ниятини қўллаб-қувватлайди.
Президент Шавкат Мирзиёев “Корея Республикаси – Марказий Осиё” форумининг минтақа барқарор тараққиётига кўмаклашишдаги ўрни кучайиб бораётганини юқори баҳолади.
Ўзбекистон етакчиси ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳа ва дастурларини илгари суриш мақсадида парламентлар ва ҳукуматлар даражасидаги мулоқотнинг янги самарали механизмларини жорий қилишни таклиф этди.
Ўзбекистон Президентининг давлат ташрифи, унинг доирасида қабул қилинган қарорлар ва эришилган келишувларнинг аҳамиятига кўра, алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада юқори даражага олиб чиқиш учун мустаҳкам пойдевор яратувчи тарихий воқеа бўлди.
LiveБарчаси