Мирзиёев ХХР делегациясини қабул қилди
Жамият
−
01 Апрель
3538Президент Шавкат Мирзиёев 1 апрель куни жорий йилнинг январь ойида ўтган олий даражадаги учрашувдаги келишувлар доирасида мамлакатимизга келган Хитой Халқ Республикаси (ХХР) Давлат кенгаши аъзоси, жамоат хавфсизлиги вазири Ван Сяохун бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон етакчисига кўрсатилаётган меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик билдириб, ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
Учрашувда хавфсизликка нисбатан замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашишда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш масалалари кўриб чиқилган.
Мирзиёев Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги дўстлик ва барча шароитларда стратегик шериклик муносабатлари бугун юксак даражага кўтарилганини алоҳида мамнуният билан таъкидлаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида самарали идоралараро ҳамкорлик учун мавжуд салоҳият ва имкониятлар қайд этилган.
Устувор йўналишлар сифатида жамоат хавфсизлигининг асосий йўналишлари бўйича тажриба алмашиш ва қўшма тадбирлар ўтказиш, замонавий ахборот технологиялари ва инновацион усулларни жорий қилиш, кибержиноятчиликка қарши курашиш, малакали мутахассисларни тайёрлаш ва бошқалар кўрсатиб ўтилган.
Минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган.
LiveБарчаси